Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида»ги қонун жамият учун керакми?

«Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида»ги қонун жамият учун керакми?

Фото:«Xabar.uz»

Мамлакатимизнинг асосий қонун чиқарувчи органи — Олий Мажлисда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги янги қонун лойиҳасининг аҳамияти ва зарурлиги ҳақида мунозаралар давом этмоқда. Яқинда унинг биринчи ўқиши бўлиб ўтди. Унда 100 нафар депутатдан 89 таси томонидан маъқулланган. Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси берилган таклифлар асосида кўриб чиқилиб, такомиллаштирилмоқда.

Келинг, янги қонун лойиҳаси оддий фуқароларга нима беришини аниқлаймиз.

Асос борми?

Ҳар йили Ҳукумат билан биргаликда фаолиятнинг деярли барча соҳаларини ривожлантириш бўйича давлат дастури тасдиқланади. Тушуниб турганингиздек, у ёки бу йўналишда ислоҳотларни амалга ошириш учун биринчи навбатда мазкур ўзгаришларни жорий этишга имкон берадиган норматив-ҳуқуқий база зарур.

Бугунги кунда, деярли барча соҳалар жадал суръатлар билан ислоҳ қилиниб, такомиллаштирилмоқда, шу жумладан ФҲДЁ соҳасида ҳам — яъни, туғилиш, ўлим, никоҳ ҳамда ажралишни қайд этиш ва бошқалар, бундай жараёнлардан четда қолаётгани йўқ албатта.

Шундай қилиб, ФҲДЁ соҳасини ислоҳ қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг Фармони билан режалаштирилган эди.

Шу мақсадда Адлия вазирлиги томонидан «Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ягона Қонун нима учун керак?

Бугун фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бир қатор ҳужжатлар — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси ва бошқа қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан тузилган ёки тан олинган халқаро шартномалар ва келишувлар нормаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ушбу ҳужжатларнинг ҳар бири фақат ушбу соҳадаги муайян жараён учун ваколатга эга. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг VII бўлимида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг умумий қоидалари, туғилганлик, никоҳ, никоҳдан ажралганлик, ўлимни қайд этиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тартиби, шунингдек далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш, қўшимча киритиш ҳамда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини тиклаш ва бекор қилиш тартиби назарда тутилган.

Бироқ, бугунги кунда алоҳида махсус Қонун билан ФҲДЁ органларининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, жавобгарлик масалалари белгиланмаган. Бу эса ушбу тизим изчиллигини таъминлаб берадиган, нормаларни қонун даражасида мустаҳкамлайдиган алоҳида қонун ҳужжатини қабул қилишни тақозо этмоқда.

Хорижий тажриба нима демоқда?

Фуқаролик кодекси қабул қилинган мамлакатларда (масалан, Италия, ГФР, Швейцария, Франция) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг тартибга солиш манбаи сифатида фуқаролик кодексларининг махсус бўлимлари хизмат қилади.

Шарқий Европа мамлакатларида (Венгрия, Польша, Хорватия, Чехия) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш асосан махсус қонунлар билан тартибга солинади.

Умумий ҳуқуқ мамлакатларида фуқаролик ҳолати далолатномалари ҳақида туркумлаштирилган қонунчилик мавжуд эмас, аммо никоҳ-оила муносабатларининг алоҳида масалаларини тартибга солувчи кўплаб қонунлар амал қилади. Масалан, Буюк Британияда Туғилганлик ва ўлимни қайд этиш тўғрисида” (Births and Deaths Registration Act») қонун қабул қилинган.

Бундан ташқари, фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисидаги махсус қонунлар Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Эстония, Арманистон ва бошқа кўплаб давлатларда қабул қилинган.

Фуқароларга нима наф?

Мазкур қонун лойиҳаси барча ФҲДЁ органлари ходимларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жараёнидаги жавобгарлигини белгилашга имкон беради, шунингдек мазкур жараёнлар тартибини аниқлаштиради.

Бугунги кунда, ФҲДЁ органларининг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби бир қатор Низом ва қоидалар билан тартибга солинган. Мавжуд қоидаларни тўлиқ тушуниш учун мазкур ҳужжатларни ўрганиш талаб этилади. Бунда, ҳуқуқий тартибга солиш тизими ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш ва ҳужжатларни таққослаш учун махсус ҳуқуқий кўникмалар талаб этилади.

Қайд этилган Қонуннинг қабул қилиниши билан меъёрий тартибга солиш анча соддалаштирилади. Мазкур қонун лойиҳаси ушбу соҳани тартибга солувчи барча асосий қоидаларни ўз ичига олади. Фуқаролар энди турли хил ҳужжатларни ўрганишлари шарт бўлмайди. Яъни, ушбу соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни билиш анча осонлашади.

Ушбу қонун лойиҳасининг яна бир афзаллиги шундаки, қабул қилинганидан сўнг, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани чет элда олган фуқароларимиз ФҲДЁ органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг туғилганлик тўғрисидаги муҳрли гувоҳномаларини олишлари мумкин бўлади.

Х. Насимов,
Давлат хизматлари агентлиги
ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини
мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бўлими бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг