Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда 220 минг киши қандли диабет билан хасталанган (видео)

Ўзбекистонда 220 минг киши қандли диабет билан хасталанган (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда 400 миллион нафардан зиёд қандли диабетга чалинган бемор бор. Таҳлилларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб 550 миллиондан ошиши мумкин. Ўзбекистонда ушбу касаллик билан 220 минг нафар киши рўйхатга олинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида  ташкил этилган «Ўзбекистон Республикасида эндокринология ҳолати» мавзусида матбуот анжуманида маълум қилинди.

Соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва эндокрин касалликларни олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида Миллий дастур, чора-тадбирлар комплекси, «Йўл харитаси» билан биргаликда Миллий дастурнинг 2019 – 2023 йилларга мўлжалланган асосий масалалари ҳам белгилаб олинган.

Шу асосда Академик Ё. Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари ва етакчи мутахассилари томонидан инсон саломатлиги ва жамият ривожига салбий таъсир этувчи бундай касалликларнинг олдини олиш ва беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги икки йил ичида ҳудудларда эндокринология соҳасини комлекс ривожлантириш, моддий-техник базасини мутаҳкамлаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятлардан пойтахтимизга келиб мурожаат қилувчилар қарийб 3 баробарга қисқарди. Айни пайтда юртимиз бўйлаб 650 нафардан зиёд эндокринолог шифокор фаолият юритмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 октябрдаги тегишли буйруғига асосан, пилот вилоятларда 45 ёшдан ошган ахоли орасида қандли диабет скрининги ўтказилмоқда. Бундан ташқари, қандли диабетнинг сурункали асоратларини камайтириш, уларни юзага келишини кечиктиришга ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтирилган онлайн регистр ишлаб чиқилмоқда.

Эндокрин касалликларни эрта ташхислаш ва даволаш мониторингини ўтказиш учун барча вилоят эндокринологик диспансерларини ўз вақтида, узлуксиз равишда зарур реактивлар, хусусан, гликирланган гемоглобин ва қалқонсимон без гормонлари реактивлари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳар бир вилоят эндокрин диспансерида ўз-ўзини назорат қилиш мактабларида эндокрин касалликлари бор беморлар ва уларнинг оила аъзолари профессионал инструктор томонидан ўқитилмоқда.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолига ихтисослаштирилган эндокринологик тиббий хизмат кўрсатишда етакчи чет эл давлатларининг эндокринология соҳасида эришилган ютуқларни амалиётда жорий этиш, беморларга ихтисослаштирилган юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг