Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Human» бандлик агентлигига қарши жиноий иш қўзғатилди

«Human» бандлик агентлигига қарши жиноий иш қўзғатилди

16 сентябрь куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИО ФМБ жамоавий ариза келиб тушди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, жами 52 кишидан ташкил топган ва республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар маълум қилишларича, улар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган «Human» бандлик агентлиги» МЧЖ билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишган. Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Шу тарзда «Human» бандлик агентлиги МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачилардан умумий миқдорда 1 670 500 000 сўм келиб тушган.

Бироқ аризачилардан ҳеч бири чет элда ишга жойлаштирилмаган. МЧЖ жабрланувчиларга пулларни қайтариб бермаганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг расмий сайтида хабар берган эди.

Тергов-олди ҳаракатлари Яккасарой тумани ИИО ФМБ ва прокуратураси томонидан ҳамкорликда олиб борилди. Натижада Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирги вақтда айбланувчи сифатида ушбу МЧЖ директори 29 ёшли Шохнур Ф. жалб қилинди.

Юқоридаги аризачилардан ташқари, ҳозирги вақтда республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам аризачилар мурожаат қилишмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг