Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухоро ИИБда «Тун» тадбирини ташкил этишда камчиликлар аниқланди

Бухоро ИИБда «Тун» тадбирини ташкил этишда камчиликлар аниқланди

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро вилояти ИИБ томонидан белгиланган вақтларда ўтказилиши режалаштирилган «Тун» тадбирини ташкил этишда тезкор-тергов гуруҳларининг фаолиятида камчиликлар аниқланган. Гуруҳ вакилларини ишга масъулият билан ёндошиб,  аҳоли хавфсизлигини таъминлашда сергакликка чақирилаётган  пайтдаги талабдорлик ҳолати эса ижтимоий тармоқларда «Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасидаги «лўттивозлик»  салавҳаси остида хабар талқинида тарқалган. 

Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га билдиришича, тунги вақтларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноятчиликни олдини олиш ва тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 30 ноябридан 1 декабрга ўтар кечаси «Тун» тезкор профилактик тадбири уюштирилиши кўзда тутилган бўлган. Унга кўра, вилоят ИИБ бошлиғининг алоҳида фармойиши асосида, барча шаҳар-туман ички ишлар органлари ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат алоҳида гуруҳлар тунги соат 22:00 дан соат 06:00 га қадар бўлган вақт оралиғида хизмат олиб бориш тартиби белгилаб берилган бўлган.

«Жорий йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида вилоятнинг олис туманлари, жумладан, Шофиркон, Пешку, Ромитан, Қоракўл, Олот, Когон ва Бухоро туманларида одамлар хонадонларида чорва-мол ўғирликлари кўп содир бўлди. Тун пайтида турли жиноятлар салмоғининг ошиб бораётгани учун график асосида электр энергияси чекловларининг ўрнатилганлиги сабабли чекка маҳаллалардаги жамоатчилик назорати масканлари ва чўл массивларига туташ манзилларда гулхан ёқиб, хизматни ташкил этишга рухсат берилди. Ушбу масалада ёшлар етакчилари мутлақо жалб этилмаган ва шунингдек, хизмат ходимлари ҳам бу ишга мажбурланмаган», – дейди Шуҳрат Жалолов.

Маълумки,  «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-92-сонли қарори билан тасдиқланган «Қалқон» жамоатчилик гуруҳлари тўғрисидаги «Низом» нинг тегишли бандларига асосан, «Тун» тезкор профилактик тадбирларига ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари билан биргаликда, маҳалла ёшлар етакчилари томонидан маҳаллалардаги ёшлар «Қалқон» гуруҳларига жалб этиб келинмоқда.

«Қалқон» гуруҳи аъзолари ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тадбирларига жалб этилади. Бунда маҳаллалардаги кўнгилли ёшлар иштироки ихтиёрий тарзда таъминланади. Ижтимоий тармоқларда фаоллашган хабарда бу тадбирда ёшлар етакчилари мажбурлангани айтиб ўтилган. Бироқ, ушбу тадбирда вилоятдан бир нафар ҳам ёшлар етакчиси жалб қилинмаган. Фақатгина «Қалқон» гуруҳи фаоллари жамоатчилик вакили сифатида қатнашган бўлиши мумкин», – дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими.

Маълум бўлишича,  Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан шаҳар ва туманларда ташкил этилган «Тун» тадбири давомида тергов-тезкор гуруҳларининг фаолияти ўрганилганда, қатор камчиликлар аниқланган, уларнинг ишга лоқайд ва эътиборсиз қарашгани очиқланган.

«Ҳар бир ходим эгнидаги формасига муносиб ҳаракатда бўлиши, тизим қонун-қоидалари ва талабларига қатъий амал қилиши муҳим. Тунги вақтларда маҳаллаларда фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлиги, мол мулклари дахлсизлиги, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўша тунги «Тун» тадбирига бефарқ ва нописанд бўлган тезкор-тергов гуруҳларининг вакиллари огоҳликка чақирилган ва сергаклантирилган», –  дейди Шуҳрат Жалолов.

ИИВнинг тегишли буйруқлари талаблари асосида «Тун» тадбирининг масъул раҳбар ва ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган. Текширув якуни бўйича масъул раҳбар ва ходимларга интизомий таъсир чоралари қўлланилиб, жанговар шайликни ошириш бўйича «тезкор режа»лар асосида машғулотлар ўтказилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг