Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ERIELL Group: Болаларга меҳр улашиб

ERIELL Group: Болаларга меҳр улашиб

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам кунлари ERIELL Group томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Психофизик ривожланиши бузилган болалар учун ихтисослаштирилган типдаги болалар уйида хайрия тадбири ўтказилди.

Бу ерда 51 нафар бола тарбияланиб, уларнинг энг кичиги ҳали 1 ёшга ҳам тўлмаган. Уларнинг ҳар бири алоҳида меҳр, эътибор ва парвариш, энг асосийси доимий тиббий назоратга муҳтож. Муассаса директори Тўхтаназарова Гулнора Махмаджоновна болалар уйи ҳақида сўзлар экан, унга «бизнинг уйимиз», «оиламиз» ва «менинг болаларим», дея таъриф берди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони билан тақдирланган, болалар эса уни оддийгина қилиб — ойижон деб чақиради.

«Бола барибир бола-да. Ҳар бир бола меҳр, муҳаббат ва эътиборга ҳақли», – дейди Гулнора Махмаджоновна.

ERIELL Group болажонлар эҳтиёжига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлади, хоҳ у қиммат даволаниш зарурати ёки уларни ихтисослашган муассасаларда сақлаш шароитларини яхшилаш бўлсин, ҳар доим ёрдамга тайёр. Ўзбекистон Республикасининг «Волонтерлик фаолияти тўғрисидаги» қонуни 4-моддаси ва «Хайрия тўғрисида»ги қонунга мувофиқ компаниялар гуруҳи томонидан Болалар уйи капитал таъмирланди.

Болалар уйига 1962 йилда асос солинган эди. Йиллар ўтиб бино эскириб, таъмирга муҳтож бўлиб қолганди. ERIELL Group томонидан рекорд муддат — бир ярим ой давомида 0,6 га ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Болалар учун икки қаватли ётоқхона корпуси капитал таъмирланди, ўйин хоналари, хизмат бинолари, ювиниш хоналари тўлиқ янгиланди, мебел, кондиционерлар, ошхона жиҳозлари ва замонавий маиший техникалар ўрнатилди. Янгиланган бино болажонларимиз ва ходимларимиз учун бирдай манзур бўлмоқда.

Ойна ва эшиклар, муҳандислик коммуникациялари алмаштирилди, бинонинг ташқи қисми таъмирланди, ички безак ишлари амалга оширилди, ёнғинга қарши тизим ва видеокузатув мосламаси ўрнатилди. Ҳудуд ўйин ва профилактика қисмларига ажратилди.

Болалар уйининг ички ҳовлисида янги айвонлар ўрнатилди, йўлакчалар барпо этилди, чим ётқизилди. Маъмурий бино ҳам таъмирланди.

Янгиланган Болалар уйига тарбияланувчиларни кўчириш муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири хайрия акциясига ҳамоҳанг бўлиб, барчага хуш кайфият бахш этди. Қувноқ мусиқа, пуфакчалар шоуси ва аниматорлар иштирокидаги дастур нафақат болалар, балки катталарга ҳам ҳақиқий завқ-шавқ улашди. Туғилганидан бошлаб мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келган ва бутун ҳаёти давомида туғма нуқсонлар билан курашишга мажбур болаларнинг боши осмонга етди, уларнинг шодон кулгуси атрофни мунаввар қилди. Совғалар, жумладан ERIELL Group томонидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган шерча Лео ҳақидаги қизиқарли китобча ҳам болаларнинг самимий қувончига сабаб бўлди.

Тадбир иштирокчилари учун мевалар ва ширинликлардан иборат фуршет ташкил этилди, байрам палови тайёрланди.

«Болалар уйи қарамоғидаги ҳар бир бола биз учун ўз фарзандимиздек қадрли. Биз уларнинг ҳар бири учун шахсан жавобгармиз. Тарбиячилар ҳам бошқа ходимлар сингари тарбияланувчиларга худди ўз фарзандидек муносабатда, улардан меҳр ва муҳаббатини дариғ тутмайди. Болалар тақдир ҳукми билан ҳаётининг илк кунларидан бошлаб меҳрдан маҳрум бўлган. Бу йўқотиш ўрнини ҳар бир тарбиячимиз тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.
Жамоамиз номидан ERIELL Groupга миннатдорлик билдираман. Меҳрибонлик, эзгулик, ғамхўрлик ва ўзгалар дардига шерик бўлиш — ҳаётдаги энг муҳим фазилатлардан», — деди Гулнора Махмаджановна.

APLA жамоат бирлашмаси, Тошкент вилояти ихтисослашган болалар уйи, «Меҳрибонлик» ижтимоий кўмак жамияти, Республика ихтисослашган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази устидан патронажни амалга оширувчи ERIELL Group «Эзгулик ул»ш" лойиҳаси доирасидаги хайрия тадбирларини давом эттиради.

Маълумот учун: ERIELL — Россия Федерацияси, Марказий ва Жанубий Осиё ва Яқин Шарқдаги етакчи нефт ва газ компанияларига қурилиш ва қудуқларни таъмирлаш бўйича хизматларни кўрсатувчи халқаро нефт конлари компанияси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг