Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бомбалар, оналар ва адолат...

Бомбалар, оналар ва адолат...

Иллюстратив фото

Дунёда оналарнинг энг ёмон кўрган қуроли бу бомба бўлса керак. У ногоҳон келиб тушадию, жамиги жонлиқни ва жонсиз борки кунпаю кун қилади. 

Беқарор Сурия, Афғонистон, Ливия, Эфиопия, Яман, Тоғли Қорабоғ, қаерда бир ўқ отилса, аввало оналарнинг жони оғрийди. Чунки бу беқарорликлар охир оқибат уларнинг бўйида эт олган ва бўйи қатори бўлган ўғлонларини ажратишга олиб келади.

Аммо уруш истагидаги сиёсатчилар оналар фикри билан бирор маротаба Кенгаш тузиб ўртоқлашгани ҳақида этишмаганман. Агар шундай қилинганида, Ер юзида уруш туфайли фарзандидан айрилган оналар бўлмас эди.

Аслида оналарнинг жанговор огоҳлик қўнғироғи доимо ёқиқ туради. Улар болаларнинг ҳар бир ташвиши ва дардини ўз юраклари орқали ҳис қилиб ечим топишга урунишади. Оналар нотинчликлардан жуда қўрқади. Майли, уйда етишмовчилик ҳам, болам хонадонида оиласи билан доим тинч ўтирсин дейди.

Дунёнинг ишлари қизиқ. Стокгольм тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институти дегич ташкилот маълумотларига кўра 2019 йилда дунёдаги барча мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари салкам 2 триллион долларга етиб, аввалги йилларга нисбатан 3,6 фоиз ўсмоқда.

Ўқитувчи сифатида комил ишонч билан айта оламанки, бу пулга сайёрамиздаги барча мактабларни бош-оёқ қайтадан таъмирлаб, уларни керакли жиҳоз ва адабиётлар билан таъминлаб қўйиш мумкин бўларди. Айрим, отаси пул топиш учун олис ўлкаларга кетиб, онаси уй юмушларидан ортмаётган болаларнинг имконсизлигини кўриб, юрагим сиқилиб кетади.

Шунда 2021 йилда одамзот бутун ҳарбий харажатлардан тийилиб, ҳамма соққани таълимга ташласа, нима бўлар экан, деб хомхаёл ҳам қилиб қоламан. Барибир инсонни ракета билан тарбиялаб бўлмас экан, ўқимаган болаларни у билан қўрқитиб ҳам бўлмайди.

Террорчилар, ашаддий экстремистлар ҳам ўзи қаердан чиқади. Китоб ўқимаган бошдан чиқади.

Катта давлатлар ҳам ўрнак бўлиш ўрнига нуқул бир-бирига кучини кўрсатиш билан овора бўлиб қолди.

Россия дегич давлат ўтган йили оз эмасам, кўп эмасам, 65 миллиард долларини ҳарбий бюджетига ажратибди. Бу ялпи ички маҳсулотга нисбати (3,9 фоиз) бўйича Оврўпадаги энг катта кўрсаткич бўлиб чиқаяпти.

Мен масалан, айтаманда, ундан кўра шунинг яримини ичкиликбозликка қарши курашга, эгоистлашиб бораётган болаларни меҳнаткашликка ва катталарни ҳурмат қилишга ўргатишса қанча гулистон шаҳарлар бунёд бўлиб кетмасмиди... Деҳқончиликка берса, ер яйраб ҳосилини мўл қиларди. Чорвадорларга берилса гўштнинг нархи ҳам анча тушиб қоларди. Африкада қанча-қанча очлик исканжасидаги шўрлик фарзандлар тирик қоларди.

Вуй, Амирқонинг сарфи ўрисларникидан ўн баравардан ҳам кўп экан. Нақд 732 миллиард доллар. Ундан кейин Хитой 261 миллиард, Ҳиндистон  71 миллиард билан бир-бирини қувиб ётибди. Эналар ҳам ўзи сиёсатга жуда қизиқиб юради, булар яна бир нарсани бошламасин деб доим ҳадик хавотирда юради.

Ўзи НАТО дегич иттифоқ 1 триллион 35 миллиард долларлик ҳарбий харажатлар қилибди. Булар яна бирор нарсани бошламайди деб доим хавотирда юрадиган бўлиб қолдим. Тўғриси, ўғилларинг армия ёшига етай деб қолса, одам сал нотинчлик ва беқарорликнинг ҳиди келса, қўрқиб қоларкан.

Ироқ, Афғонистон, узоққа бормайлик мана Беларусдаги ҳодисаларни кузатар эканман, ҳар қандай армия ва қуролли кучлар ҳаракатлари охир-оқибат адолат посангисини ололмаса, кутилган самарани бермаслигини аён бўлди. Шу маънода бутун дунё ҳамжамияти жаҳон оналари юрак  истакларига, демакки адолатга қулоқ солиши даври келди.

Маҳбуба Жабборова,
инглиз тили ўқитувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг