Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳалилилло Тўрахўжаев: «Айримлар давлат хизматларини иккинчи даражали вазифа деб ўйлашади»

Ҳалилилло Тўрахўжаев: «Айримлар давлат хизматларини иккинчи даражали вазифа деб ўйлашади»

Фото: «Xabar.uz»

Давлат хизматлари агентлиги аҳолининг корига ярайдиган муассаса сифатида тилга тез тушди. Талаб ҳам аслида шу: одамлар ўз муаммолари ечимини ойлаб, йиллаб кутишмасин, бир парча қоғозни деб вилоят маркази-ю пойтахт йўлларида сарсон-овора бўлиб юришмасин деган мақсадларда шу ташкилотга асос солинганига кўп бўлгани йўқ.

Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб жами 201 та Давлат хизматлари маркази қарийб 100 турдаги хизматларни инновацион технологияларни қўллаган ҳолда, тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли тарзда кўрсатиб келяпти. 2018 йилнинг 1 апрелидан юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.


— Суҳбатимиз аввалида кўпчиликни қизиқтираётган саволга аниқлик киритиб олсак: Давлат хизматлари агентлиги ва «Электрон ҳукумат» тизимининг фарқи нимада? Уларнинг йўли бошқа-бошқами ёки битта йўналишда ишлаётган иккита тизимми?

— Электрон ҳукумат — давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган тизим. Давлат хизматлари агентлиги эса аҳолига ва тадбиркорларга  талаб юқори бўлган давлат хизматларини кўрсатишда ягона давлат сиёсатини олиб борувчи орган сифатида электрон ҳукуматнинг аксарият қисмини ташкил этади. Яъни, бугунги кунда халқимизга тезкор, қулай ва шаффоф хизматларни кўрсатишда инновацион ахборот технологияларига таянилади.

— Бугун давлат хизматларини чин маънода миллий тизим дея оламизми?

— Албатта. Аввало мазкур тизимнинг яратилиш тарихига назар солсак. Президентимизнинг Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлили халқимизнинг давлат идораларидан, давлат хизматлари кўрсатиш тизимидан норози эканлигини кўрсатди. Ўз-ўзидан халқнинг оғирини енгил қилиш, унинг давлат идораларига ишончини ошириш мақсадида янги тузилмага эҳтиёж пайдо бўлди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди ҳамда жойларда унинг Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказлари фаолиятига асос солинди. Марказлар орқали нафақат аввалгидек тадбиркорларга, балки жисмоний шахсларга ҳам давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.

— Давлат хизматлари қай тарзда йўлга қўйилади? Одамларнинг талаб ва эҳтиёжларини қандай ўрганасизлар, хизматларни йўлга қўйишда ва барқарор ишлатишда қандай муаммоларга дуч келяпсиз?

— Халқимизга аввало табиий газ, сув, электр тармоқларига улаш, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириб бериш, болаларни боғчага жойлаштириш каби эҳтиёж энг юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 20 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари, аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Олис қишлоқ ва маҳаллаларда уйма-уй кирилиб, одамларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Кейин талаб юқори, тақдим этилиши мураккаб бўлган давлат хизматларини жорий этиш бўйича маъмурий регламентлар (тартиб) ишлаб чиқилишига киришилди. Бунда аввалги тартибни соддалаштириш, тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини камайтириш, белгиланган муддатни қисқартиришга жиддий эътибор қаратилди.

Дастлаб 30 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2018 йилда — 80 та, 2019 йилда — 122 та, 2020 йилга бориб 160 дан ортиқ давлат хизматларини фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш режалаштирилган.

Бугунги кунда хизматларни йўлга қўйишда ва барқарор ишлатишда дуч келинаётган асосий муаммолардан бири — давлат органлари томонидан хизматлар кўрсатиш муддатларининг бузилишидир. 2018 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида 12 000 дан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Айниқса, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш, мурожаатни кўриб чиқиш муддатларини бузиш (чўзиш) каби ҳолатлар кўп учраяпти.

— Бунга сабаб нимада? Қонунбузарларга чора кўриляптими?

— Бу каби қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилишининг асосий сабаблари сифатида вазирлик ва идораларнинг электрон ҳужжат алмашинув тизимига ўз вақтида уланмаслигини, давлат хизматини кўрсатиш учун масъул бўлган ходимларнинг қўнимсизлигини, давлат хизматини кўрсатишга иккинчи даражали вазифа сифатида қараётганлигини айтиб ўтиш мумкин.

Шу пайтгача Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан аниқланган аксарият қонун бузилиши ҳолатлари дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия беришда, болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда, муҳандислик коммуникацияларига уланишда, объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат беришда, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома беришда, қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилишда кузатилган.

Қонун бузилиши ҳолатларини идоралар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, асосан маҳаллий давлат ҳокимлиги органлари, архитектура ва қурилиш органлари, газ, электр тармоқлари корхоналари, мактабгача таълим органлари ва кадастр идораларига тўғри келмоқда.

Агентлик томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан ўз вақтида ҳуқуқий таъсир чоралари кўриб келинмоқда.

Бу борада, жорий йилнинг 23 июлида қабул қилинган «Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Эндиликда Давлат хизматлари агентлиги директори ва унинг ўринбосари, агентликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2155-моддасига асосан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

— Марказлар орқали кўрсатилаётган хизматлардаги янгиликларга ҳам тўхталиб ўтсангиз. Умуман, бугун одамлар ДХМ га асосан нима мақсадда келишмоқда?

— Давлат хизматлари кўрсатишдаги энг муҳим янгилик — такрор бўлса ҳам айтаман, 2018 йилнинг 1 апрелидан аҳолига ҳам ДХМлар орқали давлат хизматлари кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилгани бўлди.

Қолаверса, бу йил 1 июнидан мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида тажриба тариқасида қўшимча 31 та давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди. Синовдан ўтаётган бу хизматлар айнан одамларнинг талаби юқори эҳтиёжлари асосида шакллантирилди. Масалан, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, фуқароларга СТИР рақами, судланганлик тўғрисида маълумотнома бериш кабилар. Бу хизматлар қисқа муддатларда, ортиқча ҳужжат ва оворагарчиликларсиз кўрсатиляпти.

Бизга мурожаат қилаётган аҳоли ва тадбиркорлар сони кундан-кунга ошиб боряпти. Авваллари тадбиркорликни йўлга қўяман, у ёки бу кундалик ташвишлар билан боғлиқ ҳужжатни тўғрилайман деб кўпчилик сарсон бўларди. Давлат хизматлари марказлари — ушбу масалаланинг ўзига хос ечими. Буни ушбу рақам мисолида ҳам кўриш мумкин: агар 2017 йил давомида 120 минг хизматлар «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатилган бўлса, 2018 йил апрель—июнь ойларининг ўзида бу кўрсаткич бир миллиондан ортди.

— Янги ташкилотсизлар. Халқаро тажриба ва амалиётлардан ҳам фойдаландингизми?

— Албатта. Давлат хизматлари агентлигида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, соҳага инновацияларни кенг жорий этиш, турли мамлакатлар тажрибасини мунтазам равишда ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозиргача Буюк Британия, Германия, АҚШ, Канада, Австралия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Литва ва бошқа давлатлар қонунчилигини ўргандик, Австралия ва Канаданинг давлат хизматлари электрон тизимини таҳлил қилдик. Бу ўрганишлар асосида энг яхши тажрибаларни жорий қилиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Ўтган қисқа давр мобайнида Адлия вазирлиги ҳамда агентлик ташаббуси билан халқаро ташкилотлар вакиллари билан йигирмага яқин учрашувлар ташкил этилди. Жумладан, Буюк Британиянинг «National school of Government International» ташкилоти ҳамда Туркия халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш бўйича агентлиги (TIКA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, АҚШнинг Халқаро ривож­ланиш агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекис­тондаги ваколатхонаси координаторлари, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Сеул шаҳри мэрияси делегацияси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг лойиҳа мувофиқлаштирувчиси, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ва бошқа ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилди.

Уларда аҳолига давлат хизматларини тақдим этиш тизимини янада такомиллаштириш, бу бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ҳамкорлик қилиш учун таклифлар ишлаб чиқиш, маблағ ва грантлар жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, бир қатор хорижий мамлакатларнинг давлат хизматлари кўрсатиш бўйича тажрибасини ўрганиш мақсадида агентлик ходимларининг Сингапур, Вьетнам, Хитой, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон ва Россия давлатларига хизмат сафарлари уюштирилди.

Ҳозирги кунда Агентлик қатор хорижий ташкилотлар билан йўлга қўйилаётган ўзаро ҳамкорликда соҳа фаолиятини янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Тизимнинг миллийлиги шундаки, ҳеч бир амалиёт тўғридан-тўғри намуна сифатида олинмаган. Ҳар бир хорижий тажрибанинг фақатгина ижобий ҳамда мамлакатимизда қўлланилиши мумкин бўлган тарафлари жорий этилишига аҳамият бериляпти. Чунки улар ҳам албатта бекаму кўст эмас, улар ҳам янгиликни жорий этар экан, уни аввало синов тариқасида жорий этиб, камчилик ва муаммоларни аниқлагач, бу тизим керак ёки йўқлиги таҳлил қилинган.

 — Аҳолига давлат хизматларини тақдим этишда ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни жуда катта. Бу жараён қай тарзда кечяпти, технологияларни ишлатишда кимлар билан ҳамкорлик қиласиз?

— Агентлик бу борада бир қатор идоралар билан ҳамкорликда ишлаяпти. Зарур ахборот тизимлари, ресурслар, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва интеграция қилиш ҳамда аппарат-дастурий комплексларни ўрнатишнинг концепцияси ва техник топшириғига асосан, Давлат хизматлари марказлари компьютер ускуналари ёки интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун республиканинг барча туман (шаҳар)лари интерактив инфокиосклар билан таъминланди.

Хизматларни олишда одамларнинг вақтини тежаш мақсадида марказларда электрон навбат тизимини жорий этиш, қўшимча қулайликлар яратиш бўйича зарурий ўрганишлар ўтказилиб, тест режимида ишга туширилди. Электрон навбат тизимини 2018 йилнинг 1 сентябригача босқичма-босқич ушбу тизимга эҳтиёж юқори барча давлат хизматлари марказларида ишга туширишни режалаштирганмиз.

Тезкор алоқалар, расмий веб-саҳифалардаги интернет-ботлар, ижтимоий тармоқлар ёрдамида аҳоли билан қайта алоқанинг самарали тизими ташкил этилди. Агентликнинг davxizmat.uz веб-сайти, «Facebook»да «Davlat xizmatlari agentligi» саҳифаси очилди ҳамда «Telegram» мобиль иловасида «Davlat xizmatlari» канали ишга туширилди, [email protected] электрон почта манзили ҳамда [email protected] идоралараро тезкор электрон ҳужжат алмашинуви тизими йўлга қўйилди.

Марказий банк, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда электрон давлат хизматларини кўрсатганлик учун учун бож йиғим ва бошқа тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш (ягона биллинг тизими) механизми ишлаб чиқилди.

Шу билан бир қаторда, Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш бўйича давлат хизмати аҳолининг вақт ва молиявий харажатларни камайтириш мақсадида синов тариқасида жорий этилган Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун жорий йилнинг 15 июнидан 15 июлига қадар республикадаги барча Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳужжатлар электрон тарзда қабул қилинди. Абитуриентларнинг тест имтиҳони ўтказиладиган бинога кириш жараёнини тўлиқ назорат қилиш ҳамда ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида, бармоқ изи ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат текшириладиган махсус қурилмалар харид қилиниб, бинога кириш жойларига ўрнатилди. Бу эса ўз навбатида, тест имтиҳонлари ҳаққоний-шаффофлик тамойили асосида ўтишини таъминлади. Ушбу хизматдан 7050 нафар абитуриент фойдаланди.

Давлат хизматлари ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича ягона ёндашувни қўллаган ҳолда марказларнинг ахборот тизимларини модернизация қилиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

— Кўрсатаётган хизматларингизни аҳолига қандай таништиряпсиз? Тарғибот билан ҳам шуғулланасизларми?

— Тарғиботнинг барча усулларидан фойдаланяпмиз, десам муболаға бўлмайди. Нафақат газета, радио ва телевидение, балки электрон оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ҳам бизнинг тарғибот қуролимизга айланган.

Олис ҳудудларда эса сайёр давлат хизматларини кўрсатиш чоғида тушунтириш ишлари ташкиллаштириляпти, керак бўлса уйма-уй юриб, марказлар орқали хизматлардан фойдаланишнинг афзалликлари, қулайликлари тушунтирилмоқда.

— Соҳа фаолиятига баҳо бериш мақсадида ижтимоий тармоқларда аҳоли фикри ўраганилганда, ижобий мулоҳазалар билан бир қаторда, эътирозлар ҳам мавжудлиги аниқланибди.

— Доимий равишда аҳолининг соҳа фаолияти юзасидан фикр-мулоҳазалари ўрганиб борилади. Сўнгги таҳлилларга кўра, одамлар марказ ходимларининг малакаси етарли эмаслигидан норози эканликларини билдиришган. Масала юзасидан Агентлик махсус комиссия тузиб, республикамиз бўйлаб жойлашган барча Давлат хизматлари марказларида ходимларни аттестациядан ўтказяпти. Бундан ташқари, ходимлар учун махсус «маҳорат дарслари» режа-жадвали тасдиқланди. Мақсад — уларнинг билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориш.

Қолаверса, марказларда хизматлар кўрсатишда турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Сирли мижоз» тадбирларини ўтказиш ҳам йўлга қўйилган. Бу тадбирларда ходимларнинг муомаласи, малакаси ҳамда одоб-ахлоқига оид бошқа жиҳатлари ўрганилиб, таҳлил қилиняпти.

— Давлат хизматлари ягона реестрига ҳам тўхталиб ўтсангиз. Хизматлар сони қанчага етди? Ҳаммаси ҳам ДХМ орқали йўлга қўйиладими? 

— Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантиришда фуқаролардан, вазирлик ва идоралардан кўплаб таклиф ва тавсиялар олинди. Улар берган таклифлар бевосита вазирлик ва идорлар билан биргаликда қайта ишланди ва натижада 693 та давлат хизматидан иборат ягона реестр шакллантирилди. Бу реестрга 79 та вазирлик ва идоранинг давлат хизматлари киритилди.

Ушбу реестр Адлия ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликларининг қарорига асосан тасдиқланди ва давлат рўйхатидан ўтказилди.

Албатта, ушбу реестр давлат хизматларини шакллантириш тўлиқ охирига етказилди дегани эмас. Кейинчалик давлат хизматларига янги хизматлар қўшилганда, номи ўзгарганда ёки давлат хизматлари бўйича янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда реестрга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилади.

Кўпчиликда «Ушбу реестр нима беради?», деган савол туғилиши табиий. Давлат хизматларининг ягона реестрини қабул қилишдан мақсад — давлат хизматларининг рўйхатини шакллантириш, қайси вазирлик ва идоралар томонидан қандай давлат хизматлари кимларга қай усулларда, бепул ёки ҳақ эвазига кўрсатилишини белгилаб олиш ҳисобланади. Ушбу реестрнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, реестрга киритилмаган давлат хизматларини кўрсатиш тақиқланади.

Ҳозирги вақтда умумий ҳисобда 100 га яқин давлат хизматлари ДХМлар орқали кўрсатилаётган бўлса-да, бу рақамлар ўсишдан тўхтаб қолмайди, албатта. Хусусан, 2021 йилга қадар босқичма-бочқич яна 50 дан ортиқ давлат хизматларини ДХМлар орқали кўрсатишни амалиётга жорий этиш белгиланган.

Давлат хизматларини «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатишни жорий этишга турли омиллар салбий таъсирини ўтказмоқда. Жумладан, вазирлик ва идоралар ўртасида ахборот-коммуникация тармоғининг етарли даражада ривожланмаганлиги, баъзи идоралар давлат хизматларини кўрсатиш тизимига ҳали-ҳануз эскича ёндашаётгани, давлат хизматларини «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатишдан манфаатдор эмасликлари ДХМлар орқали давлат хизматлари кўрсатишни жорий этишга сунъий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

— Билишимизча, шу пайтгача Наманган ва Қўқон шаҳарларида жуда кўплаб мижозларга бир пайтнинг ўзида тез ва сифатли хизмат кўрсата оладиган, замонавий, ҳар томонлама қулай Давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилган ва бу тажриба энди мамлакатимиз бўйлаб давом эттириляпти. Шу ишларга ҳам тўхталсангиз. Умуман, Давлат хизматлари маркази биноси қандай бўлиши керак?

— Туман ва шаҳарларда Давлат хизматлари марказлари бинолари давлат-хусусий шериклик шартларида тасдиқланган намунавий лойиҳаларга асосан қурилади. Бу биноларни қуришда хорижий тажрибалар ўрганилган ҳолда замонавий архитектура-қурилиш ечимлари, юқори энергия самарадорлиги, энг асосийси, ташриф буюрувчиларга сифатли ва тезкорлик билан хизмат кўрсатиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилади.

Бунда она ва бола хоналари, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш бурчаклари  ташкил этиш ҳамда аҳолини ахборот билан самарали таъминлаш, шу жумладан стендлар, брошюралар, буклетлар ва улар ҳуқуқларининг амалга оширилишига кўмаклашишга қаратилган бошқа воситалар билан жиҳозлаш назарда тутилган. Шунингдек, марказ биноси туташ ҳудуд обод қилиниши, жумладан, автомототранспорт воситаларининг замонавий бепул тўхтаб туриш жойининг барпо этилишига эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, давлат хизматларини олишда аҳоли вақтини тежаш мақсадида марказларда электрон навбат тизимини жорий этиш, қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда реал вақт режимида давлат хизматлари кўрсатилиши устидан масофадан видеокузатув, мониторинг, ушбу соҳада сифат ва тезкорликни баҳолаш механизмларини жорий этиш белгиланган.

Ўтган қисқа давр мобайнида Наманган, Фарғона ва Қўқон шаҳарлари Давлат хизматлари марказлари тўлиқ реконструксия қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Компютер ускуналари ёки интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга давлат хизматлари тақдим этиш учун марказлар 197 та инфокиосклар билан таъминланди.

Айни пайтда 177 та марказ биносини қуриш учун ер участкаси ажратилиб, шундан 168 тасида бино-иншоотларни қуриш (капитал реконструксия қилиш) бўйича зарур чора-тадбирлар олиб бориляпти. Жумладан, 85 та ДХМ биноси бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриб битказиш (реконструксия қилиш) юзасидан инвесторлар билан келишувга эришилди, 32 та марказ биносини қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Президентимизнинг топшириғига асосан, инвесторлар объектлар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 5 йил муддатда (Нукус шаҳри, Тошкент шаҳри, вилоятларнинг маъмурий марказларида Халқ қабулхоналари биноларини қураётган инвесторлар 2 йил муддатга) тегишли равишда тақдим этиладиган ер участкасига ва унда қурилган кўчмас мулкка нисбатан ер солиғи ва мол-мулк солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан, шунингдек, мазкур объектларда амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда ёки тушумларга нисбатан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилмоқда.

Бундан ташқари, инвесторларга марказ бинолари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 3 йил давомида мазкур биноларда фойдаланилмаётган хоналарни ижарага беришдан тушадиган маблағлар йўналтирилади.

Тижорат банкларига инвесторларга марказ бинолари ва ажратилган ер участкаси доирасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида қўшимча объектлар қуриш учун 10 йил муддатга, жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг кайта молиялаш ставкаси миқдоридан ошмайдиган ставка бўйича кредитлар бериш тавсия этилган.

Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат! Ишларингизда ривож тилаймиз.

Собит Аҳадов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг