Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Электр, сув, кўмир ва китоб — энг йирик туманлардан бирида яна қандай муаммо бор?

Электр, сув, кўмир ва китоб — энг йирик туманлардан бирида яна қандай муаммо бор?

Навоий вилояти, Томди туманидаги кўчалардан бири...

Фото: Xabar.uz

Навоий вилояти, Томди тумани Ўзбекистондаги энг йирик ҳудудлардан экани аввал ҳам айтилганди. Бу ердаги муаммолар ҳам санаб ўтилган. Кеча туманда Халқ депутатлари кенгаши бўлиб ўтди ва унда ўша масалалар яна бир бор кўтарилди. Хўп, муаммо нимада?

Кенгаш аввалида туман ҳокими Қайрат Алдабергенов чиқиш қилди. Маърузадан хулоса чиқариш мумкинки, муаммолар бор, тўғри, аммо унинг ечими ҳам ўйлаб қўйилган. Хусусан, «Томдибулоқ» ОФЙ ҳудудида бўш ётган 50 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил этилади. Бу ерда импорт ўрнини босадиган 7 та лойиҳа амалга оширилади. Унга кўра, газобетону кварцдан шиша тайёрлашдан тортиб, чиқиндини қайта ишлайдиган корхонагача ишга тушириш кўзда тутилган.

Томди тумани ҳокими Қайрат Алдабергенов Халқ депутатлари кенгашида ҳисобот бермоқда

Буларнинг барчаси яхши, албатта. Аммо битта катта муаммо бор — туманда электр токи етишмовчилиги мавжуд. Электр токи бўлмагач, қанақа ишлаб чиқариш ҳақида сўз бориши мумкин? Ҳоким бу борада шундай деди:

— Туманда тадбиркорликни ривожлантириш учун электр энергияси етишмаслиги рост. Бу муаммони ҳал қилиш учун БАА давлатига тегишли компания билан қайта тикланувчи энергия манбаси — шамол электростанцияси қуриш бўйича шартнома имзоланган. Унга кўра аввал 300 мегаватт, кейинчалик 500 мегаватт энергия етказиб берадиган электростанция қурилиши режалаштирилмоқда. Ҳозирда мутахассислар шамол эсиши яхши бўлган жойни танлаяпти. 2021-2023 йилларда ушбу лойиҳа ишга тушиши кутиляпти.

Бугунги кунда аҳолини электр токи билан таъминлаш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Менимча, юртимизда ток мутлақо ўчмайдиган ягона ҳудуд Томди тумани бўлса керак. Фақат куз-қиш мавсумига тайёрланиш мақсадида қисқа вақтга тўхтатилиши мумкин, аммо бошқа вақтда бирор марта ҳам ўчмайди. Насиб қилса, икки-уч йилда шамол электростанцияси ишга тушгандан сўнг ишлаб чиқариш бўйича ҳам ҳеч қандай муаммо қолмайди. Ҳозирча тадбиркорларни ички имконият эвазига ток билан таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Туманда ривожлантириш мумкин бўлган истиқболли соҳалардан яна бири — туризм. Томдининг бепоён чўллари бир қарашда бўм-бўш туюлиши мумкин, аммо неча йилларки экзотикани хуш кўрадиган хорижликларни ўзига чорлаб келади. Агар мана шу қизиқиш тизимли йўлга қўйилиб, инфраструктура билан таъминланса, яхшилаб тарғиб қилинса, туман учун яна бир молия манбаси юзага келмайдими?

— Экотуризм масаласида аллақачон иш бошлаб юборилган, — дейди туман ҳокими. — Туманимиз жуда катта ва чўл ҳудудида жойлашган. Туризмни ривожлантириш учун айнан шу масалага урғу қаратганмиз. Айни вақтда соҳани ривожлантириш учун тадбиркорлар билан келишув мавжуд. Бунинг учун 50 гектар ер ҳам ажратилган. Насиб қилса, келаси йилда ушбу лойиҳа ишга тушади ва меҳмонлар бемалол дам олиб кетиш имкониятига эга бўлади.

Экотуризмни ривожлантириш учун табиатни асраш лозим. Аммо афсуски Томди аҳолиси чўл саксовулини ёқишга ўрганган. Бунинг олдини олиш учун пропан газ ва кўмир таъминоти жуда муҳим. Хўп, бу бўйича иш қандай олиб борилмоқда?

—Дарҳақиқат халқимиз саксовул ёқишга ўрганиб қолган. Бу бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Таъкидлаш жоиз, чўлда фойдаланса бўладиган ва асраш шарт бўлган саксовул бор. Масалан, қуриб қолган саксовул шохларини зарурият бўлганда ёқса бўлади. Бу бўйича ўрмон хўжалиги ва экология қўмитаси билан келишиб олинган. Чўлдаги қуриган саксовул қирқиб олинади ва аҳолига тарқатилади. Бундан ташқари кўмир борасида аҳоли билан тушунтириш ишлари ўтказдик. Туман эҳтиёжи ҳисоблаб чиқилган ва 200 тонна маҳаллий кўмир ҳамда 200 тонна хориждан олиб келинадиган кўмирга буюртма бериб қўйганмиз.

Асосий қисми чўлда жойлашган Томди туманида тоғли ҳудуд ҳам бор. Сел айнан ўша томондан келади

Томди тумани ҳудудида 57 автомобил йўлининг маълум бир қисми ўтади — бу йўл «Қизилқум ҳалқаси» деб аталади. Баҳор фаслида йўл ва ён-атрофдаги овулларга сел келиши ҳолатлари кузатилади. Бу муаммо қачон ҳал бўлади.

— Сел йўлларни ювиб кетиши дарҳақиқат туман учун муаммо ҳисобланади ва унинг ечимини топиш учун шу кеча-кундузда иш олиб борилмоқда. Йўлнинг сел ювиб кетадиган қисмида сув ўтказувчи қувурлар ётқизиляпти. Бу ишлар 10 октябрга қадар якунига етказилиши режалаштирилган. Барча ишлар тўғри амалга оширилган тақдирда, бу бўйича муаммо қолмаслиги керак.

****

Туман кенгаши қисқа вақт давом этди, аммо кўп масалалар кўтарилди. Хусусан, сув таъминоти ва мактабларни дезинфекция маҳсулотлари билан таъминлашдан тортиб, Томдида истиқомат қилаётган қозоқ миллатига мансуб аҳолини тегишли адабиётлар билан таъминлаш ҳам айтиб ўтилди.

Энг муҳим гап эса кенгаш давомида туман ҳокими Қ. Алдабергенов томонидан айтилди.

—Муаммолар етарли ва айни вақтда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра Томди тумани «қониқарсиз» баҳоланди. Бу бўйича қўл остимда бўлган жамоам билан биргаликда айбни тўлиқ ўз зиммамга оламан.

Баъзи жойларда етарлича ишламаганмиз, баъзан эса етарлича қатъият кўрсатмаганмиз, буни тан оламан. Шунга кўра, хатоларни тўғирлаб, жорий йилнинг ўзида туманимизни қизил ҳудуддан сариқ ҳудудга, келаси йилда эса яшилга ўтишга ваъда бераман. Йўл қўйилган камчиликлар бўйича туман аҳолисидан кечирим сўрайман.

Мабодо берган ваъдаларим амалга ошмайдиган бўлса, ўз лавозимимни бўшатиб қўйишга тайёрман, — дея айтиб ўтди туман ҳокими.

Демак, туманда олиб борилаётган ишлар келаси йил яна бир бор баҳоланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг