Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Энам яхши»даги вайрона мактаб. Халқ таълими вазири бу мактаб аҳволидан хабардорми? (видео)

«Энам яхши»даги вайрона мактаб. Халқ таълими вазири бу мактаб аҳволидан хабардорми? (видео)

Кадр: «YouTube»

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги мактаб биносини «мактаб» дейишга одам уялади. Туманнинг Энам яхши-2 қишлоғида жойлашган 60-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчи ва ўқитувчилари учун «тегишли шароитлар», «санитария нормалари», «гигиена талаблари», «давомат», «таълим сифати», «фанлар бўйича олимпиада» ва шунга ўхшаш тушунчалар бу ерда ўқийдиганлар учун ёт эди.

Бундан бир неча ой муқаддам «MY5» телеканали мухбири Мўътабар Нурмуҳаммедова тайёрлаган репортаж аввал TV томошабинларини, сўнгра ижтимоий тармоқ саҳифаларини ларзага келтирган эди. Видеолавҳада филиал биносининг томида «осилиб турган» шиферлар остида ўйнаётган болаларнинг хавфсизлиги умуман унутилгани қайд этилади. Эътибор бериб қарасангиз, айнан филиал биносига кириш жойида, яъни эшик тепасида одатда тунука ёки пластик қоплама билан ёпиладиган жойдаги шиферлар «оқиб» тушаётгандек эди...

Кеча, 5 февраль куни Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилгани ва унда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ҳисобот бергани ҳақида маълум қилган эдик.

Матбуот анжуманида «Xabar.uz» журналисти мазкур мактабнинг ҳозирги аҳволи билан қизиқди, вазирнинг мазкур ўқув масканидан хабари бор-йўқлигини сўради. Халқ таълими вазири ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:

— Мактабларни қуриш, таъмирлаш, кўчириш, ёпиш каби ишлар билан ҳокимликлар шуғулланади. Лекин Халқ таълими вазирлиги ҳам бир четда жим қараб турмайди, ўзининг тавсия ва таклифларни беради. Масалан, бир йилда 400 та мактаб капитал таъмирланади, қолган мингдан ортиғи жорий таъмирлаш режасига киритилади. Бирданига ҳамма мактабни қуриб ё таъмирлаш имконсиз. Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади, — деди Улуғбек Иноятов. — Каттақўрғондаги Энам яхши қишлоғида жойлашган мактаб тўғрисида бизга ҳам кўп мурожаатлар бўлган ва мазкур мактаб аҳволини ўрганганмиз. У ерда ўқувчилар сони мактаб қувватига нисбатан қарийб икки баравар кам. Шунинг учун мактабни тўлиқ эмас, бир қисмини таъмирлашга тавсия қилдик.

Суратда ва видеолавҳада кўриб турганингиздек, ушбу мактаб ўзи бир «бурда», лекин шунинг ҳам бир қисмини таъмирлашга тавсия этишибди. Демак, таъмирлаш ҳали бошланмаган, қиш кунида бу мактабда ким ўқийди, боласини ким ўқишга жўнатади? Бунга нафақат Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, балки Самарқанд вилояти ва Каттақўрғон тумани ҳокимликлари ҳам бирдек жавобгар!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг