Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода III асрга оид ноёб устахона топилди

Бухорода III асрга оид ноёб устахона топилди

«Пойкент - нурафшон шарқ осмони сифатида кўзимга қадимий сирли олам дарвозасидай кўринади. Жамики тангрилар ва афсоналарнинг ватани оғушига чорлаётгандек энтикдим»,- деган эди қадимги Пойкентнинг биринчи америкалик тадқиқотчиси Рафаэль Лампелли.

Қадимий кент саналган Пойкент Бухородан 50 км жануби-ғарбда, Жондор ва Қоракўл туманлари туташган ҳудудда, Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида Мовороуннаҳр музофотининг жанубий қисмида жойлашган.

Пойкент шаҳри эрамиздан аввалги IV-III асрларда Эрон ва Турон чегарасидаги истеҳком шаҳар сифатида қад кўтарган. Бухоро воҳасини ўраб олган Кампир девор қурилиши тугаллангунга қадар Сўғднинг ҳимоясидаги улкан қалъа вазифасини ўтаган.

Пойкент ҳар доим археологларни қизиқтириб келган.

Бухоро вилоят тарихчилар жамияти раиси Азалшоҳ Ҳамроевнинг билдиришича, бир неча ой илгари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти ва Россия давлат Эрмитажи Шарқ бўлими томонидан қадимий Пойкент шаҳри харобаларида археологик қазишма ишлари бошланган. Қазишма ишларининг навбатдаги жараёнида ҳудуддан сополдан ясалган қозон топилган. Мутахассислар томонидан мазкур ноёб топилма тахминан эрамизнинг II асрига тегишли эканлиги аниқланган.

Тарихий манбаага кўра, эрамизнинг III – IV асрларининг иккинчи ярмида Сосонийларнинг босқинчилари билан боғлиқ сиёсий воқеалар натижасида Ўрта Осиё жанубида жойлашган Пойкент шаҳри қалъаси янги девор билан ўраб олинган. Қалъа мудофааси, мудофаа девори ёнида хона ва даҳлиз йўлаги томи шифтидаги майдончадан шинаклар орқали амалга оширилган. Девор ёрар қуролларига дош берадиган мустаҳкам тагкурси қалъа деворларини ўз елкасига кўтариб турган.

Куни кеча ана шундай мустаҳкам Пойкент деворлари бўйлаб олиб борилган изланишлар давомида яна бир тарихий топилма топилгани маълум қилинди.

Пойкент музейи раҳбари Нормамат Собировнинг маълум қилишича, археологик қазишмалар жараёнида ёш археолог Элбек Собиров томонидан металган ишлов бериш устахонаси, яъни хумдон топилган. Хумдон милоддан аввалги III-асрга тааллуқли энг қадимий топилма, деб ҳисобланмоқда.

1981-1982 йилларда Пойкент жанубий шаҳар дарвозасидан бошланган марказий кўчада Х асрга оид темирчилик устахонаси қазиб топилган. Эгаси металлга ишлов бериш билан шуғулланган. Бу ердан металлсозлик ҳунармандчилигига оид иш асбоблари: металл билан ишлаш учун арра, искана ва зарб, қурол-аслаҳа, хўжалик пичоқлари, ўроқ, теша, тақа, эшик қисмлари, тамба, қулф, калит, мих ва ҳоказолар қиладиган асбоблар топилган. Бу археологларда Пойкент – метални қайта ишлаш маркази, деган тахмин уйғотиб келган.

Хумдоннинг топилиши эса шу илмий фаразни ҳақиқатга айлантирди. Хумдондан ташқари, экспедиция аъзолари томонидан сўғд ёзуви туширилган идишлар парчаси, Сосонийлар даврида зарб этилган танга ва ўқ-ёйлар учлари ҳам топилган. Идишлардаги сўғд ёзувлари нусхаси сўғд ёзувини ўқий оладиган мутахассисга жўнатилган.

Саёҳатчиларнинг эсдаликларида Пойкент - «Мўъжизалар ва эртаклар шаҳри» дея тилга олинади. Бу машҳур антик шаҳарнинг атрофида кўплаб қўрғонлар барпо этилган. Пойкент атрофида кўплаб работлар қурилишидан ҳам унинг ҳудуди янада кенгайиб борган. Умумий майдони 20 гектарни ташкил этади. Пойкент атрофида 3000 та работ бўлганлиги ёзма манбалар асосида исботланган. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу шаҳарни қадимги Хитой тарихчилари «Пати-ян», араб тарихчилари Ат-Табарий, Ибн ал-Хордадбеҳ ва Ибн Фақиҳлар «Мадина ат-тужжор»- савдогарлар шаҳри, Муҳаммад Наршахий «Шаҳристони роин»-Бронза шаҳристони ёхуд «мис шаҳар» дея таърифлаганлар. Ўрта аср ёзма манбаларида эса шаҳар Бойканд, хитой солномаларида Би номлари билан юритилган. Унинг номлари «Қуйи шаҳар» маъносини англатади. Пойкент мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўраб олинганлиги сабабли «жездан қурилган шаҳристон» (жез шаҳар) номи билан ҳам шуҳрат топган. Қадим Пойкентдан тарихий устахонанинг топилиши ҳали бу масканнинг янаям ҳайратланарли янгиликлар борлигидан далолат,-деди ёш тарихчи Шавкат Бобожонов.

Пойкентда археологик қазишмалар давом этмоқда.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг