Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ҳар ишда меъёр яхши». Нега 3-4 соатлик маросим учун боримизни берамиз?

«Ҳар ишда меъёр яхши». Нега 3-4 соатлик маросим учун боримизни берамиз?

Фото:«Xabar.uz»

«...Қўшнимиз ўғил ўйлантираётганини айтиб, маҳалла фаолларини маслаҳатга чақирди. Уч-тўрт нафар ёши улуғ отахонлар билан уйига бордик. Хонадон эгаси ҳеч қаерда ишламайди, аёли эса уй бекаси. Қўшнимизнинг оилавий аҳволидан яхши хабардор бўлганимиз сабабли унга ортиқча сарф-ҳаракат қилмай, камчиқим тўй қилишни айтдик. У ҳам фикримизни қўллаб-қувватлаб, таклифимизга рози бўлди. Аммо бўлажак куёв бунга рози бўлмади. Ота-онасининг дабдабали тўй қилишга имконияти етадими йўқми, ўйлаб ҳам ўтирмади. Кўп бор ўқтиришга ҳаракат қилмайлик фикрида қатъий туриб олди. Қариндош-уруғ, таниш-билишлар омон бўлсин, қарз сўраганда йўқ дейишмади. Тўй катта тантана билан тўкин ўтди. Бироқ ҳали ҳаётни тўла англаб етмаган, қўлида тайинли бир ҳунари бўлмаган ёш йигит оила масъулияти, турмуш ташвишлари олдида ожиз қолди. Орадаги келишмовчиликлар икки томонни ҳам бир-бирига қарши қилиб қўйди. Оилалар ўртасидаги бундай совуқ муносабат охир-оқибат ажрим билан якун топди...»

Маҳалламиздаги Тоштемир амакининг бу сўзларини эшитиб роса таажжубландим. Ҳаттоки унинг сўзлари тўғримикан деган ҳаёлга бордим. Чунки мен Сардорни меҳнаткаш, ориятли бола сифатида билардим. Наҳотки, у емай-ичмай катта қилган ўз ота-онасига қарши чиққан бўлса! Тўй меники хоҳлаган жойда қиламан, хоҳлаган санъаткорни чақираман дейиш керакми? Ахир ҳаммамиз тўйга бораётганда икки ёшга бахт тилаш, тўй баҳона қавм-қариндошлар, яқин дўстлар билан дийдорлашиш учун борамиз-ку!

Ҳар ишда меъёр яхши

Нима бўлганда ҳам ҳамма нарсанинг меъёри бўлиши керак. Ошиқчаси  – ошиқча. Бироқ бугун тўйларга ташриф буюрганимизда аввало келин-куёв ўтирган жойнинг ҳашамат билан безатилгани киши эътиборини тортади. Хўш, 3-4 соатлик маросим учун ҳаммага бойлигини кўз-кўз қилиб, маҳаллада «дув-дув» гап бўлиш шартми?

Ахир қимматбаҳо таклифнома тарқатиш, сон-саноқсиз сарполар, тилларанг салла-чопонлар, турли хил машиналар, бир талай «навбатчи» ва «бирров»чи санъаткорлар одамларга қандай маънавий завқ бериши мумкин? Бундай тўйнинг беўйлов қилинган харажатлари кейинчалик оиланинг кўпдан кўп ташвишларига сабаб бўлмайдими? Масалан, илгари Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида қиз узаётган хонадон фотиҳа туйини 20-30 га яқин совчи билан ўтказар эди. Ҳозир эса бу урфдан чиқди. Бироқ қиз берган хонадон эгаси бу ҳаражатдан қутилиб қолмади, аксинча ушбу маросим жуда катта тантанага айланиб кетди. Қизнинг ота-онаси зиммасига тўйхонада ош бериш, қуда-андаларга қимматбаҳо сарполар улашиш, таниқли санъаткорларни чақириб зиёфат уюштириш тўлиқ юкланди. Бу ҳам етмаганидек, айрим куёвтўраларимиз қизга «ота-онанг мебелларни чет элникидан олсин, пардалар ҳам энг замонавийсидан бўлсин» дея турли шартлар қўямоқда. Айтинг, қизини умр бўйи оқ ювиб, оқ тараб, кўзқорачиғидек асраб-авайлаб ўстирган ота-оналар нима учун куёвтўраларнинг шартларини бажариши керак? Бу муносабат қайси ахлоқ кодексига тўғри ёки қонунчилигимизга тўғри келади?

Миллий  қадриятларимизни оёқ  ости  қилмайлик!

Истиқлол миллий анъана ва қадриятларни, хусусан, халқона тўй-маросимларимизни ҳам қайтарди, янгича руҳ, жозиба билан бойитди. Ким хоҳласа ҳовлисида, бўлмаса шохона ресторанда тўй қилади. Аслида ҳам қариндошлар, қўни-қўшни, дўстлар даврасида ихчамгина тўй қилиш, хурсандчилигини яқинлари билан бўлишнинг ёмон томони йўқ. Бироқ, бу борада ҳам айрим салбий жиҳатлар кўзга ташланаётгани кишини ўйлантиради, мушоҳадага чорлайди.

Нега десангиз, бугунги тўйларимиз анави заҳри қотилдан 10-15 яшик бўлмаса қизимайди. Ичилган ичимликлар сони ва сифати, дастурхон безакларига қараб, тўй эгасининг обрўси белгиланади. Таклиф этилган меҳмонлар ҳам спиртли ичимликлар қўйилса миннатдор бўлиб кетишади. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлмаса, узоқ вақтларгача одамлар гапириб юришади. Бу исрофгарчилик одат тусига кириб қолаётгани ачинарли ҳолат, албатта.Тўғри, ёши улуғларимиз тўйбозлик, мантиқсиз дабдаба, намойишкорона кибр, «бел»нинг бақувватлигини кўз-кўз қилувчи манманлик, спиртли ичимликларни камайтириш, ўйлаб топилган «удум»ларни қисқартириш ҳақида кўп гапиряпти, тушунтиряпти. Лекин натижадан дарак йўқ. Чунки ўша тўйни ихчамлаштириш тарафдорларига ҳам «обрў» керак. Нега бир кунлик обрў деб бой миллий қадрятларимизу урф одатларимизни оёқ ости қилаётганларга, ёш оилалар ажралиб кетаётганига, чақалоқлар носоғлом туғилаётганига ҳамма бефарқ. Ахир икки ёшнинг «Бахт тўйи» муносабати билан ташкил этилган дастурхонга спиртли ичимлик қўйиш нафақат миллий қадриятимизга ёт, балки ортиқча исрофгарчиликнинг бир кўриниши-ку!

Муаммога ким айбдор?

Бугун қарз-қавола қилиб бўлса-да, тўйни катта қилишга, ошни катта дамлаб элнинг ўғзида «дув-дув» гап бўлиб кетаётганига аслида ўзимиз айбдормиз. Чунки пул топиб ақл топмаган айрим кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли янги одатларни ўйлаб топмоқда. Энг ёмони, бир кунлик тўйни айрим одамлар элликка кирмасдан тўсатдан инсульт, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади.

Яна бир гап. Бугун тўй-маросимлар ҳақида гап кетганда кўпчилик: «Фалончанинг тўйи жа зўр бўлди-да, дастурхонини айтмайсизми, йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Мен ҳам ўғлимнинг тўйини шундай қилиб тўкин ўтказаман», дейди. Бу гапга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Чунтагингга қараб тўй бошла, кераксиз «удум»ларни қисқартир, бир кунлик «обрў» деб, қарзга ботма, дея танбеҳ бермайди. Қайтамга «дастурхонни тўкин қилинг, қимматбаҳо нозу-неъматлардан қўйинг, дейди. Ундан муҳим вазифалар, яъни «қизингизга, ўғлингизга яхши тарбия беринг, келин ва куёвга қилинадиган сарполарга «Келинчак одоби» ва «Куёвнинг оиладаги ўрни» тўғрисида адабиётлар қўшинг», дейишмайди. Ёши улуғларимизга қулоқ солсангиз, авваллари тўйларимизортиқча дабдабасиз миллий қадриятларимизга ҳос тарзда ўтганлигини,меҳмонлар ҳам кўп бўлмагани, келинлар бир тугуни билан уйга келганини таъкидлайдилар. Нега бугун ёшларимиз ҳам улардан ибрат олмаяпти,  маънавиятсизликка интиляпти?

Ҳужжат бор, буёғига назорат керак

Ҳаётда кимнингдир қўли калтароқ, бошқасининг дасти узунроқ бўлиши табиий. Ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб тўй қилади. Аммо емай-ичмай, боласига китоб олиб беришдан қизғаниб, боғча пулини орқага суриб, ким узарга дабдабали тўй қилишнинг кимга кераги бор?!

«Ҳақиқатдан, бугун тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар давом этаётгани энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки тўй, оилавий тантана ва бошқа маросимларни ўтказишда исрофгарчилик, шуҳратпарастлик ва дабдабабозлик шунчалар авж оляптики, бундай иллатларга қатъий барҳам бериш бугунги куннинг ҳаётий заруратига айланиб бормоқда. Шу сабабли мамлакатимизда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш мақсадида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом ишлаб чиқилди. Низомга кўра, эндиликда оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади. Шунингдек, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ўтказишга йўл қўйилмайди. Чунки «ҳар ишда меъёр яхши», дейди донолар. Зеро, меъёр тартибга бошлайди, тартибнинг ҳосиласи эса ҳеч қачон ёмон бўлмаган», – дейди Учтепа туманидаги «Ватанпарвар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Ҳайдарова.

Бугун нафақат қиз чиқараётган, балки келин қидираётган хонадон ҳам тўйларни ихчам, камхаржқилиб ўтказиш, элдан чиқмаган ҳолда тўй бошлаш ҳақида жиддироқ ўйлайдиган пайт келди. Агар биз чиндан исрофгарчиликка қарши бўлсак, халқимизнинг қадимий ва энг мўътабар удуми бўлган тўй маросимларини мусобақага айланиб кетишини олдини олган бўламиз. Бошқа  ҳеч  қандай  йўл йўқ.

    Салоҳиддин  Исомиддинов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг