Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ГДР собиқ раҳбари Эрих Хонеккер нега Тошкент вилоятига келган эди?

ГДР собиқ раҳбари Эрих Хонеккер нега Тошкент вилоятига келган эди?

1985 йил 7 май. «Йик ота» маҳалласига ГДР раҳбари Эрих Хонеккер ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 40 йиллигини нишонлаш тантаналарида иштирок этди. Шу куни собиқ «Тинчлик» ҳудуди, ҳозирги «Йик ота» маҳалласига Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ҳалок бўлган аскарлар хотирасини абадийлаштириш ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш мақсадида «Уч аскар» ҳайкали ўрнатилди. Нуфузли меҳмонлар ёдгорликни зиёрат қилишди.

Орадан йиллар ўтди. Юқори Чирчиқнинг мана шу ҳудудида қўшимча биноларнинг қурилиши, тараққиёт билан боғлиқ ўзгаришлар натижасида «Уч аскар» ҳайкали назардан четда қолиб кетди. Ҳайкалнинг ўзи реставрацияга муҳтож бўлиб қолди.

Юқори Чирчиқ тумани маркази Янгибозор қўрғонининг ривожланиши, замонавий шаҳар тусига кириши натижасида, бундай ноёб ёдгорликни марказга кўчириш эҳтиёжи туғилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши фаолларининг таклифига кўра, янгитдан барпо этилаётган Хотира хиёбони марказига мазкур ёдгорлик кўчириб келтирилди.

2019 йил 8 декабрь. Соат 08:00. Туман фаоллари жам бўлган, ҳарбийлар саф тортиб турган хиёбонга вилоят ҳокими кириб келди. Шу куни мазкур Хотира хиёбонининг очилиш маросими тантанали вазиятда ўтказилди. Вилоят ҳокими «Мотамсаро она» ва «Уч аскар» мемориал ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди.

Соат 09:00. Туман марказида баландлиги 42 метр келадиган флагшток – Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи баланд кўтарилди. Маросим давомида фуқаролик паспорти олиш ёшига етган ёшларга паспортлар тантанали вазиятда топширилди.

Соат 10:00. Қуйи Чирчиқ. Шу куни туманда 5 муҳим ташаббус доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини ўзида мужассам этган, «Тошкент вилоятида 6 ойлик ислоҳотларнинг ижобий натижаси» шиори остида тадбирлар ташкил этилди.

Дастлаб тумандаги «Маданият» маҳалласи ҳудудида амалга оширилган ишлар билан танишиб чиқилди. Ҳудуддаги замонавий типда қурилган янги поликлиниканинг очилиш маросими, сўнг «Пахтазор» маҳаласидаги янгитдан бунёд этилган Истироҳат боғига ташриф буюрдилар.

«Беруний» ҳудудида мисли кўрилмаган ўзгаришлар, берунийликлар учун фақат тасаввурдагина бўлган бунёдкорлик ишлари ўз ниҳоясига етиб, кўплаб иншоот ва мажмуаларнинг тантанали равишда очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Дастлаб Абу Райҳон Беруний ҳайкалининг очилиш маросими, ундан сўнг қайта таъмирланиб, 500 ўринга мўлжалланган Маданият саройи, энг сўнгги услуб ва қулайликларга эга кутубхона, компьютер курслари ва хизматлари, чет тилларига ихтисослашган ўқув курслари, автомактаб, фитнесс клуб ҳамда миллий таомлар ошхонасидан иборат бўлган «Ёшлар инновацион маркази», шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, участка нозири хонаси ва почта алоқа бўлимлари аҳолига фойдаланиш учун топширилди.

Очилиш маросимларидан сўнг Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусни рўёбга чиқариш, ёшларнинг мусиқа, тасвирий санъат, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа йўналишларига қизиқишларини янада ошириш, жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қайта таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилган муҳташам «Беруний» маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 27 йиллик тантанаси ва Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига вилоятдан сайланган сенаторлар, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, нуроний ва оқсоқоллар, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, туман ва вилоят миқёсидаги соҳа мутахассислари, вакиллар қатнашдилар.

Давлат мадҳияси садолари билан бошланган байрам дастурини очиб бериш учун вилоят ҳокими Рустам Холматов сўзга чиқиб, барчани Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан табриклади.

Концерт дастурига уланган байрам тадбирида 5 муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган «Келажак ниҳоллари» ансамбли, Тошкент вилояти «Мақом» ансамбли, Ўзбекистон халқ ҳофизи Сойибжон Ниёзов, Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон ҳарбий кучлари Тошкент вилояти ҳарбий оркестри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Элмурод Аҳмедов, Фурқат Ашуралиев, Авазбек Олимов, Дилноза Исмияминова, Алишер Турдиев, «Ниҳол» мукофоти совриндори Шарофиддин Муродов, эстрада хонандаси Улуғбек Отажонов, «Элдидо» гуруҳи солистлари гўзал куй-қўшиқлар ҳамда «Тошкент зеболари» рақс ансамбли ўзларининг жозибадор рақсларини намойиш этдилар.

Тадбир доирасида таклиф этилган меҳмонлар ҳамда ҳудуд аҳолиси учун қулайлик яратиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Унда вилоятимиздаги 15 та аграр соҳага ихтисослашган туманлардан қишлоқ хўжалиги вакиллари: фермерлар, деҳқонлар, боғбонлар ўзлари етиштирган сифатли маҳсулотлар билан иштирок этишди. Ярмаркадан жой олган сифатли ва арзон нархлардаги полиз экинлари, мева-сабзавотлар, дон, нон ва қандолатчилик маҳсулотлари, шунингдек асал, тухум, балиқ, сут ва гўшт маҳсулотлари, концелярия моллари ва қўл меҳнати билан яратилган буюмлар жуда харидоргир бўлди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг