Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳайдовчининг ҳоким маслаҳатчиси этиб тайинланишига расмий изоҳ берилди

Ҳайдовчининг ҳоким маслаҳатчиси этиб тайинланишига расмий изоҳ берилди

Фото: Xabar.uz

Оҳангарон тумани ҳокимининг фармойиши билан ҳокимлик ҳайдовчиси вазифасида ишлаб келган ходимнинг бош мутахассис вазифасига тайинлангани тўғрисида хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Ҳолатга туман ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳақиқатдан ҳам, жорий йилнинг 26 ноябрь санасида Бўтабек Кимсанбоев ҳайдовчилик вазифасидан озод этилиб, туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси бош мутахассиси вазифасига ишга қабул қилиш тўғрисида туман ҳокимининг фармойиши қабул қилинган ҳамда унинг зиммасига туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифаси юклатилган.

Маълум қилинишича, Б.Кимсанбоев 1996 йилда Тошкент автомобиль ва йўллар институтини, 2005 йилда эса Ўзбекистон Республикаси ИИБ академиясини тамомлаган. Узоқ йиллар вилоят ички ишлар органларида фаолият кўрсатган. Шунингдек, бир неча йиллар туман ҳокимлигида юрист вазифасида меҳнат қилган. Кадрлар тизимидаги ўзгаришлар натижасида, вақтинчалик туман ҳокимлигида бўш турган ҳайдовчилик штатига ўтказилган ва оз муддат ушбу вазифада ишлаган (ҳоким ҳайдовчиси эмас!).

Яқинда туман ҳокимлигида Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси ташкил этилганлиги ва ушбу шўъба бош мутахассислигига ҳуқуқшунос малакасига эга бўлган ходим талаб этилганлиги боис, кўп йиллик тажрибаси ҳисобга олиниб, Б.Кимсанбоев ушбу лавозимга ўтказилган.

Ушбу ҳолатда туман ҳокимлиги ҳеч қандай қонун бузилишига йўл қўйилмаган, деб ҳисоблайди, дейилади Оҳангарон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг