Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Депутат: «Ўзимизнинг муаммони ўзимизга қўйиб беринг!»

Депутат: «Ўзимизнинг муаммони ўзимизга қўйиб беринг!»

Фото: «Facebook/Rasul Kusherbayev»

Шу кунларда бино ва иншоотларнинг ноқонуний бузилиши билан боғлиқ масалаларнинг муҳокама қилинаётганини кузата туриб, бир ҳолатга ҳайрон қолаяпман. Ва назаримда бузилишлар баҳонасида инвесторлар олдида мамлакат имиджини туширишга бўлаётган уринишдек таассурот қолдирмоқда бу ишлар. Билмадим... ишқилиб адашган бўлай.

Қизиғи бинолар, турар жойларни қуриш ва бузиш барча мамлакатлар қатори бу бизнинг ички ишимиз. Бу соҳада қурилишга оид қонунчилигимиз бор. Бу ерда ўзимизнинг одамлар яшайди, иссиқми-совуқми буни ҳам ўзимиз бошдан ўтказамиз. Бироқ айрим халқаро ташкилотлар, хусусан Human Right Watch тадқиқотчиси Стив Свердловнинг хатти-ҳаракатлари четдан туриб Ўзбекистондаги умумий натижаларни йўққа чиқарилишига уринишдек бўлиб кўринмоқда.

Айтиб қўяй: мен Тошкент шаҳар ва бошқа ҳокимларнинг давлат ва жамият эҳтиёжлари учун бино ва иншоотларнинг бузилиши билан боғлиқ йўл қўяётган хатоларини оқламоқчи эмасман, ўзим ҳам кўп ҳолларда Ҳукумат қарори билан тасдиқланган тартибга шошма-шошарлик қилиб, ўз вақтида риоя этилмаётганлигига гувоҳ бўлмоқдаман. Шаҳар ҳокимига эса алоҳида эътирозларим бор. Бироқ бу ҳақида кейин, ҳозир масала бошқа.

Очиғи «Озодлик» ва бошқа ОАВ сайтларида эълон қилинган бузилишларга оид Тошкент шаҳар ҳокими келмаган ғарб дипломатлари ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокидаги йиғилиш ҳақидаги чиқишнинг мантиқли ва холис эканлигига шубҳам бор.

Ўртоқлар бунақа эмасда энди: бу гапларни айтиш сал оғир-ку, бироқ ғарб ваколатхонаси вакиллари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар шунчалик қурилишларда инсон ҳуқуқлари бузилишидан қайғуришса нега Европада, хусусан Грецияда бўлган бузилишлар, нега Доғистонда, Россиянинг Москвасидаги норозилик ва Туласидаги лўлиларнинг қурилмаларини бузилишини худди шундай муҳокама қилиб, ким ҳақ ким ноҳақ эканлигини айтишмади, тадбирлар уюштирмади. Чунки бу мамлакатнинг ичида ҳал бўладиган жараён ва ўзини мустақил, кучли деб ҳисоблаган давлат ички ишига бошқаларнинг аралашишига йўл қўймайди.

Нима бизда давлат, қонун, раҳбар йўқми? Хуллас ўша гап: ҳурматли Стив Свердлов яхшиси ўзимизни муаммони ўзимизга қўйиб беринг қанчалик қийин бўлмасин ўзимиз ҳал қиламиз, ҳал қилишга ўрганаяпмиз. Тадбиркорми, аҳолими ким бўлишидан қатъий назар кўчмас мулк дахлсиз ва у ноқонуний бузилган бўлса, айбдорлар албатта жазосини олиши керак, зарар эса қопланиши. Бу борада мустақил судларимизга ишонайлик.

Олий Мажлис депутати

Расул Кушербаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг