Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Қорақалпоғистон ва Хоразмга борди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Қорақалпоғистон ва Хоразмга борди

Фото: «ЎзА»

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органларининг жорий 6 ойлик фаолияти билан танишиш мақсадида 8—9 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Сафар давомида тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай муҳит ва шарт-шароитлар яратиш, мавжуд тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш борасида 195 та тадбиркорлик субъекти билан ҳар иккала ҳудудда алоҳида учрашувлар ташкил этилиб, соҳага масъул идоралар, ижро ва назорат органлари, тижорат банклари раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Учрашувларда асосий эътибор ҳудудий ва республика даражасидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилди.

Жумладан, мулоқотлар давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган кредит ажратиш, «нол» қийматда ва имтиёз асосида бино олиш, электр ва газ таъминоти, ер майдони ажратиш, лицензия ва рухсатнома олиш билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилди.

Бўш бинолар ва ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти идоралараро комиссиялари ҳисоботи эшитилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Шу билан бирга, сафар давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти прокуратуралари фаолияти ҳам ўрганилди.

Ўрганиш натижалари, фаолиятни ташкил этиш, ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида йўл қўйилган камчиликлар прокуратураларнинг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида танқидий муҳокама қилинди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, аёллар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, 5 та ташаббусни амалга оширишга кўмаклашиш, тадбиркорлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ёшлар — келажагимиз» ва «Ҳар бир оила тадбиркор» дастурлари ижроси устидан назорат олиб бориш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида прокуратура органлари олдида турган вазифалар ижроси юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Прокуратура органларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан, садоқат ва масъулият билан бажариш, коррупцион иллатларнинг олдини олиш, чинакам «халқ прокуратураси»ни шакллантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг