Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бир киши бир йилда қанча гўшт истеъмол этиши маълум қилинди

Бир киши бир йилда қанча гўшт истеъмол этиши маълум қилинди

Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани иқлим шароити қулайлиги боис картошка етиштиришга мослашган. Бу ҳақда туман ҳокими Авазбек Эргашев Халқ депутатлари кенгашидаги озиқ-овқат хавфсизлиги юзасидан ташкил этилган сессияда маълум қилди.

— Туманнинг картошкага бўлган эҳтиёжидан ташқари маҳсулот етиштира олади. Ҳозирда картошкани деҳқондан сотиб олиб, захира яратиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунинг учун 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Гўшт таъминотига тўхталадиган бўлсак, 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Қўрғонтепани чорвачиликка ихтисослашган туман, деб эълон қилган эди. Чорвачиликни ривожлантириш учун тадбиркорларга 5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Хориждан 87, 5 минг бош қорамол келтирилди.

Меъёрга кўра, ҳар бир инсон йил давомида 39,5 килограмм гўшт истеъмол қилиши керак. Туман ички эҳтиёжи учун йилига 9 минг тонна гўшт керак бўлади. Йил якунига қадар эса 11 минг тонна гўшт етиштириш режалаштирилган. Ички истеъмолдан ортгани Андижон шаҳрига етказиб берилмоқда ва бир килограмми 46-48 минг сўмдан сотиляпти.

Афсуски Қўрғонтепада балиқчилик бўйича ишларимиз яхши эмас. Агарда ички истеъмол учун 3 минг тонна балиқ керак бўлса, шундан 250-300 тоннаси ўзимизда етиштирилади, ҳолос. Шундан келиб чиқиб, 13 та интенсив балиқ ҳовузлари ташкил этилмоқда.

Ун маҳсулотлари бўйича захира етарли. Барча буғдой маҳсулотлари давлат омборларига топширилган ва бу борада мутлақо муаммо йўқ.

Туманга ички эҳтиёж учун 2 минг тонна ўсимлик ёғи керак бўлади. Таъминотни йўлга қўйиш учун тадбиркорларимиз қўшимча шартнома қилишган ва четдан ёғ олиб киришади. Ҳозир туманда ёғ заводи қурилмоқда, 2021 йилда ишга тушгач, ички истеъмол бўйича ҳеч қандай муаммо қолмайди.

Хом-ашё учун такрорий экин сифатида 850 гектар ерга кунгабоқар экилди. Мана шу ердан олинадиган 2 минг тонна ҳосил ўзимизда қайта ишланади.

Туманда 800 гектардан ошиқ ерга шоли экилган. Шундай экан, гуруч борасида ҳам муаммо бўлмайди.

Туманда етишмаётган шакар, ёғ ва балиқ маҳсулотларини тадбиркорлар фаолияти эвазига қопланади. Улар меъёрдаги нархда савдо юритиши учун 2,5 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек кредит ҳисобига 1,3 миллиард сўм ва тадбиркорнинг шахсий маблағи эвазига 1,5 миллиард сўм жалб этилади.

Нарх-наво ҳокимлик ва департамент бўлими томонидан назоратда. Нархни оширганлар шунчаки жазоланмайди, балки улар билан иш олиб борилиб, қаердан арзон нархда олиб келиб, арзон сотиш мумкинлиги тушунтирилади.

Шу ўринда айтиш лозим, тухум нархи ошиб кетишига олиб-сотарлар фаолияти сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини тўғридан-тўғри бозорда сотиши йўлга қўйилди. Натижада 1300 сўмга чиқиб кетган тухум нархи 800-900 сўмга туширилди.

Супермаркетлар қиммат нархда савдо юритаётгани ҳақида маълумотларимиз бор. Биз тадбиркор фаолиятига аралашишга ҳақли эмасмиз. Аммо улар билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилиб, биз олаётган нархдан қимматга олиб келаётган бўлса, арзон жойдан олишини таъминлаб беряпмиз, — дея таъкидлаб ўтди туман ҳокими.

Кенгаш давомида ҳокимга қуйидагича савол берилди:

— Ўзбекистонда картошка нархи бот-бот кўтарилиб туради. Қўрғонтепа ерлари ва иқлими бу маҳсулотни етиштиришга қулай экан. Шундай экан, пахта ва ғалладан кўра картошка етиштириш ҳам қулай, ҳам самарали эмасми? Бу бўйича раҳбариятга қандайдир таклиф берганмисиз?

— Яхши савол бўлди. Бу бўйича иш олиб бориляпти, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра картошкачилик ривожи учун бир қатор қарорлар қабул қилинган. Бир қатор ерларимиз пахта ва ғалладан озод қилиниб, полиз маҳсулотлари етиштиришга ўтказилган. 2019 йилги Президент ташрифи давомида қишлоқ хўжалиги вазирлигига картошка уруғчилигини жорий этиш бўйича алоҳида таклиф билан чиққанман. Кўрғонтепа тумани шу соҳани ривожлантириш учун танлаб олинган 7 тумандан бири бўлиб турибди.

Иккинчидан, таклифимиздан сўнг Андижон шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган картошка маркази туманда очилди. Уруғчилик соҳасида керак бўладиган яна 400 гектар ер пахта ва ғалладан озод қилиниб, картошкачиликка ажратилди.

Учинчидан, картошкачилик маркази ташкил этилгандан сўнг хориж тажрибасини ўзлаштириш бўйича катта кўламда иш бошлаб юборилди. Мана 3 ойдирки Россия билан музокара олиб бормоқдамиз. Яқин вақтлар ичида россиялик олимлар Қўрғонтепада ўз лабораториясини очади ва тадқиқотларини бошлайди.

Шунингдек Тошкентдаги илмий марказ билан ҳам музокара олиб бордик. Ўзимизнинг олимлар ҳам Қўрғонтепада картошка уруғчилиги бўйича иш олиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг