Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ёдгорлик» – Шавкат Мирзиёев

«Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ёдгорлик» – Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари 9 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати пойтахтимизда барпо этилган Ғалаба боғига ташриф буюрди.

Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшган. Лекин бу жасоратни бор кўлами билан кўрсатиб берадиган яхлит мажмуа йўқ эди. Ўтган йили Президентимиз улкан боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ташаббусини илгари сурган эди.

Шундан сўнг, илмий-ижодий жамоатчиликнинг таклифлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида бадиий-меъморий концепция ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги лойиҳалар билан бир неча бор танишди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 12 гектардан зиёд жой ажратилиб, улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Ғалаба боғи ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат. Биринчисида ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокидан лавҳалар, иккинчисида фронт ортидаги республикамиз ҳаёти акс этган.

Президентимиз дастлаб «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ёдгорлик қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа – мўътабар она ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳақиқат асос қилиб олинган.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган, бошқа турмуш қурмаган.

Ўтган йилги Хотира ва қадрлаш кунида давлатимиз раҳбари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга «Матонат мадҳияси» деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади. Шу мавзуда мақолалар, шеърлар ва бадиий фильм яратилди.

– Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг