Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Баҳсга ҳожат йўқ: илк Конституция Европада эмас, Самарқандда яратилган!

Баҳсга ҳожат йўқ: илк Конституция Европада эмас, Самарқандда яратилган!

Фото:«Advantour»

Одатда Конституция ҳақида гап кетганда, илк қомусий ҳужжат ғарб давлатларида пайдо бўлган дейилади ва бу тушунча йиллар давомида дунё халқлари онгига сингдириб келинган. Бугун  тарихий адолат ва ҳақиқатни баралла айтиш ҳамда тузатиш вақти келди. Аслида Соҳибқирон ҳазратларининг «Темур тузук»ларини том маънодаги илк ўрта асрлар даври конституцияси дейишга ҳақлимиз ва бунга илмий асослар бор.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 26 йил тўлиши муносабати билан ЎзМТДП Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фони билан ҳамкорликда Темурийлар тарихи давлат музейида «Конституция — қонунчилигимиз асоси» мавзусида маънавий-маърифий анжуманда сўзга чиққан тарихчи олим Жумабой Раҳимовнинг баралла айтган ушбу фикрлари тадбирда мудраб ўтирган айрим иштирокчиларнинг уйқусини қочирди. Чунки олимнинг кутилмаган ва ҳар бир ўзбекнинг қалбини тўлқинлантирган бу фикрлари гулдирос қарсаклар билан қарши олинди.

«Тарихчи олимларимиз бу масалада бир неча йилллардан буён чуқур илмий изланишлар олиб борди ва бу қарашларни ҳар жиҳатдан исботлаб берди, — дея қайд этди олим маърузасида. — Бу ҳақиқат хорижлик тарихчилар томонидан аллақачон эътироф этилган экан. Жумладан, машҳур рус шарқшунос олими Логофет «узук»лар ўрта асрлар даврининг мукаммал конституцион ҳужжатидир. Амир Темур томонидан яратилган конституцион кодекслар Туркистонда Европадан 500-600 йиллар аввал вужудга келган эди», — деган бўлса, яна бир етук олим Жон Локк Амир Темур чиқарган қонунлар, аввало, барча табақалар тинчлиги, фаровонлиги, энг муҳими, ҳар бир инсоннинг ташаббус ва қобилятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини қайд этган эди.

Соҳибқирон Амир Темурга замондош  муаррих Муиниддин Натанзий Соҳибқирон шахси, давлатни бошқаришдаги адолатпешалиги, қонунларнинг мукаммаллиги ва амалиётдаги натижалари тўғрисида шундай фикрлар билдирган: «Адолат ўрнатиш ва қонунларни салтанат ҳаётига татбиқ этишда Амир Темур шундай ғайрат кўрсатдики, унинг салобатидан фил пашшага тавозе қиларди. Бани-башар ўртасида бирдамлик ва тинчлик расмини мустаҳкам барқарор қилди ва юртда адовату хусумат бутунлай орадан кўтарилди. Зўравон-зулумкорларнинг панжа ва тирноқларини қисқа қилди. Шунингдек, адолатнинг камолати жиҳатидан Соҳибқирон барча замонлардаги ҳукумдорлардан устун эди».

Маълумки, Амир Темур даврида Турон юрти қисқа вақт оралиғида жаҳоннинг барча соҳаларда энг қудратли, иқтисодий ва маданий ҳаёти юксалган, бунёдкорлиги бемисл ривожланган мамлакатга айланди. Агар фуқаролар эркинлиги ҳар томонлама муҳофаза қилинмаганида, ижтимоий гуруҳ ва табақалар давлат томонидан рағбатлантирилмаганда эди, бундай юксак тараққиётга эришиб бўлмасди. Дунёга таниқли олимларнинг юқорида келтирилган илмий баҳо ва хулосалари ҳам шуни тасдиқлайдики, фақат адолатли қонунлар билан иҳота қилинган ва бошқарилган давлат ва жамиятдагина шундай жаҳоншумул ютуқларга эришиш мумкин.

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Халқ фаравонлиги йўлида қилинаётган улкан бунёдкорлик ишларни, ташаббусларни кузатиб туриб, Амир Темур давридаги қонун устиворлигини барча фуқаролар учун бирдек таъминлаш, одилона сиёсат наҳот юртимизга қайтган бўлса деган фикрга борасиз ва қайтгани рост бўлсин, дейсиз беихтиёр.

Вилоят ҳокими ёки қайсидир вазирнинг энг чекка қишлоқдаги нураб турган хонадонга кириб, у ерда яшаётган камсуқум, беозор, меҳнатдан қорайиб кетган ўзбекнинг холидан хабар олганини, қандай яшаяпсизлар, нима муаммоларингиз бор, дея бошини силаганини шу пайтгача ҳеч кўрганмисиз ёки эшитганмисиз? Ахир бу етти ухласак ҳам тушимизга кирмайдиган ҳолатлар эди-ку  бир пайтлар! Ёки Қонунлар, Қарорлар, дастурлар қабул қилишда шу пайтгача далада бир умр кетман чопган оддий халқнинг фикрлари, қарашлари инобатга олинганми?! Бу «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ», "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" каби инсонпарварлик тамойиллари остида Ўзбекистонда қонун устиворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бирдек ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши қилиб белгиланганининг ёрқин исботи эмасми?!

Энг асосийси, бугун Конституцияда кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг қонуний манфаатлари қоғозда эмас, амалда тўла ўз исботини ва ижросини топмоқда. Қонун хоҳ у мансабдор бўлсин, хоҳ оддий фуқаро, барча учун баробарлиги амалда исбот қилинаётир. Конституциямиз ҳақиқий маънода ҳаёт қомусига айланди ва бу халқаро миқёсидаги анжуманларда етакчи давлатлар раҳбарлари, сиёсатдонлари томонидан қайта-қайта эътироф этилмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан бошқа маърузачилар ҳам Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, халқимизнинг миллий қадрият ва урф-одатларидан келиб чиққан ҳолда инсонпарварлик ғоялари тамойиллари остида ишлаб чиқилгани ҳақида гапирди. Бош Қомусимизга бағишланган маънавий-маърифий тадбирнинг Темурийлар тарихи давлат музейида ўтказилишида ҳам рамзий маъно борлигини таъкидлашди.

Тадбир якунида «Китобхонлик викторинаси» ҳам ташкиллаштирилди. Тарихчи олимлар «Сиз Конституциямизни қанчалик биласиз?» мавзусида ўқувчиларнинг билимларини  синовдан ўтказди. Саволларга тўғри жавоб берган ёшлар ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши ва музей раҳбарияти томонидан китоблар билан тақдирланди. Шундан сўнг барча иштирокчилар музей бўйлаб экскурсияга таклиф қилинди.

Равшан Маҳмудов,

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши етакчи мутахассиси

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг