Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Адолат» партияси Олтинсой воқеалари юзасидан ҳар икки томонни эшитишга чақирди

«Адолат» партияси Олтинсой воқеалари юзасидан ҳар икки томонни эшитишга чақирди

Олтинсойда аҳоли хонадонлари бузилиши сабабли юзага келган фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги вазият кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Прокуратуранинг расмий баёнотида таъкидланганидек, мутасадди органлар томонидан ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ўтказилмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ушбу жараёнда адолат қарор топиши учун ҳар иккала томон ҳам тингланиши, вазият чуқур ўрганилиши лозим деб ҳисоблайди.

Суғориладиган ерларнинг ҳар бир қаричидан мақсадли фойдаланиш даркор, чунки аҳолимизни хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш ўта муҳим масаладир.

Аксарият ҳолларда ер эгалари бўлган фермерлар нопок йўлларга кириб, улар томонидан деҳқончиликка мўлжалланган ер майдонлари уй, бинолар қуришга ажратилаётганлигини ноқонуний ҳаракат деб баҳолаймиз.

Бундай ҳолларда энг аввало, ушбу ерларни ажратишга жавоб берганлар қонуний жавоб бериши керак. Шундагина адолат таъминланади. Шунинг учун фуқаролар уй қуриши учун шароит яратиб берган фермер ёки бошқа мутасаддиларнинг жавобгарлиги кун тартибига чиқарилиши зарур. Биз ҳозир сабаблар билан эмас, оқибат билан курашмоқдамиз. Бу зайлда кетадиган бўлса, бундай ҳолатлар эртага бошқа ҳудудда ҳам келиб чиқиши аниқ.

Шунинг учун бу жараёнда асосий эътиборни вазиятни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишга қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда адолат ҳукм суради, ривожланиш бўлади.

Наримон УМАРОВ,

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Манба: adolat.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг