Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарғонадан тескари репортаж: судья ноёб натижа қайд этди! (фельетон)

Фарғонадан тескари репортаж: судья ноёб натижа қайд этди! (фельетон)

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қўштепа тумани суди раиси ўта ноёб натижа қайд этди.

Ёш қонун пешвоси учун Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан аямай айбланган тўрт нафар бўз йигит устидан ҳукм чиқаришга уч дақиқа (?!) кифоя қилди!

Ўз ишининг устаси бўлган унча-мунча валломатлар нафақат касб фаолияти юзасидан, балки неча йилларда бери яшаб келаётган хотинининг тантиқлигига уч дақиқада жавоб бермоғи маҳол. Шу нуқтаи назардан фарғоналик судьянинг инсон тақдирига дохил масалада бунчалик тезкорлиги, дарҳақиқат, ҳайратга лойиқдир. Аксарият судьялар жиноят ишини суд мажлисида обдон кўргач, прокурору адвокатларнинг оташин музокара нутқларини тинглаб, сўнг маслаҳатхонага равона бўладилар. Чунки Жиноят-процессуал кодексининг 457-моддасида ҳукм чиқариш вақтида ҳал этилиши керак бўлган 16 та масала қалаштириб қўйилганки, уларнинг ҳар бири наинки дақиқа, балки соатлар талаб қилади. Шу боис кўп судьялар маслаҳатхонада соатлаб қолиб кетиши, ҳатто ҳукм ўқишни бошқа кунга қолдириши ҳам мумкин. Аммо қаҳрамонимизнинг маслаҳатхонага кириб-чиқиши бир қаҳва ичгулик фурсатни олмади. Тўрт нафар судланувчининг тақдири уч дақиқада ҳал этилиши, бу уларнинг ҳар бири қилмиши устида судья 45 сония (!) тафаккур қилганини англатади. Бундай тезкорлик, бошқаларни билмадик, аммо биз — оммавий ахборот воситалари ходимларини тамоман ҳайратлантирмоқда: бунақаси бўлган эмас-ов, оперативликда мухбирларни-да чангида қолдириб кетган судьяга офарин, тасанно!

Не дейсизким, судланувчиларнинг адвокатлари бундай фавқулодда ноёб ҳодисани мамнуният ила қабул қилиш ўрнига шикоят битиб, судьянинг хатти-ҳаракатини қоралашга тушишибди. Айтармишки, маслаҳатхонага кириб, уч дақиқада ҳукм чиқармоқ тасаввурга сиғмайди, бу айблов ҳукми аввалдан тайёрлаб қўйилганини билдиради, ҳукм тайёр экан, суд қилмоққа на ҳожат, бунақада суд мажлисининг спектаклдан нима фарқи бор?

Замонга қўшилиб адвокатлар ҳам ўзгараяптими дейсан-да. Яқин-яқингача ўз устидан ишлашдан кўра судьяларга яқин бўлиш чораларини излайдиган кўпгина ҳимоячилар эндиликда хориж киноларидаги ҳамкасбларига тақлид қилишга ўтишаётгандек: суд мажлисида ҳар битта ҳолат устида тортишмоқда, жиноят иши бўйича тайёр гувоҳлар кўрсатмаларига қаноат қилмай қўшимча гувоҳлар дараклаб, ҳатто судга олиб келишдан ҳам тойишмаётир. Агар бу ҳақдаги илтимоси рад этилса, раислик этувчи устидан хусусий шикоят битиши одатий ҳолга айланмоқда. Бизнинг мисолда эса апелляция шикояти битишдан аввал судьянинг устидан вилоят суди раисига ариза ёзишиб, ноёб воқеа аҳамиятига соя солишга уринишмоқда. Гапини қаранг: «...бундай ҳолатда суд мажлисининг спектаклдан нима фарқи бор?». Адвокатларнинг бундай фикрлаши улар Шекспирни ўқимаганидан далолат. Чўққисоқол инглиз айтган эдики, ҳаёт — саҳна, одамлар актёрдирлар... Шундан келиб чиқилса, жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди раиси актёрлик маҳоратига эга экани ҳам ойдинлашади. Ахир йигирма марта ўтказилган суд жараёнининг бирортасида ўқилажак ҳукми тайёр эканини билдирмай-сездирмай ўтиришнинг ўзи бўладими? Буни билган билади, билмаган йўқ! Қўйиб берсангиз, адвокатлар суд мажлислари ҳафтанинг яккаш пайшанбасига, камига оғир иш кунининг охирги соатига тайинлашидан палов еб, қувватини хайрли ишларга сарфлашдек хос ҳуқуқимизга дахл қилинди деб ҳам камчилик топиши мумкин. Яхшики, суд процессида маиший-шахсий ҳуқуқ билан жиноий ҳуқуқ уйғун ҳолда олиб борилмайди.

Айтиш керак, актёрлик маҳорати апелляция инстанциясида иш кўрувчи айрим судьяларда яққол кўзга ташланади одатда. Нега десангиз, бу босқичда ҳаммаси шаклан бинойидек: тартибга монанд суд мажлиси ўтказилади, оқловчи ва қораловчиларнинг важларини бир эмас, уч нафар судья гўёки жон қулоғи билан тинглайди. Бундай манзарани кўрган маҳкум ва унинг яқинларида умид учқунлайдики, мана энди биринчи босқич судида туширилган қовунлар фош бўлади!.. Виқор билан маслаҳатонага равона бўлган суд ҳайъати у ерда анча вақтни ўтказгач (илло уч дақиқа эмас!), бир кун аввал тайёрлаб, ҳатто суд раиси «фатвоси» олинган ажримни баланд оҳангларда ўқиб берадилар! Дод десанг ҳам — шу, вой десанг ҳам — шу!.. Қаҳрамонимиз эса айни тажрибани ҳозирданоқ ўзлаштириб, биринчи босқич судининг ўзида қўллаворган кўринади...

Бунисига нима дейсиз?

Топса Босар

Р.S. Қаҳрамонимизнинг иш жойини ёздигу, аммо исм-фамилиясини кўрсатиб ўтирмадик. Рости, кўз тегишидан чўчидик. Одамнинг кўзи тошни ёради ахир?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг