Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқи Адлия вазирлигига 10 млн евро миқдорида беғараз грант ажратди

Европа Иттифоқи Адлия вазирлигига 10 млн евро миқдорида беғараз грант ажратди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига 10 млн евро миқдорида беғараз грант ажратди.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, битим адлия вазирининг биринчи ўринбосари Н. Жўраев ҳамда Марказий Осиё ва ЕИ ҳамкорлигини ривожлантириш департаменти директори Пьер Амилхат томонидан 21 ноябрь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон—Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг 14-йиғилишидаги иштироки давомида имзоланди.

5 йилга мўлжалланган грант битими давлат хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилашга қаратилган қатор тадбирларни молиялаштиришни кўзда тутади.

Хусусан, лойиҳада Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Давлат хизматлари марказларини техник жиҳатдан жиҳозлаш, жумладан, сервер, компьютер, тармоқ, телекоммуникация ускуналари, электрон навбат тизими ва видеокузатув мосламаларини харид қилиш ҳам кўзда тутилган.

5 та тажриба ҳудуди (Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари)да давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, уларда Инновация ғоялари ва ишланмалари марказларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, грант доирасида ихтисослашган давлат хизматлари веб-портали, мутасадди органлар ва давлат хизматлари марказлари ўртасида ахборот алмашиш, мобиль иловалар орқали онлайн тарзда давлат хизматлари кўрсатиш учун интеграциялашган маълумотлар базаси ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.

Инновацион технологияларни жорий этиш доирасида мазкур битим блокчейн-технологиялари, Давлат хизматлари марказлари ходимлари фаолияти самарадорлигини режалаштириш ва баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги ходимларининг хорижий таълим муассасаларида малакасини ошириш бўйича ҳам ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг