Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Депутатлар Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборишга қарор қилди

Депутатлар Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборишга қарор қилди

Фото: Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Бугун, 23 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, тиббий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар беришича, мажлисда кўриб чиқилган бир масала ўзининг долзарблиги билан диққатга молик бўлган.

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан мамлакатимиз ҳудудларига чиқилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш аҳволини ўрганиш ишлари давомида кўпгина жойлардаги умумтаълим мактабларида тиббий хизмат етарли ташкил қилинмагани, чунончи, врач педиатр ва мактаб ҳамшираси штати жуда кам миқдорда ажратилгани, натижада кўпгина мактабларда тиббиёт хонаси фаолият юритмаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, таълим муассасаларида тиббий ходим фаолиятининг самарали ташкил қилиниши вояга етмаганлар ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилишда ўта муҳим аҳамиятга эга.

Мажлисда депутатлар муаммонинг кўлами ҳамда долзарблигини инобатга олган ҳолда, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимовга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Умумтаълим мактабларида тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги парламент сўровини юборишга қарор қилдилар.

Мажлисда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг