Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ юртимизга 200 та сунъий нафас бериш аппаратини тақдим этди

АҚШ юртимизга 200 та сунъий нафас бериш аппаратини тақдим этди

Фото: ССВ Матбуот хизмати сурати

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюм иштирокида Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши курашишда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистонга тақдим этган 200 та замонавий сунъий нафас бериш аппаратини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Таъкидланишича, ҳозир мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларида 2 мингдан ошиқ сунъий нафас бериш аппаратлари мавжуд. Умумий қиймати қарийб 2,6 миллион доллар бўлган 200 та сунъий нафас бериш аппарати эса АҚШ томонидан бундан аввал етказиб берилган 6 миллион доллардан ортиқ кўмагининг давоми бўлди.

— Ўзбекистон кўп йиллардан бери АҚШ, жумладан, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, — деди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Айниқса, тиббий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, бирламчи тиббиёт ва даволаш муассасалари фаолиятини яхшилаш йўналишларидаги ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Мутахассисларимиз АҚШнинг етакчи клиникаларида амалиёт ўтаб келишмоқда. Биргина 2019 йилда 14 нафар мутахассислар малака ошириб қайтишди. Мичиган, Сент-Луис, Шимолий Каролина университетлари профессор ва олимлари доимий тарзда юртимизга келиб, тажриба алмашишмоқда. Ушбу тақдим этилган аппаратларнинг афзаллиги фойдаланиш учун содда, кўп функционал ҳамда беморларни турли транспорт воситаларида ташиш жараёнида ҳам қўлланилиши мумкин эканлигидир. Ушбу инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида коронавирус пандемиясини енгиш борасида олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларининг мантиқий давоми бўлди.

Дарҳақиқат, тақдим этилган сунъий нафас бериш аппаратлари Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмаси, ҳатто, минтақавий иқлимни ҳам ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилган. Хусусиятларига кўра, ушбу қурилмалар стационар даволанишда интенсив терапия учун ҳам, аэротиббий транспортда ёки тез ёрдам машиналарида беморни ташиш пайтида ҳам қўлланилади.

— COVID-19 шароитида барча мамлакатлар глобал ҳамжамият сифатида ҳаракат қилиши лозим, — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюм. — Бу чегара билмас вирус барчамизга ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу боис, мамлакатимиз унга қарши курашишда зарур бўлган воситалар ҳамда техник кўмак тақдим этиш орқали Ўзбекистон ва бошқа давлатларни қўллаб-қувватламоқда. Америка хусусий сектори билан ҳамкорликда етказиб берилган бу сунъий нафас бериш ускуналари Ўзбекистонда оғир касалларни даволаш имкониятини янада мустаҳкамлайди.

Тадбирда таъкидланганидек, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бу ускуналарни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига етказиб бериш, ташиш ва жойлаштиришни режалаштиришда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлардаги соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан иш олиб бормоқда. Тақдим этилган ускуналар энг юқори сифатли бўлиб, замонавий технология асосида АҚШда ишлаб чиқарилган. Улар ихчам, ўрнатилиши осон ҳамда инвазив ва ноинвазив усулларда қўлланилиши мумкин. Бу эса ўзбекистонлик шифокорларга вирус билан оғриган беморларни даволашда қулайлик туғдиради. Шунингдек, USAID тиббиёт ходимлари учун тренинг машғулотлари ўтказиш ва ускуналарга техник хизмат кўрсатишга маблағ ажратади. Натижада шифохоналар бу даволаш ускунасидан кўп йиллар давомида хавфсиз фойдаланишни давом эттириши мумкин. Мазкур тиббиёт ускунасини нафас олиш билан боғлиқ бошқа касалликларни даволашда ҳам ишлатса бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг