Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алишер Шадманов ЖССАнинг 72-сессиясида сўзга чиқди

Алишер Шадманов ЖССАнинг 72-сессиясида сўзга чиқди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Шу кунларда Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси (ЖССА)нинг 72-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёдаги 190 дан ортиқ мамлакат вакиллари, жумладан, 150 га яқин соғлиқни сақлаш вазирлари, шунингдек, етакчи халқаро ташкилотлар, йирик корпорациялар, нуфузли халқаро жамғармалар ва академиялар вакилларидан иборат уч мингга яқин делегатлар иштирок этмоқда. Жумладан, унда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Аввал хабар қилинганидек, ушбу сессия доирасида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ЖССАнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди.

Сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов сўзга чиқиб, юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, фуқароларни сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб,  сўнгги уч йил давомида тиббиёт соҳасида 150 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Жумладан, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам, шошилинч ва  ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири, шунингдек, трансплантология, кардиожарроҳлик, иммунопрофилактика, хусусий тиббиёт секторини ривожлантириш, психиатрия, фтизиатрия ва эндокринологик ёрдамни такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллликни қўллаб-қувватлаш борасида эришилган натижалар ҳақида ҳам маълумот берди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ЖССА сессияси очилиш маросимидаги чиқишида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида эришган ютуқларни эътироф этиб, дунёнинг оз сонли мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ўз ҳудудида безгакни тўлиқ йўқ қилишга эришганини алоҳида таъкидлади. Сессия шу йилнинг  28 майигача давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг