Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Афғон уруши фахрийси Ғиждувон бозорида арава тортиб кун кечирмоқда

Афғон уруши фахрийси Ғиждувон бозорида арава тортиб кун кечирмоқда

Фото: «Uza.uz»

Кеча, 15 февраль куни собиқ совет аскарларининг афғон ҳудудидан олиб чиқиб кетилганига 30 йил бўлди.

Бухоролик Абдураҳим Саидов 1980 – 1983 йиллар оралиғида афғон урушида қатнашди. Нақд жаҳаннамнинг ўзгинасидан тирик қайтган уруш фахрийси бугун Бухородаги деҳқон бозорида арава тортиб кун кўрмоқда, деб ёзади «ЎзА».

Абдураҳим Саидов Бухоронинг чекка бир қишлоғида, кичик бир ҳовлида оиласи билан яшайди. Ёши олтмишга бориб қолганига қарамай, ҳар тонг эрта уйғониб, Ғиждувон бозорига шошилади. Уруш фахрийси бу ерда аравада юк ташийди.

У оғир меҳнатдан қочмайди. «Араванинг юклари афғон уруши хотираларидек оғир эмас», дейди фахрий. У азалдан ҳаётнинг унча-мунча қийинчиликларини писанда қилмаган. Урушнинг даҳшатли кунларига гувоҳ бўлган. Ҳарбий операцияларда қатнашган ва соғ-омон уйига қайтиб келган.

У ўз қишлоғида ҳар бир ўтган кунидан рози бўлиб яшаб келмоқда. Абдураҳим ака аскарликни ўтаб қайтган даврда олган ҳужжат, медаль ва суратларини сақлаб келади.

Фото: «Uza.uz»

Вақти-вақти билан уларни сандиқдан олиб, бир кўздан кечиради. Невараларига хотираларини сўзлаб беради, телевизор орқали ҳарбий парад ва байрамлар намойиш этилганда, уларни завқ билан томоша қилади.

Уруш тугаган, орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтди, лекин инсон кўнгли барибир кичик бўлса-да, эътиборга муҳтож қолаверар экан. Абдураҳим Саидов бозорда арава тортиб кун кўрар экан, уни ҳам бир куни йўқлаб қолишларини орзу қилади.

Унинг замонавий бўлмаса-да, кўкрак қисмига медаллар илинган одми костюм-шими бор. Бу медаллар эса қаҳрамонона хизматлари учун берилган, унут бўлишга лойиқ эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг