Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДХМга ишингиз тушса....

ДХМга ишингиз тушса....

Давлат хизматлари маркази дастлаб фаолият бошлаганида турли хил маълумотномалар билан шуғулланувчи бир хизмат кўрсатувчи одатдагидек ташкилот-да, деган фикрда бўлганмиз. Ташкил топганлигининг бир йиллиги нишонланаётган кунлари республика оммавий ахборот воситалари-ю интернет тармоқлари орқали ёритилган факт ва рақамлар билан танишарканман, аниқ янглишганимни англадим. Ниҳоятдаям қувонарли эди улар. Биз ўйлаганчалик, бир неча хил маълумотномалар бериш билан эмас, 116 турдан зиёд давлат хизмати кўрсатилаётгани чиндан-да ҳайратланарли эмасми?

ДХМнинг фаолиятига бу қадар чуқур қизиқишим бежиз эмас. Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги Президент Фармонига мувофиқ ва "Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан батафсил танишгач, у янаям кенг қулоч отишига, тағин ҳам такомиллашувига, хизмат кўрсатишда миқдордан кўра, самарадорликка кўпроқ аҳамият қаратилишига иқрорлигим аввалгидан-да ортди. Фикрларимни узоқдан эмас, айнан туманимиз миқёсидаги мисоллар билан асослашни лозим топдим.

Кўп йиллик иш стажига эга ўқитувчи эмасманми, ҳамқишлоқларим, таниш-билишлар мени кўришса, қулф сандиқлари очилиб кетади денг.

Наргиза исмли дугонам хонадонига табиий газ ҳисоблагич ўрнатиши керак экан. Шу иш билан шуғулланиб юрувчи жиянига учрабди. Иши хамирдан қил суғургандек битгач, устани рози қилиб кузатибди. Лекин орадан бир ой ўтмасданоқ МИБ назоратчилари "мижоз тармоққа ноқонуний уланган"лиги ҳақида далолатнома тузиб, дилини хуфтон қилишибди.

"Аввал ДХМга мурожаат қилишингиз лозим эди", дебди назоратчилар.

"Буни билардим, ҳарна маблағим тежалишини ўйлабман", дермиш у.

Яна бир маҳалладошим эса хонадонига электр ҳисоблагич ўрнатмоқчи экан. Бу ҳақда туман электр тармоқлари мутасаддиларидан бирига айтибди. "Эрта-индин" дея ишини 3 ойдан сўнг битиришибди. Орада қишлоқдан туман марказига бориш, ҳожатини чиқармоқчи бўлган мутахассисни сарға­йиб кутишлар ортиқча. Ва ниҳоят ишини битиришибди. Энди электр тармоқлари идорасига бориб, рўйхатдан ўтказмоқчи бўлса, аввал ДХМга бориши лозимлигини айтишибди. Акс ҳолда ўзбошимчалик билан ўрнатилган ҳисоблагич учун жарима солинармиш.

"Уч ой сарсон-саргардон бўлиб, бир одамнинг қош-қовоғига термулгунча ДХМга борганимда ишим осон битаркан-ку", дейди у афсусланганича.

Биз азалдан шунга ўрганиб қолганмизда. Қанақасига бўлсаям иш битса, олам гулистон эди. Йўқ, энди унақа эмас. Бир укамизнинг айтишича, уй-жой участкасини кадастр қилдириш учун ДХМга ариза берибди. Ўша куниёқ туман кадастр бўлимидан қўнғироқ қилишибди: "ДХМга ариза берган экансиз. Эртага уйингизга ўтамиз" деб.

"Мен эртага Тошкентга кетмоқчи эдим", - дея жавоб қайтаради мурожаатчи фуқаро.

"Эртага ишингизни битирмасам, жарима тўлашимга тўғри келади, акажон. Илтимос, эртага кетмай туринг", - дебди кадастрдан қўнғироқ қилган мутахассис йигит.

Ҳа, ҳозир хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ДХМнинг аниқ муддати белгиланган топшириқномаларини вақтида бажариш ҳаракатига тушиб қолдилар. Муқаддам бундай эмасди. Бажарувчини кутардик, орқасидан югурардик, чўнтагига беш-ўн сўм солиб қўярдик. Унақа замон эртакка айланган бугун.

Бундай савдолар ўз бошимга ҳам тушди. Тадбиркорлик ҳаракати кенгаяётганидан қувониб, биз ҳам расман "Фурқатбек Аҳлиёр" хусусий корхонасини ташкил этдик. Ахир турмуш ўртоғим Фарход акам бинойидек қўли гул дурадгор. Эшик-дераза дейсизми, мебелларми - ҳаммасини худди заводникидек ясайди. Ўғилларим Аҳлиёр, Абдумутал, Фаррухбекларнинг томиридан ота қони оқяпти-ю аллақачон бу ишларни ўзлаштириб бўлишган-да. Йиққан-терганимизни жамладик-да, банкдан имтиёзли кредит ҳам олдик. Хорижнинг сўнгги русумдаги дастгоҳларини харид қилдик. Биномиз эса тайёр.

Ана энди маш-машалар бошланганини кўринг. Энг катта муаммо электр тармоғига уланиш экан. Шунча қилган ишимиз, сарфлаган маблағимизу вақтимиз беҳуда кетгандек. Туман электр тармоқлари корхонасига неча бор мурожаат қилдим. Эс-ҳушимдан ажралаёздим. Қанча важ-карсон, сабаб, баҳоналар олдида ҳар қандай одам эсанкираб қоларкан. Ўйладимки, мен олий маълумотли, кўпни кўрган, эсли-ҳушли, ортида алп қоматли ўғлонлари бор аёлман. Улар ишончли тиргакларим, қўли гул усталар. Оддий, ёлғиз қўл, тадбиркорликни бошлаш учун сармояси етарли бўлмаган кишилар нима қилсин? Тармоққа уланиш учун аллақанча миллион сўм маблағ сўрашди-я. Акс ҳолда янги трансформатор сотиб олишимиз керакмиш. Уни харид қилмасдан Чуст шаҳрига кетишни режалаштирдик. Бунинг учун жойимиз ҳам аниқ эди. Йўқ, фарзандларимнинг ғурури йўл қўймади бунга.

Мурожаат қилишда давом этдик. Бош прокуратурадан туманимизга сайёр қабул учун келишди. Бордим. Лекин бир амалдор танишим аралашуви билан қабулга кирмадим. Электр тармоғи бошлиғи ишимни битиришга қатъий ваъда берди. Ишондим. Хом сут эмган банда, тағин алданибман.

Сўнгги умид сифатида туман ДХМга кирдим. Директор Камолиддин Турдалиев арзимни тинглаётганди, вилоятдаги раҳбарлардан бири қўнғироқ қилиб қолди. Узр сўраган ҳолда телефон гўшагини олди. Суҳбатлашаётган  пайтида жамоа аъзоларининг ишларини зимдан кузатдим. Бахтиёр Абдураҳмонов, Баҳодир Маматқулов, Абдумалик Абдураҳмонов, Учқун Абдураҳимов каби ходимлар бурчларини сид­қидилдан адо этишаётгани, фуқароларга очиқ чеҳра билан боқиб, мурожаатларига яраша жўяли жавоблар қайтаришаётгани, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар беришаётгани менда илиқ таассурот қолдирди. Жамоага вазифасини чуқур англайдиган, ҳалолу пок ходимлар жамланганига амин бўлдим.

- Диққат бўлманг, опа, - деди у гаплашиб бўлгач, телефон гўшагини қўяркан қатъий оҳангда. - Ишингиз, албатта, битади...

Айтганича бўлди. Икки кун ўтмасдан тармоққа уландик. Бунинг учун миллион-миллион пул ҳам сарфламадик, трансформатор ҳам сотиб олмадик. Ҳатто югурмадик ҳам. Бор экан-ку ҳақиқат, бор эканку тадбиркорни ҳақиқий қўлловчилар. Бежизга бу ташкилотни "Давлат хизматлари" деб аташмаган экан-да. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга, халқимизга жонимиз чиққунча фидойилик кўрсатиб хизмат қилсак арзийди. Жамиятимиздаги айрим бюрократ, таъмагир, ваъдабоз раҳбару мутахассисларга ҳам бир кун инсоф кириб қолар.

Айтганча, сафимиз Холдорали, Бекзодбек, Баҳодир сингари ёш, иқтидорли дурадгорлар билан кенгайиб бораяпти. Уларни 30 нафарга етказмоқчимиз.

Гулнора Деҳқонова,

“Фурқатбек Аҳлиёр" хусусий корхонаси

иш юритувчиси, педагог.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг