Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ертўлада яшаётган оилага сенаторлар ёрдамга келишди

Ертўлада яшаётган оилага сенаторлар ёрдамга келишди

Пойтахтимиздаги кўп қаватли уйларнинг ертўласида яшаб келаётган оила ҳақида видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама сабаб бўлди.

Унга кўра, кўчада қолган она ёрдамга муҳтож бўлиб, Сергели туманидаги «Янги Чоштепа» маҳалласидаги уйлардан бирининг ертўласида уч ойлик чақалоғи ва онаси билан бирга яшаб келган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабарига кўра, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов мазкур масалани жойига чиқиб ўрганишди.

Маълум бўлишича, 1996 йил Тошкентда туғилган фуқаро А.Иноғомова пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида доимий рўйхатда туради. Бироқ уйи йўқлиги сабабли онаси У.Иноғомова билан опаси Н.Пўлатованинг Сергели туманидаги «Янги Чоштепа» маҳалласидаги уйда истиқомат қилган. Бир хонали уйда яшаб турган пайтда юзага келган ўзаро келишмовчилик сабаб опаси уларни уйидан ҳайдайди. Оқибатда у уч ойлик фарзанди ва онаси билан ертўлада яшашга мажбур бўлган.

Таъкидланишича, А.Иноғомова Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигига ва бошқа бир қатор тегишли идораларга мурожаат қилган. Аммо ҳеч қандай натижа чиқмаган.

Олий Мажлис Сенати аъзолари ушбу масала юзасидан МФЙ раиси, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар билан суҳбатлашди ҳамда уларга тегишли кўрсатмалар берди.

А.Иноғомованинг муаммоси қонуний кўриб чиқилиши учун маълум муддат талаб этилиши табиий. Шу боис, унга ҳозирда вақтинчалик яшаб туриши учун мазкур ҳудуддаги хонадонлардан бирида шароит яратилди ва ижара ҳақи тўлаб берилди.

Мазкур масала сенаторлар томонидан назоратга олиниб, ижобий ҳал этилиши айтилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг