Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фуқаролардан 6 кунда 500та таклиф тушди. Иннанкейин-чи?

Фуқаролардан 6 кунда 500та таклиф тушди. Иннанкейин-чи?

Фото: «Тараққиёт стратегияси» маркази

Шу йилнинг 6 август куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг қўшма лойиҳаси – «jamoatchilik.uz» онлайн платформаси ишга туширилган эди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази хабарига кўра, айни пайтга қадар ушбу платформага юборилган таклифлар сони қарийб 500 тани ташкил этмоқда. Фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётини янада яхшилаш, ислоҳотларга эътибор билан ёндашиш истагини келиб тушаётган таклифлар, билдирилаётган фикрлар яққол кўрсатиб турибди.

Уларнинг аксарияти ўзида муайян муаммо ва унинг ечими борасида аниқ ёндашувни акс эттиради. Галдаги вазифа эса, муҳокамалар жараёнида ўртага ташланган таклифларни янада бойитиб, тегишли тартибда амалиётга татбиқ этиш чораларини кўришдан иборат. Зеро таклифлар қиммати уларни амалиётга тўғри татбиқ этиш, бунинг ортидан инсонлар турмуши яхши тарафга ўзгариб, ислоҳотлар ҳаётийлиги таъминланишидадир.

Шундан келиб чиқиб, фуқароларнинг куюнчаклиги ва эътиборини тўғри эътироф этиш ва пухта ўйланган таклифлар фақатгина ҳисоботларда қолиб кетишининг олдини олиш ташкилотчилар учун айни пайтда бош мақсадга айланган. Бинобарин, платформа фаолияти ҳафталик таҳлил қилиниб, оралиқ натижалар бўйича жамоатчилик хабардор этиб борилишига оид вазифа ҳам ана шу масъулият маҳсулидир.

Бугун ушбу порталда билдирилган таклифлар тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида илк бор муҳокама қилинди. Унда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари ва ходимлари ҳам иштирок этишди.

Фуқаролар томонидан билдирилган ҳеч бир таклиф эътибордан четда қолмади. Ҳар бир масала бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари ҳамда ваколатли вакиллари ўз фикрларини, муносабатини билдиришди.

Элдор Туляков, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори

— Дарҳақиқат, «Jamoatchilik» онлайн-платформасига 6 кунда 500 га яқин таклифлар келиб тушди. Бу рақамнинг ўзи фуқароларнинг ушбу халқ истак-ҳохишлари ва таклифларини ўрганадиган янги инструментнинг ҳақиқатдан ҳам самарали ишлашига ишонч эмас, умиднинг борлигини билдиради. Демак, фуқаролар давлат бошқарувида, ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжатларида фаол иштирок этишни исташади. Лекин, бу таклифлар фақатгина қоғозларда қолиб кетадиган бўлса, биз жуда кўп нарса йўқотамиз.

Маълумки, «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати — жамоатчилик ташкилотлари ҳисобланади, давлат ташкилоти эмас. Балки шунинг учун ҳам «Jamoatchilik» онлайн-платформасига фуқароларнинг қизиқишлари катта. Ушбу жиҳатга урғу бераётганимнинг сабаби бизга келиб тушган таклифлардан бири бўлди. Унда шундай дейилган: «Ҳаракатлар стратегияси» қабул қилинганидан буён қанча муддат ўтганига қарамай, ҳамон кўплаб давлат органларига мурожаатлар эътиборсиз қолиб кетяпти. Таклифим шундай: агарда давлат ташкилоти белгиланган муддатда фуқаро мурожаатига жавоб бермаса, бу сукут — розилик сифатида қабул қилинсин», яъни, сукут — аломати ризо. Шунинг учун ҳам тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар вакилларига биз томонимизда соҳалар бўйича тақсимланган мурожаатларнинг ҳеч бирини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда кўриб чиқишларини сўраймиз.

Яна бир жиҳат бор, кўтарилаётган барча таклифлар мунозарали, уларни соатлаб таҳлил қилиш мумкин. Шунинг учун эндиликда биз бу каби муҳокамаларни йўналишлар бўйича олиб боришга ва пировардида, муаммонинг аниқ ва тугал ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Чунки баъзи таклифлар 2 ва ундан ортиқ давлат органлари билан биргаликда ўрганишни талаб этади. Алоҳида, ҳамма ўз билганича ишлаганда самара бўлмаслиги табиий. Бугун ўтказилган тадбиримиз ҳали бошланиши. Ўйлайманки, бундан кейин таклиф муаллифлари яна-да фаол иштирок этиб, ўз позицияларини ҳимоя қилишади. Ана шундагина биз эркин мулоқот майдонини яратган бўламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг