Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат ҳокимияти ва органлари раҳбарларига хусусий ОАВ таъсис этиш тақиқланади

Давлат ҳокимияти ва органлари раҳбарларига хусусий ОАВ таъсис этиш тақиқланади

Фото: «Xabar.uz»

Бугун «Пойтахт» бизнес марказида «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф этилаётган ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, халқаро ташкилот экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидландики, мамлакатимизда жамоатчилик назорати ва очиқ матбуотнинг ўрни, сўз эркинлиги аҳамияти ошиб боришида ахборот соҳасининг ривожланиш суръатига мутаносиб қонуний базани ҳам мунтазам такомиллаштириб бориш зарурати юзага келмоқда. Амалдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунга 2018 йилда ҳам зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди. Ўтган икки йил вақт оралиғида соҳада ўзига хос янги давр бошланди, ахборот макони иштирокчилари талаб ва эҳтиёжлари анчайин ўсди. Давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатлар ҳам ошкоралик принципи асосида шаклланмоқда. Бу эса қонунни яна-да такомиллаштириш эҳтиёжини пайдо қилмоқда.

Лойиҳага кўра, хусусий секторда соғлом рақобатни вужудга келтириш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хусусий оммавий ахборот воситалари таъсис этишни тақиқлаш, оммавий ахборот воситаларининг чиқиш маълумотларига ОАВ таъсисчиси ва ҳомийлари тўғрисида ҳам маълумот жойлаштириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, Оммавий ахборот воситаси бош муҳаррирининг мансаб маоши миқдори унинг муассиси (муассислари) раҳбар ходимлари маошидан кескин миқдорда фарқ қилиши мумкин эмас. Ушбу талаб оммавий ахборот воситаси муассиси ва бош муҳаррири сифатида бир шахс фаолият юритганда татбиқ этилмайди.

Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан яна бири оммавий ахборот воситаси устав фондига (устав капиталидаги) давлат ташкилоти муассис бўлиб кирганда қўшимча мажбуриятлар ҳам юкланиши назарда тутилмоқда. Қўшимча мажбуриятлар деганда оммавий ахборот воситасини моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш,  контенти сифатини ошириш, шунингдек, уларни интернетда ўз веб-сайтларини яратиш орқали илгари суриш ва оммалаштириш учун шарт-шароитлар яратиш, оммавий ахборот воситасини ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш каби вазифалар киради.

Яна бир эътиборли жиҳати — лойиҳада оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини бузиш деб топилиши мумкин бўлган ҳолатларга аниқлик киритилган. Яъни:

а) фуқаролар, давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари, жамоат бирлашмалари томонидан таҳририятлар, оммавий ахборот воситалари тарқатувчиларининг, шунингдек журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш;

б) цензура;

в) таҳририят фаолиятига ноқонуний аралашиш ва унинг ихтисослашув эркинлигининг бузилиши;

г) оммавий ахборот воситаларининг ноқонуний тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши;

д) таҳририятнинг маълумот сўраш ва олиш ҳуқуқи бузилиши;

е) босма нашрни чоп этишнинг ноқонуний тўхтатилиши, унинг бир қисми ёки тўлиқ ададининг йўқ қилиниши;

ж) қонуний асосда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг тарқатилишига тўсиқ қўйиш, даврий нашрлар босма нашрларнинг чакана савдосига ноқонуний чекловлар қўйиш;

з) журналистни ахборотни тарқатиш ёки уни тарқатишни рад этишга мажбур қилиш оммавий ахборот воситалари эркинлигини бузиш деб топилиши кўзда тутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг