Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энг порахўр, энг ҳалол, энг катта «қовун» — йил сўровномаси ўтказилди

Энг порахўр, энг ҳалол, энг катта «қовун» — йил сўровномаси ўтказилди

«Телеграм» ижтимоий тармоғидаги «Xushnudbek.uz» канали муаллифи, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бир неча йўналишлар бўйича «Солиқ тўловчилар эътирофи» номли жамоатчилик сўровномаларини ташкил этган эди. Бугун ана шу сўровномалар натижалари эълон қилинди.

Айтиш керакки, номинациялар бўйича номзодлар канал ўқувчилари томонидан саралаб олинган ва қолдирилган бир неча юзлаб фикрлар асосида танлаб олинган. Сўровномаларда жами бўлиб 500 мингга яқин овозлар тўпланган ва ҳар бир номинациялар бўйича ғолиблар аниқланган.

«ЙИЛ ДАВОМИДА ЎЗ ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ КУРАШГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ»
Ушбу номинацияда «Ўзавтосаноат» компанияси ғолиб чиққан. Шу билан бирга ушбу номинацияда Давлат тест маркази, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Солиқ қўмитаси ҳам муштарийлар томонидан кўп бора тилга олинган. Ушбу номинация 91,4 минг овоз тўплаган.

«ЙИЛ ДАВОМИДА КОРРУПЦИЯ ЭЛЕМЕНТЛАРИ ЭНГ ЮҚОРИ ДАРАЖАДА САҚЛАНИБ ҚОЛГАН СОҲА (ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ)»
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу сўровнома «ғолиблигини қўлга киритган». Шунингдек, ҳокимликлар, тиббиёт, ички ишлар ва суд соҳаси ҳам ушбу номинацияда ғолибликка даъвогар бўлишган.

«ХАЛҚ МЕҲРИНИ ҚОЗОНГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ РАҲБАРИ»
Мазкур номинация Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов энг кўп овоз тўплади. 85.6 минг овоз тўплаган ушбу номинацияда Шерзод Шерматов (Халқ таълими вазири), Танзила Нарбаева (Сенат раиси), Мамаризо Нурмуратов (Марказий банк раиси), Русланбек Давлетов (Адлия вазири) номлари ҳам қайд этилган.

«ХАЛҚ МЕҲРИНИ ҚОЗОНГАН ҲОКИМ»
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ғолиб чиққан сўровномада 73,2 минг овоз йиғилган. Турдимовга Шуҳрат Абдураҳмонов (Андижон вилояти), Хайрулла Бозоров (Наманган вилояти), Жаҳонгир Ортиқхўжаев (Тошкент шаҳар) ва Ўктам Барноев (Бухоро вилояти) рақиб бўлган.

2019 ЙИЛДА ФАОЛИЯТИ ИЖОБИЙ ТАРАФГА КЕСКИН ЎЗГАРГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ
Матбуот ва ахборот агентлигидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айланган ташкилот ушбу номинацияда Халқ таълими вазирлиги, Марказий банк ва банклар, Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Мактабгача таълим вазирлигидан кўпроқ овоз тўплади. Жами тўпланган овозлар сони 46,5 минг.

«2019 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ДАВОМИДА АҲОЛИНИНГ ЭНГ КЎП ЭЪТИРОЗИГА САБАБ БЎЛГАН ДАВЛАТ ТАШКИЛОТИ»
Йил давомида кўплаб эътирозларга сабаб бўлган ҳокимликлар ушбу номинацияда энг овозга сазовор бўлди. Улар ИИВ Йўл ҳаракати бош бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси, Энергетика вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигини ортда қолдирган. Ушбу номинацияга 37,4 минг овоз берилган.

«ЙИЛ ТАЙИНЛОВИ»
ФИФАнинг яқин ўтмишдаги энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти этиб тайинлангани ушбу номинацияда энг кўп овозга сазовор бўлди. Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев, Бош прокурор Ниғматилла Юлдашев, – Президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев ва Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳам ушбу йўналишда кўп бора тилга олинган.

«ЙИЛ ВОҚЕАСИ»
Абитуриентларга учта ОТМга ҳужжат топшириш имкони яратилгани «ЙИЛ ВОҚЕАСИ» деб топилди. Шунингдек, ушбу номинацияда қуйидаги ташкилотлар ҳам муштарийлар томонидан кўп бора тилга олинди:

— Даромад солиғининг барчага бир хил 12% этиб камайтирилгани
— ОАВ ва блогерларга анча эркинлик берилгани
— Нақд валюта сотишнинг йўлга қўйилгани
— Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилгани
— «The Economist» журнали Ўзбекистонни «Йил мамлакати» деб тан олгани

«ЙИЛНИНГ ЭНГ КАТТА «ҚОВУН» ТУШИРИШ ВОҚЕАСИ»
Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятовнинг «2,5 млн сўм 5 фарзандли оила учун 1 ойга eтади» ибораси энг сўнгги номинацияда энг кўп овоз тўплаган. Шунингдек, «Биз жуда кўп гўшт еяпмиз», «Ўша рўмолини олиб, оғзингга тиқаман», «Шесть секунд», «Тошкентга келиш учун туманидаги инспектордан талон олсин» иборалари ҳам канал ўқувчиларининг «эътирофи»га сазовор бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг