Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳокимларнинг янги маслаҳатчилари бўлади

Ҳокимларнинг янги маслаҳатчилари бўлади

Фото: «Xabar.uz»

«Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори (ПҚ–4755-сон, 19.06.2020 й.) қабул қилингани хабар қилинганди.

Қарорга мувофиқ, туристлар учун «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими жорий этилади.

Туроператорлар томонидан хорижий туристларга хизмат кўрсатиш карантин даврида фақат ушбу тизимнинг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил қилинади.

Хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда тизим мажбурий тартибда жорий этилади.

Қарорга кўра:

  • Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (COVID-19) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўловларини тўлаб бериш механизмларини жорий қилган ҳолда Хавфсиз туризм жамғармаси ташкил этилади.
  • Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
  • 2020 йилда ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан камида 10 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, қарор билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бир қатор қўшимча вазифалар юкланди. Қўмита, жумладан, сув омборлари ва ўрмон хўжаликларида туризм турларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳукумат қарорлари ижросини мониторинг қилади.

Қарор билан қуйидаги лавозимлар жорий этилди:

  • Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси;
  • Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳокимнинг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ўрнига тегишлича туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг