Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳоким ўринбосари мактаб директорларига тазйиқ ўтказиб, ободонлаштиришда ишлатди

Ҳоким ўринбосари мактаб директорларига тазйиқ ўтказиб, ободонлаштиришда ишлатди

Фото: Меҳнат вазирлиги

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 28 та ҳолатда мажбурий меҳнат жалб этиш аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси биринчи қисмига асосан маъмурий жарималар қўлланилди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги хабар бермоқда.

Ушбу мажбурий меҳнат ҳолатларида асосан мансабдор шахслар томонидан ходимларини ўзларининг хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга мажбуран жалб этилганлиги аниқланди.

Масалан, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳоким ўринбосари 2020 йил 6-7 май кунлари туман умумтаълим мактаблари директорларига тазйиқ ўтказиб, туман марказидаги «Ёшлар майдони»га директорлар ва уларнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларини ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилинган.

Самарқанд вилояти Нарпай туман Халқ таълими бўлими мудири эса 2020 йил 22 май куни тумандаги 1, 10, 12, 22-умумий ўрта таълим мактабларида мактаб директорларига мактаб ҳожатхоналарини ходимларга таъмирлашни буюрган.

Фарғона шаҳридаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 18-цех бошлиғи ўринбосари цех ходимини ўзининг яшаш уйида ишлаш учун мажбуран жалб қилган.

Андижон вилояти Асака туманидаги 30-сонли мактабгача таълим муассасаси раҳбари ходимларини хизмат вазифасига кирмайдиган ишни, яъни хонани тозалаш ва ўтинларни ташишни мажбуран бажартирган.

2020 йил 21 апрель куни Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 34-умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан мактаб ўқитувчиларини аҳоли томорқаларига экин ва кўчатлар экиши лозимлиги ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб боришга мажбуран жалб этилган.

Сурхондарё вилояти Ангор туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона мажмуаси мудири ҳафтанинг ҳар пайшанба куни навбатчилиги бўлмаган ходимларни чақириб олиб тиббиёт бирлашмаси ҳудудини тозалатган.

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида жойлашган Туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари 2020 йил 24-25 январь кунлари коллеж ўқувчиларини ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган Тошкент давлат аграр университети филиали кадрлар бўлими ва хўжалик бўлими бошлиқлари 2020 йил 11 март куни университет ходимларини қурилиш ва ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилган.

Тошкент шаҳридаги Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ректори «Бунёдкор» ёшлар меҳнат отряди талабаларини мажбурий меҳнатга жалб қилган.

Юқоридаги ҳолатлар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, мансабдорларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг