Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон байроғини 266 метр баландликка кўтарамиз! Ишчиларга яхши шароит яратамиз. Туркиялик сармоядор ваъда берди (видео)

Ўзбекистон байроғини 266 метр баландликка кўтарамиз! Ишчиларга яхши шароит яратамиз. Туркиялик сармоядор ваъда берди (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун Murad Buildings ҳамда Туркиянинг ÖzGüven қурилиш компаниялари раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман давомида ҳамкорликда қуриладиган «Nest One» осмонўпар биноси тақдим этилди ва у ҳақда атрофлича маълумот берилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»да аввалроқ қисқача маълумот бериб ўтилган эди.

Тадбир давомида лойиҳанинг умумий қиймати маълум қилинди — 150 миллион АҚШ доллари. Бино қурилишида бетон таъминотини йўлга қўйиш учун 4 миллион доллар эвазига Тошкентда алоҳида бетон заводи қурилмоқда. Бу завод фақат осмонўпар бино учун 800 маркали бетон етказиб беради.

Бино баландлиги 266.5 метр бўлиши аввалроқ хабар қилинган эди. «Насиб қилса биз Ўзбекистон байроғини 266.5 метр баландликка кўтарамиз. Бу биз учун улкан шараф», — деди бу ҳақда ÖzGüven компанияси директорлар кенгаши раиси ва бош инженери Ўзгур Ўнур Ўзгувен.

Шу билан бирга туркиялик сармоядорлар қурилишда ишлайдиган ишчилар хавфсизлиги ва таъминоти учун барча шароит яратилишини ваъда беришди.

Хусусан, Xabar.uz мухбири томонидан қуйидагича савол берилди: «Тошкентдаги қурилишларда, хусусан, Tashkent Cityда ҳам ишчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолати учрамоқда. Озиқ-овқат таъминоти, хавфсизлик борасида муаммолар бор. Афсуски куни кеча пойтахтдаги қурилишлардан бирида фожеа рўй берди. Яна иш жойига бўлган талаб юқори бўлгани боис, кам маош эвазига ишлатиш ҳолати учрайди. Бу борада нима дея оласиз?»

Ушбу саволга ÖzGüven компанияси раҳбари қуйидагича жавоб берди.

«Бизнинг лойиҳамиз «Nest One» деб номланади ва у ўз йўналишига кўра биринчиси ҳисобланади. Tashkent City халқаро сармоя киритиш лойиҳаси бўлиб, бутун дунёда уни яхши билишади. Бу ерда халқаро компаниялар фаолият олиб боришмоқда. Мен бошқалар учун жавоб бера олмайман, аммо билишимча иш шароити етарлича яхши.

Масалан, биз айнан шу масалада иш олиб бормоқдамиз ва 2000 метр квадрат жойда айнан ишчилар учун нафақат ошхона, балки ижтимоий ҳимоя ҳудуди қурмоқдамиз. Биз учун энг муҳим турадиган, биринчи савол бу — ишчиларнинг шароити, хавфсизлиги ва соғлиги. Худо хоҳласа мен ва ишчиларим — ҳаммамиз яхши шароитда ишлаймиз», — деди Ўзгур Ўнур Ўзгувен.

Шу билан бирга анжуман давомида яна бир қатор саволларга жавоб берилди. Лойиҳа ташкилотчиларининг маълум қилишича, «Nest One» осмонўпар биносининг ер остидаги қисми учун сарфланадиган маблағ ер устидаги қисми учун сарфланадигани билан баробар бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг