Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Амударё соҳили сари. Ўзбек сайёҳининг кўрган-кечирганлари

Амударё соҳили сари. Ўзбек сайёҳининг кўрган-кечирганлари

Фото: Жомбой тонги

Россия, Қозоғистон, Жанубий Кореяда бўл­ганман. Аммо Жиз­­заху Тошкентни демаса, юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш насиб этмаганди.

Ички туризмни ривожлантириш борасида катта қадамлар ташлан­япти. Байрамлар арафасида кетма-кет дам олиш кунлари жорий қилинишидан мақсад ҳам шу. Хуллас, имкониятдан фойдаланиб, Сурхондарёга сафар қилдим.

Самарқанд-Термиз оралиғи қарийб 400 километрни ташкил қилади. Эрта тонгда йўлга чиқдик. Уловимиз Тахтиқорача довонидан ошиб ўтганида қуёш терак бўйи кўтарилганди.

– Ана, Кеш водийси кафтдек кўриниб турибди, – сўз бошлади олтмиш ёшлардаги ҳамроҳимиз. – Темур бобо шу тупроқда туғилиб, вояга етган. Ҳавосини қаранг. Баҳридилинг яйрайди.

Ҳақиқатан тоғ ҳавоси ёқимли, майин шабада эсиб турибди. Узоқларга кафт тутган чўққилар сарҳадини кўз илғамайди. Айтишларича, Тахтиқорача тоғлари қачонлардир ҳаракатдаги вулқон бўлган. Ёнбағир бўйлаб оқиб бораётган лава кўринишидаги тошлар бу афсонани тасдиқлаб тургандек. Аввал Китоб, сўнг Шаҳрисабз туманларидан ўтдик.

Азамат чинорлар саф тортган манзилда ҳайдовчи тезликни пасайтирди.

– Шу ерда тушлик қилиб олсак, нима дейсизлар? Чинорларнинг ёши минг йилдан кам эмас. Маҳаллий аҳоли ҳикматли дарахтлар дейди.

Айланасига уч-тўрт кишининг қулочи етмайдиган улкан чинор соясида тушлик қилдик.

Қарангки, бу ерда бахши бор экан. Дўмбира чертиб, достон айтадиган ҳақиқий бахши!

Қўшни сўрида аввал тамадди қилиб олган отахон хўрандалар илтимосига кўра халқ термаларидан айтиб берди.

Дайражон дайрамас, сен ғариб,

Одамзодлардан-а мен ғариб,

Жўл тотарманда-ей чўнг хориб,

Бу журишларга-ей ўлмадим.

Зиндонда ёттим-ей мен чириб,

Тинглагин Оқсувнинг дайраси-е-ей!

Икковлар бўлдик оҳ, тенг ғариб...

Айтим оҳанги хаёлингни олис-олисларга олиб кетади. Дўмбира минг йил аввалги Оқсув дарёси ёқасида Ҳакимбий бўлиб, кечмишидан ҳикоя қилаётгандек.

Йўлда давом этдик.

***

Термизда ёру-дўстлар кутиб олишди. Бир кун қўноқ бўлиб, эртасига кўҳна шаҳар бўйлаб саёҳат қилдик.

Термиз Самарқанддан бироз кичикроқ. Аммо шинам, озода. Одамлар юз-кўзида самимият балқиб туради. Йўллари оқ ва қора турларга бўлинаркан. Айрим йўллари бетон қоришмасидан, айримлари одатдаги асфальт қопламали. Буни Сурхон тупроғининг икки хиллиги билан изоҳлашди. Яъни, асфальт яхши ушламайдиган ҳудудларда бетон қоришмасидан фойдаланилади.

Термизий мажмуасини зиёрат қилдик.

Ислом оламида бу зотнинг ҳурмати баланд. Аслида, дунё тан олган олти муҳаддиснинг уч нафари бизнинг аждодларимиз бўлган. Улардан бири Абу Исо ат-Термизий эди.

Мақбарани айланиб чуқур ўйга толдим. Ҳар бир гиёҳ, ҳар бир тош, обиданинг ҳар бир ғишти ҳадис айтаётгандек туюлади. Аллома билан ғойибона суҳбатлашдим. У зотга сафдоши ва салафи Имом Бухорий ётган тупроқдан келганимни айтдим.

Мақбарадан чиқарканмиз, кўнглим равшанлашгандек эди.

Уч кун давом этган сафар давомида Сурхондарё тарвузлари апрель бошидаёқ пишиб, бозорга чиқишига гувоҳ бўлдик. Эшак аравали қариялару улоқда юз карра ғолиб бўлган полвонлар билан суҳбат қурдик.

Термиз кундан кун чирой очиб бораётгани рост. Яқин йилларда Самарқанд, Бухоро, Хива каби сайёҳлик марказларидан бирига айланиши шубҳасиз.

Соҳибжон САЙФУЛЛАЕВ,

"Жомбой тонги" мухбири

(Самарқанд-Термиз-Самарқанд).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг