Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Борий Алихонов: «Атомни даҳшатли, важоҳатли, вайрон қилувчи нарса деб тушунишади»

Борий Алихонов: «Атомни даҳшатли, важоҳатли, вайрон қилувчи нарса деб тушунишади»

Фото: «Spot.uz»

Аввал хабар берилганидек, 31 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Борий Алихонов иштирокида интервю ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистонда электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда бирламчи ёқилғи сифатида асосан табиий газ ва бошқа анъанавий углеводород ёқилғи турларидан фойдаланилаётгани, бунда қайта тикланувчи энергия манбаларининг (қуёш, шамол ва биогаз энергияси) мавжуд юқори имкониятларидан амалда фойдаланиш кераклиги таъкидланди.

Энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда қайта тикланувчи энергия ресурсларининг аҳамияти муҳокама қилинди. Журналистлар айнан энергетика хавфсизлиги нуқтаи назаридан қараганда, Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилишига қандай баҳо бериш мумкинлиги ҳақида савол берди. Қуйида Борий Алихоновнинг жавоби тўлиқ келтирилади:

«Мана шу масаланинг моҳиятига етиш мақсадида биз, бир гуруҳ депутатлар атом электр станциялари фаолиятини ўрганиш учун хорижий мамлакатларда бўлиб қайтдик. Жумладан, Россиянинг Нововоронеж шаҳрида, Венгрияда, Япониядаги Фукусима атом электр станцияларида бўлдик.

Ушбу давлатлардаги АЭСлар билан яқиндан танишиб, ҳамма жараённи ўз кўзимиз билан кўрганимиздан сўнг бу энергетик ва экологик жиҳатдан безарар технология эканига иқрор бўлдик.

Реакторда содир бўлаётган реакция реакторнинг ичида қолади. 11 та ҳимоя қилиш қобиғи, муҳофаза тизимлари бор. Булар станцияда хавфсизликни буткул таъминлайди.

АЭС энергия самарадорлигини ошириш, юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиш гарови бўлиш билан бир қаторда энергетик ва экологик хавфсиз ресурс.

Айрим одамларда стереотиплар бор, кимларнингдир ёки нималарнингдир таъсирида шаклланиб-қотиб қолган тушунчалар бор. Атомни даҳшатли, важоҳатли, вайрон қилувчи нарса деб тушунишади. Ўша маълум сонли одамларнинг дунёқарашини, фикрлашини ўзгартиришимиз, уларда энергия манбаларига тўғри муносабат уйғотишимиз керак.

Нововоронежда бўлганимизда болалардан то катталаргача хизмат кўрсатувчи Атом энергетикаси ахборот маркази билан танишдик. Бу ерда атом энергетикасига оид билимлар оддий, содда тилда инновацион усуллар ёрдамида қизиқарли қилиб тушунтириб берилади. Биз Ўзбекистонда ҳам шундай ахборот марказларини ташкил этмоқчимиз.

Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишда хавфсизликни таъминлашнинг самарали механизмлари «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ҳам ўз аксини топган».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг