Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бизнинг ҳолимизданам хабар олиб қўйинг, ўртоқ подполковник!

Бизнинг ҳолимизданам хабар олиб қўйинг, ўртоқ подполковник!

Денов тумани, «Хайрабод» ҚФЙ, Остона маҳалласи қоқ марказида бобом замонидан буён одамлар чанқоғини қондириб, айқириб оқаётган артизиан крани бундан уч-тўрт йил муқаддам даб-дурустдан тиндию-қолди. Одамларнинг ташвиши ортди. Ахийри сувторткич (качайт) ўрнатилди. Ризқ-насиба экан, ҳартугил, оби зилол жилдираб оқа бошлади...

Бу ҳолат юзасидан туманимиз валинеъматига бир неча маротаба озғаки, телефон ва бир энлик хат орқали мурожаат қилдик. Жавобларнинг барчаси кўнглимизни кўтарди: «Ҳаммаси яхши бўлади, битта артизиан кран ўрнатиб берамиз». Бу гапдан, айниқса, аҳоли роса хурсанд бўлди. Улар ҳоким бобони тинмасдан дуо қилдилар. Нега?...

Сабаби, шугина артизиан қудуғи қарийб уч юз хўжаликни тоза ичимлик суви билан таъминлаб келарди. Экин-тикин бўладими, мол-ҳолми, ҳаммасининг тақдири шу қудуққа боғланганди. 40 метр наридаги 30-умумий ўрта таълим мактаби ҳам шу сувдан таъминланарди. Энди-чи? Энди жилдираб оқаётган сувга ўнлаб одам навбатга туради. Баъзан сен-менга боришади. Хуллас, сув танқислиги қурсин! Шунинг учун ҳам кексаларимиз ваъда берганларни роса алқаганди.

Айтган-ча, сўнгги мурожаат асносида туман ҳокими Бахтиёр Ибатов «Сувоқова» ДУК раҳбари Бўри Шодмоновни ёнига чақириб қатъий топшириқ бердики, бу иш, албатта, ижобий ҳал этилсин! Аммо-лекин Бўри ака ҳақиқатан ҳам ишнинг кўзини биларкан... генералдан буйруқ олаётган аскар мисоли «есть» дедию...

Шу билан юқори мартабали одамларни кута-кута кун санадик. Ана келар, мана келар, деб кўча пойладик. Эндиии, катта одамлар-да, шунга яраша ишлари кўп, ҳадеганда, қадам ранжида қилмадилар. Кунларнинг бирида ўша одамлардан бири келиб, қудуқни ўнгу сўлидан суратга олди, бошлиқларига кўрсатди, улар эса на рамзи, на имзоси бор бир парча хатга тиркаб вазирликка жўнатди (чинми, ўтрикми, билмадик!). Ундай деди, мундай деди, хуллас, иш чўзилгандан чўзилди. Қурғур маҳалла аҳлиям бўш келмади, юқори мартабали одамларнинг кетидан қувиб бораверди. Ниҳоят мутахассислар барча харажатлари билан қирқ миллиондан ортиқроқ суммани ҳисоблаб чиқишди. Шундан сўнг Бўри акамиз сим қоқиб гапнинг пўст калласини айтди-қўйди: «Укажон, энди менимас, ҳоким бобони безовта қилаверинг! Пул каттада. Бизнинг чўнтакда бир мириям йўқ!»

Безовта бўлган ҳокимимиз эса иш аллақачон битган, деб ўйлабди. Начора, яна изла-изла, топ-топ бошланди. Яна ўша Бўри акамиз дона-дона қилиб айтдиларки, маблағ йўқ-ку, укажон, қачон топсак, албатта, ишни бажарамиз.

Рости, сувга тушган мушукдай аҳволда қолдик.

Остоналикларнинг бу сингари мурожаатлари туман мутасаддиларининг аллақачон эсиданам чиқиб кетгандир. Лекин сув ичиш бизнинг эсимиздан чиққани йўқ.

Маҳалламиз аҳли ўз ғазнасига эга туман ҳокимлигидан ҳамон умидвор. Қаранг-а, энг хокисор, энг андишали инсонлар Остона маҳлласида яшаса керак. Негаки, улар умид қилади, талаб қилишни билмайди...

Шу ўринда бир эскартиш: маҳалламизга учинчи сектор раҳбари, Денов тумани ИИОФМБ бошлиғи, подполковник Илҳом Юсупов масъул экан. Буни қарангки, туманда нима тадбир бўлса, милицияларнинг бошлиғи ҳозиру нозир. Лекин ўз секторидаги Остона маҳалласига келиб, бирор марта халқнинг дардини тингламаган. Бизнинг ҳолимизданам хабар олиб қўйинг, ўртоқ подполковник!

Дарвоқе, байрам муносабати билан менинг азиз маҳалладошларим барчангизни Янги йил билан қутлади. Жумладан, Бахтиёр Кенжаевичга ҳам алоҳида табрик айтдилар.

PS: Айтганча, Остонада ушбудан ташқари яна кўплаб муаммолар бор. Улар ҳақда эса келгусида гаплашамиз.

Дилмурод СОДИҚОВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг