Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ давлат котиби Тошкентда ўқувчилар билан нима ҳақда суҳбатлашди?

АҚШ давлат котиби Тошкентда ўқувчилар билан нима ҳақда суҳбатлашди?

Фото: Twitter / Secretary Antony Blinken

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1 март куни расмий музокаралар орасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ташриф буюриб, Access дастури доирасида инглиз тилини ўрганаётган бир гуруҳ мактаб ўқувчилари билан учрашди.

Ўқувчилар юқори мартабали меҳмонга Америкада Президент куни байрами, шунингдек, севимли фильмлари, таомлари ва машғулотлари ҳақида сўзлаб бердилар. Э.Блинкен болаларнинг билимга бўлган иштиёқини ижобий баҳолаб, хорижий тилни ўрганиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

«Мен ҳам (оилам билан) айнан сизларнинг ёшингизда – балки ундан ҳам барвақтроқ – АҚШдан Францияга кўчиб борганман. Ўшанда француз тилини ўрганишимга тўғри келган. Сираси, хорижий тилни ўрганиш қанчалик қийин эканини унутганимча йўқ. Лекин бу жуда ажойиб машғулотдир. Чунки хорижий тил сизга тафаккурингиз юксалиши учун имконият туҳфа қилади», – деди АҚШ бош дипломати.

Юқори мартабали мулозим айни вақтда кундалик ҳаёт ва илм-фанда инглиз тилининг аҳамияти ошиб бораётган, у халқаро тилга айланганини таъкидлаб, ёшларни уни янада мукаммал ўрганишга чорлади.

У Қўшма Штатлар Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитишга алоҳида эътибор қаратаётгани, 15 минг нафар инглиз тили ўқитувчилари малакаси оширилиши, 10 мингта мактаб дарсликлар билан таъминланиши ҳақида ҳам сўзлади.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси амалга ошираётган Access (Инглиз тилини ўрганиш учун микростипендия) дастури ҳам шу йўналишдаги лойиҳалар сирасига киради. 2022 йил ноябрь ойида бошланган икки йиллик дастур доирасида иқтисодий аҳволи оғир оилаларнинг иқтидорли болалари дарсдан ташқари машқлар ва ёзги интенсив машғулотларда инглиз тили асосларини ўрганади. Ўзбекистон бўйлаб очилган 17 та Access марказларида 700 дан ортиқ ўқувчи инглиз тилидан сабоқ олмоқда.

Давлат котибининг тиғиз сиёсий музокаралар орасида таълим масканига ташриф буюргани ва ёшлар билан учрашгани АҚШ Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитишга катта аҳамият бераётганининг яна бир тасдиғидир.

Э.Блинкен расмий Twitter саҳифасида маълум қилишича, АҚШ ҳукумати 2018 йилдан бери Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганиш ва ўқитиш учун 25 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратди.

Мамлакатимизда 2020 йилдан амалга татбиқ этилаётган «Инглиз тилида сўзлашадиган миллат» (English Speaking Nation) дастури доирасида ўқитувчилар малака оширмоқда. Аввал хабар берганимиздек, америкалик инглиз тили мураббийлари аллақачон юртимизда иш бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил май ойида Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида таълим бўйича иккита келишувга эришилган. Унга мувофиқ Қўшма Штатлар олий ўқув юртлари ҳамда Марказий Осиё университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш учун молиявий кўмак дастурларини кенгайтириш кўзда тутилган.

2020 йил 28 сентябрь куни имзоланган муҳим келишувга кўра, АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ давлат котиби 1 март куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам инглиз тилини халқаро валютага қиёслаб, уни ўрганиш академик лидерлик алмашинув дастурлари ва муносиб касб-кор эшикларини очишини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг