Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Боёвутда 23 нафар бола заҳарланди

Боёвутда 23 нафар бола заҳарланди

18-19 июнь кунлари Сирдарё вилояти, Боёвут тумани 21-сонли мактабгача таълим муассасасининг 23 нафар тарбияланувчиси, 1 нафар тарбиячиси ҳамда 1 нафар ҳамшираси тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши, қайд қилиш, ич кетиши, қорин соҳасида оғриқ каби касаллик белгилари билан Боёвут туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига «ўткир ичак касаллиги, овқат токсикоинфекцияси» ташхисига гумон қилиниб ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди. 

Дастлабки эпидемиологик суриштурувлар жараёнида мазкур муассаса ичимлик суви билан таъминланмагани, 17 июнь куни тоза ичимлик суви ташиб келтирилмаганлиги натижасида боғчанинг санитария-гигиена қоидалари ҳолати қониқарсизлиги, шунингдек, болалар қайнатилмаган сув ичганлиги ҳамда боғча ҳудудидаги мавжуд ўрикзордан ўрик мевасини яхши ювмасдан еганлиги оқибатида касаллик келиб чиққанлиги тахмин қилинмоқда. Ўрганиш ва лаборатория текшириш ишлари давом этмоқда.

Беморларнинг аҳволи ўрта ва енгил оғирликда, шифохонада дори- дармонлар етарли миқдорда, уларга керакли барча тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Вирусоология илмий текшириш инсититути ҳамда Республика давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг бир гуруҳ тажрибали мутахассислари мазкур ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш, амалга оширилаётган даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, маҳаллий шифокорларга амалий ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилди.

Вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олингани айтилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг