Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Электрон ҳукумат нега тўлиқ ишга туширилмаяпти?

Электрон ҳукумат нега тўлиқ ишга туширилмаяпти?

Бугунги ахборот технологиялари кенг ривожланган даврда аксарият мамлакатлар электрон ҳукумат, шу жумладан давлат хизматларини рақамлаштирилган тизимини, яъни қоғоз кўринишидаги архив маълумотларини электрон кўринишга ўтказиш ишларини кенг жорий этмоқда.

Аммо ижтимоий тармоқларимизни таҳлил қилганимизда фуқароларимиз электрон хизматлардан ёки фойдаланишмайди, ёки уларни етарли даражада автоматлаштирилмаганини таъкидлашади.

Асосий муаммолар нимада?

Албатта электрон ҳукумат ва онлайн давлат хизматлари ривожланишида барча давлат идораларининг ўрни беқиёс. Бунга фақатгина ҳар бир давлат идораси масъулиятни ҳис этган ҳолда ўзига тегишли бўлган маълумотлар базасини ҳамда архивларини ўз вақтида рақамлаштирсагина эришиш мумкин.

Таҳлиллар натижаси, аксарият идораларнинг давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўладиган маълумотлар базалари рақамли кўринишга келтирилмаганлигини кўрсатмоқда.

«Ўзархив» агентлигининг маълумотига кўра, Миллий архив фонди ҳужжатларининг 5 % ва алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 23 % рақамлаштирилган, холос.

Мисол учун, 17 миллиондан ортиқ ўрта таълим мактаблари ва 6 миллионга яқин ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларининг шаҳодатномалари ҳамда 5 миллиондан ортиқ ходимларнинг ишлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари (меҳнат дафтарчалари) рақамлаштирилмаган.

Бугунги кунда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар бу борадаги йўналишлар бўйича етарли ишларни амалга оширмаяптилар ёки уларнинг раҳбарлари томонидан ушбу ҳолатга жиддий ёндашилмаяпти.

Барча давлат органларининг давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотлар базаларини рақамли кўринишга ўтказмасдан туриб, электрон ҳукумат тизимини тўлақонли амалиётга жорий этиб бўлмайди.

Ҳаттоки бугунги кунда  «Ўзархив» агентлигида бутун республикани қамраб оладиган маълумотлар базаси ва ахборот тизими ҳалигача мавжуд эмас.

Бу эса жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор қийинчиликларни туғдирмоқда. Масалан, фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий сўровларини бажариш бўйича берилган мурожаатлари мавжуд қонунчиликка асосан давлат архивлари томонидан 30 кунлик муддатда кўриб чиқилади. Агарда, ушбу тизим тўлиқ жорий этилсагина, фуқароларга Давлат хизматлари марказлари орқали керакли маълумотларни қисқа дақиқаларда тақдим этиш имконияти яратилади.

Буни амалга ошириш учун албатта кўп вақт ва маблағ талаб этилади. Мана шундай тизимни йўлга қўйсак бу нафақат Давлат хизматлари марказлари томонидан, балки бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматларини кўрсатилишида ҳам қулайлик яратади.

Вазиятни ўзгартириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ҳозирда Давлат хизматлари агентлиги ҳужжатларни рақамлаштириш борасида илк қадамларни қўйган бўлиб, ФҲДЁ органлари ҳужжатларини электрон кўринишга ўтказиш ишларини олиб бормоқда.

Бунинг учун 2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» ги ПҚ–3785-сон қарори қабул қилинди.

Унга кўра Давлат хизматлари агентлигига  «Ягона электрон ФҲДЁ архиви» ахборот тизими билан интеграция қилиш учун ФҲДЁ органларида сақланаётган 60 миллиондан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда 2022 йил 1 январга қадар ягона электрон ФҲДЁ архив фондини шакллантиришни тугатиш вазифаси юклатилган.

ФҲДЁ архивларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини рақамли кўринишга ўтказишни белгиланган вақтда якунлаш мақсадида, Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига 147 та архивариус штат бирлиги ажратилди ва уларга тегишли шарт-шароитлар яратиб берилди.

Ҳозирги вақтда ФҲДЁ бўлимлари ва архивариуслар томонидан бир кунда ўртача 60 мингдан ортиқ далолатнома ёзувлари ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимига киритилиши таъминланмоқда.

Натижада, бугунги кунга қадар  «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига 20,1 миллиондан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари (жамига нисбатан 36,8 %) киритилишига эришилди.

Шунингдек, ахборот тизимига далолатнома ёзувлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш билан биргаликда, далолатнома ёзувларини сканер кўринишда ҳам киритиш лозим. Шу мақсадда, Германия давлатидан замонавий сканерловчи қурилмалар олиб келинди.

Барча фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказиш фуқароларнинг кўп вақт кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишининг олдини олиб, ушбу соҳада ошкораликни таъминлайди ҳамда давлат хизмати кўрсатиш жараёнида инсон омилига барҳам беради. Натижада, порахўрлик, коррупция каби салбий иллатларнинг олди олинади ва бюрократик ҳолатларнинг йўқолишига хизмат қилади.

Бунинг учун ҳар бир давлат органи ва бошқа ташкилотлар ўзларининг маълумотлар базаларини ФҲДЁ электрон архиви каби рақамли кўринишга келтириши лозим.

Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг