Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бир қўй 2 сўму 50 тийин...»: 120 йил аввалги Тошкент ҳақида хотиралар

«Бир қўй 2 сўму 50 тийин...»: 120 йил аввалги Тошкент ҳақида хотиралар

«Бир қисми тимдан иборат бозорда 4,5 мингта дўкон, чойхона, ошхона, устахона ва карвонсарой борки, улар бозор кунлари тиқилинч бўлади. Шаҳарликлар, далалардан келган деҳқонлар, туя карвонлари, отлиқлар, аравалар билан шу қадар тўлиб кетадики, юришга илож бўлмай қолади. Бозорчиларнинг бақириқ-чақири, гадойларнинг хайр-садақа тилаши, қаландару маддоҳларнинг қироатли ўқишлари, туяларнинг бўкириши-ю, эшакларнинг ҳанграши аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Бу маҳобатли гулдурос бозордан олис-олисларда ҳам эшитилиб туради...»

Юқоридаги хотиралар Тошкентнинг «Эски шаҳар» бозоридаги манзарадан ҳайратланган россиялик В.Масальский томонидан 1901 йилда битилган.

Ўша вақтда Чор Россияси 1865 йилдан Тошкентни ўзига қарам қилгани боис рус савдогарларининг моллари тобора кўпайиб, савдо ғоят қизғин борар, негаки маҳаллий аҳолида уларга талаб ҳам кучли эди.

Айниқса, Россиянинг Оренбург, Петропавловск шаҳарларидан келадиган савдогарлар ғоят кўп бўлган. Одатга кўра, барча юклар карвонлар орқали келтирилиб, бу шаҳарлардан йўлга чиққан савдогар 35 кунда Тошкентга етиб келар, гоҳида эса чорва молларини ҳайдаб келадиган ва кетадиган бўлса, сафар 50 – 60 кунга чўзиларди. Карвонлар орқали эса талаб ва эҳтиёж катта бўлгани боис, Русиядан ип-газлама, гулли чит, дока, чўян, мис, қанд, мовут ва рўмоллар олиб келинган.

Биргина 1874 йилда Тошкентга Петропавловскдан 1.725 туя, 1 от, Тоицкдан 6.551 туя, Оренбургдан 6.455 туя, 2 арава, Семипалатинскдан 7 туя, 28 арава, Семиреченскдан 119 туя, 5 от, 55 арава, Қашқардан 561 туя, 37 от, Ғулжадан 18 туяда маҳсулотлар келтирилган.

Ўлкада узоқ йиллар хизмат қилган рус генерали А.П.Хорошкиннинг эсдаликларида ёзилишича, «Тошкентда 20 сўм пули бўлган киши бемалол савдогарлик қилавериши мумкин. Зеро, бир қўй 2 сўму 50 тийин туради».

Агар биргина 1874 йилда Русиядан келтирилган маҳсулотлар нархини кўздан кечирсак, рус савдогарларининг молларига қанчалик талаб катта бўлганини кўрамиз. Масалан, атторлик моллари 174.888 сўм, ипак ва ипакдан тўқилган моллар 324.889 сўм, гилам ва палослар 40.247 сўм, тайёр буюм ва пойафзаллар 97.766 сўм, ёғоч ва ёғоч буюмлар 107.929 сўм, чой 180.729 сўм, баққоллик моллари 273.606 сўмни, йигирилган ип эса 1.244.238 сўмни ташкил этган. Айни пайтда Тошкентнинг маҳаллий аҳолиси ишлаб чиқарган 1.506.888 сўмлик жун буюмлари, 6.592 сўмлик ярим ипак матолар, 23.230 сўмлик гилам ва палослар, 32.750 сўмлик от эгари ўша пайтда четга экспорт қилинган.

Табиийки, экспорт ва импорт қилинган шу ва бошқа моллар Тошкент бозорларида савдогарлар томонидан харид қилинар ёки молларга алмаштириларди. Россия, Хитой, Қашқар, Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистон билан қизғин савдо йўлида жойлашган Тошкент бозорларидаги манзарани таниқли рус рассоми В.Верешчагиннинг хотираларидан яхши билса бўлади:

«Мен кўрган шарқ шаҳарларининг ҳеч бирини кенглиги жиҳатидан тошкентликларнинг бозорига тенглаштириб бўлмайди. Ундаги дўконлар кичкина бўлсада, сон-саноқсиз. Айтиш қийин, Тошкентда дўкондорлик билан шуғулланмайдиган бирор киши бўлмаса керак. Тошкент бозори кўчалар йиғиндисидан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири қатор расталардан иборат, булар ҳаммаси торгина, кўримсиз, аммо жуда салқин кўчалар. Бўйралар кўчанинг у бошидан бу бошигача тортилган бўлиб, бир дўкондан иккинчисига уланган, улар қуёш иссиғини қайтаради. Ҳамма дўконлар бир-бирига ўхшайди. Ҳафтада уч кун – чоршанба, жума ва якшанба кунлари бозор бўлади. Тушда бозор роса қизийди, савдо ишлари жонланади, одам жуда тиқилинч бўлиб кетади. Кўчаларда эшак ва туяларнинг кўплигидан юриш қийинлашади.

Бозорда мато билан савдо қилувчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар энг узун расталарни эгаллаган бўлиб, асосан, рус читлари, шойи ва Қўқон ҳамда Бухоро пахтаси ипидан тўқилган матолар билан савдо қилинади. Бозорнинг бошқа расталарида пойафзал, эгар-жабдуқ ва ҳар хил теридан тайёрланган буюмлар харид қилинади. Учинчи растада гилам, палос ва кигизлар билан савдо қилувчилар тўпланган. Энг асосийси, Тошкентда аъло сифатли гилам, палос ва наматлар сотилади. Бозорнинг яна бир растасида шойидан тикилган кийимлар жойлашган. Шойи матога ўта моҳирлик билан чиройли, рангдор нақшлар тикилган. Бу ердаги кашталарни харид қилишда европалик, албатта шошиб қолади.

Бозорнинг ичида темирчилик устахонаси бўлиб, шу ернинг ўзида уй-рўзғор учун керакли мис ва темир буюмлар сотиладиган расталар жойлашган. Тошкентлик ва қўқонлик усталар ишлаган чойнаклар, обдасталар, мис ва кумушдан моҳирлик билан ясалган зебу зийнат буюмларининг харидори кўп. Яна бир растада сопол буюмлар ўз харидорларини кутиб турибди. Чинни идишларга келганда, мақтанмай қўя қолай, улар Хитойдан келтирилган», дея таассуротларини қоғозга туширади рассом.

Гарчи Туркистон ўлкаси Русия империясига қарашли бўлгани боис, Тошкент бозорларида рус савдогарлари моллари кўплаб келтирилиб турса-да, бошқа давлатлар маҳсулотларини батамом сиқиб чиқаролмади. Яъни Ҳиндистондан дока, сурп, қора мурч, чит, ипак, кашмирдан шол, гилам, шойи, Хитойдан чинни идишлар, чой, Эрондан зебу зийнат ва қимматбаҳо тошлар, дори-дармонлар келиши давом этаверди. Уларга Тошкент бозорларида эҳтиёж бор эди.

Бироқ 1876 йили шу пайтгача ишлатилиб келинган тош-тарозилар бекор қилиниб, Россия молия вазирлигининг қарорига кўра, рус тош-тарози ўлчови жорий этиладиган бўлди. Шунга қарамай, савдогар ва дўкондорлар бу ҳолатга кўникиб, Тошкент бозорларини ўз маҳсулотлари билан тўлдиришда давом этаверди.

1899 йилда Тошкентга келган Ольга Лори мўл-кўлчиликни шундай таърифлаган эди: «Эски шаҳар деб аталадиган жойнинг бозори тошкентликлар фахр билан тилга оладиган, диққатга сазовор маскандир. Биз бу савдо расталарига кириб қолиб, чиқолмай жуда узоқ овора бўлдик, чунки одам зичлигидан орқага қайтиб бўлмасди.Бутун бозорни кечиб ўтгунча, икки соатча қийналишга мажбур бўлдик».

Бундай гавжумлик ва мўл-кўлчилик 1917 йилнинг ағдар-тўнтаригача шу ҳолатда давом этди.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг