Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фармацевтика агентлиги «Тошкент — кайфда» мақоласига муносабат билдирди

Фармацевтика агентлиги «Тошкент — кайфда» мақоласига муносабат билдирди

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва дори воситалари ишлаб чиқарувчи бир қатор корхоналар раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

ОАВ мухбирларидан бири Газета.уз сайтида эълон қилинган ва катта муҳокамаларга сабаб бўлган «Тошкент — кайфда» мақоласи ҳақида савол берди. Мақолада дорихоналар «наркодорихоналар» дея таърифланган ҳамда прегабалин, залеплон, тропикамид каби дориларни бошқа мақсадларда истеъмол қилиш ёшлар орасида оммалашаётгани, бу мудҳиш «эпидемия»га айланаётгани танқид қилинган ва аниқ мисоллар келтирилган.

«Ушбу дориларнинг пойтахт ва республика дорихоналарига кириб келиши ҳақида нима дея оласиз, бу препаратлар қандай йўл ва усуллар орқали аҳолининг кенг истеъмолига чиқиб кетмоқда? — деди журналист. — Мақолада мазкур дориларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётган дорихоналар манзиллари билан санаб ўтилган, яъни фактлар бор. Шу дорихоналарга бирор чора қўлланилгани ҳақида сизларда маълумот борми? Умуман, дорихона очиш учун гувоҳнома берилаётганда қандай талаблар белгиланган?»

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Муҳаббат Иброҳимова Ўзбекистонда дори воситалари икки гуруҳга: рецепт асосида бериладиган ва рецептсиз дориларга бўлинишини қайд этди.

«Сиз айтаётган дорилар рецепт билан бериладиган дорилар турига киради ва улар шифокор рецептига мувофиқ берилиши шарт. Уларни рецептсиз, даволаниш мақсадидан бошқа ҳолларда қўллаш мумкин эмас. Бу дориларни сотиб олаётганлар бошқа мақсадда харид қилаяпти, — деди Муҳаббат Иброҳимова. — Қабул қилинган меъёрий ҳужжатга кўра, дори воситаларини чакана реализация қилиш ва унинг назорат ваколати Тошкент шаҳридаги соғлиқни сақлаш бошқармасига, вилоятларда эса ҳудудий бошқармаларга берилган».

Таъкидланишича, Газета.уз сайтидаги мақолада тилга олиб ўтилган дори воситалари ҳозирда наркотик-психотроп дорилар рўйхатида турмайди.

«Бу дориларнинг биттаси кўз томчи, биттаси психотроп дори воситаси, лекин улар алоҳида назоратга олинмаган. Улар бўйича алоҳида рўйхат тузиш режаланмоқда, — деди Муҳаббат Иброҳимова. — Инсон саломатлигига ножўя таъсир кўрсатувчи шундай дориларнинг рўйхати шакллантирилгач, уларнинг ноқонуний савдоси бўйича жазо чоралари ҳам кўриб чиқилади».

Агентлик вакили бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тез орада алоҳида меъёрий ҳужжат қабул қилинишини айтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг