Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

«EZIDYOR» можароси: ҳам аянчли, ҳам қувончли воқеа

«EZIDYOR»  можароси: ҳам аянчли, ҳам қувончли воқеа

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг хабар беришича, «Tashkent City» қурилиши муносабати билан бузилган «EZIDYOR» ресторанининг эгаси мана 1 йилдирки сарсон бўлиб юрган экан. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваъдасининг устида турмай, рестораннинг ўрнига берилиши айтилган «Sayohat» ресторанини ҳалигача тадбиркорга ўтказиб бермабди.

Айтганча, «EZIDYOR» ресторани Ўзбекистон-Бирлашган Араб Амирлиги қўшма корхонасига қарашли экан, демакки, бу ерда хорижий инвесторнинг манфаатлари ҳам бор.

Судма-суд юрган тадбиркор ахийри май ойига келиб зафар қучибди. Чилонзор туман Маъмурий судининг 2019 йил 16 майдаги ҳал қилув қарорига асосан Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркор манфаатида киритилган даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилибди. Бу албатта қувончли воқеа, суд ҳокимияти орқали ҳуқуқларни тиклаш мумкинлигига яхши сигнал.

Аммо нима учун масала судгача бориши керак? Нима учун тадбиркор турли эшикларда сарсон бўлиб юриши керак? Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев нима қилиб ўтирибди унда? Бино айнан унинг ҳокимлиги даврида бузилган-ку. Ваъдани ҳам ўзи берган бўлса керак.

1 йилдан ортиқ тадбиркор ва унинг юзлаб ходимлари ишсиз қолган! Оиласини қанақа боқади булар, деб ҳеч ким ўйламайдими?

Аҳамиятли томони суд қарори чиққанига 2 ойдан кўпроқ вақт ўтган, лекин унинг ижроси ҳалиям таъминланмаган. Буни палата хабаридан билиб олса ҳам бўлади.

Энди ўзингиз ўйланг, Тошкентнинг қоқ марказидаги шахсан Президент бир неча бора ташриф буюрган бир неча юз миллионлик қурилиш лойиҳасида тадбиркорларнинг, бўлиб ҳам хорижлик инвесторнинг ҳиссаси қўшилган бино бузиб ташланиб, ўрнига ваъда қилинган компенсация 1 йилдан буён берилмаётган экан, унда чекка ҳудудлардан нима кутса бўлади? Ҳеч нарса! Ҳеч қанақа қонун, ҳеч қанақа огоҳлантириш, ҳеч қанақа компенсация... No video, no photo.

Тағин шаҳар ҳокими журналистларнинг ўзини «ёмон хабар ёзсангиз инвестор келмайди» деган маънода айблаб чиққанди. Ажойиб, шундай эмасми? Бузган қолиб, ёзган айбдор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг