Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Адаштирилган» болалар. Улар меҳр тафтини туюб улғайишга ҳақли эди

«Адаштирилган» болалар. Улар меҳр тафтини туюб улғайишга ҳақли эди

Фото: «ng72.ru»

– Шу кўзойнакни  эгасига қайтаришим керак, ҳар гал эсимдан чиқиб машинада қолиб кетяпти-да.

– Ойижон, бу кимники ўзи?

– Нилуфар холангники, ўғлим.

– Вой, ойижон, Нилуфар холамникимиди? – Шу онда болажоннинг хурсандлиги овозига қўшилиб жаранглади, гўё. – Бир неча марта кимникилигига қизиқдим. Дадамдан сўрамоқчи бўлдим, аёлларникилигига индамагандим...

Эндигина ўн икки ёшни қаршилаган жиянимнинг «Аёлларникилигига индамагандим» деган сўзлари дадасини, ойисини ҳатто мени ҳам  ҳайратлантирди. Шу онда қаршимда бир оғиз сўзи билан ўзи улғаяётган оила аталмиш муқаддас ошёнга шубҳа-гумон оралашига ақли етиб, бемаврид саволдан тийилган кичкина оила ҳимоячисини кўрдим.

Оила – қўрғон. Бу қўрғоннинг қанчалик мустаҳкамлиги, аввало, шу ошённинг устунлари, яъни ота-онанинг қўлида. Оиланинг қувончи эса фарзанд, у меҳр-муҳаббат меваси, муқаддас ришталарини мустаҳкам боғлаб турувчи неъмат деймиз. Қайсики, оилада аҳил-иноқлик, меҳр-оқибат бўлса, шу оила тинч-тотувликда бахтли ҳаёт кечиради. Бу ошёнда улғаяётган фарзандларнинг ҳам онгу шуурига, қалбига оила муққадас қўрғон эканлиги жо бўлади. Вақти келиб ўспирин йигит-қизлар турмуш қуради, фарзанд кўради. Энди у тош тепиб юрган бола ёки «лов» этиб ёниб, бир зумда ўчадиган олов ўсмир эмас, бир оиланинг боши. Ҳаётининг мазмунига айланган ошённи кўз қорачиғидек асровчи оилапарвар инсон.

Юқорида гувоҳи бўлганимдек, шу ошённинг қадри унда улғаяётган болаларга тўғри тарбия бериш орқали тобора ошиб бораверади. Демак, жияним келажакда, албатта, оиласининг қалқони бўлади. Бу умид дилимга қанчалар ёруғлик олиб кирган бўлса, яқинда ота-онаси туғуруқхонанинг ўзида ташлаб кетган уч чақалоқ Москвадан юртимизга олиб келингани ҳақида ўқиб, вужудимда ҳайрат аралаш нафрат ҳисси исён қилди. Ўз зурриётидан воз кеч кечиш орқали ота-оналикни ҳам рад этганлар қандай тарбия кўрган экан-а? Фарзанд бир буюм ёки ўйинчоқмидики шунчаки воз кечиб ёки ташлаб кетилса. «Ўзбеклардек болажон халқни бошқа жойда учратиш қийин», «Ўзбеклар ўзинимас боласини дейди, боласи кулса кулади, куйса куяди», «Ўзбек фарзандининг ширин ташвишларига бутун ҳаётини сарф этади» каби таърифлар қачон эскириб улгурди? Йўқ, бизнинг ўзбеклигимизга, ўзлигимизга монанд бу таърифлар эскирмаган. Фақат кейинги пайтда орамизда нималарнидир важ қилиб, ота-она деган номга нолойиқ эканлигини исботлаётганлар борлиги ачинарли.

Хабарнинг давомида хорижда ўз фарзандидан воз кечиш ҳолатлари учраб туриши ва ўтган йили юртимиздаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига ота-онаси воз кечган 45 нафар болалар МДҲ давлатларидан олиб келингани таъкидланганди. Бу 45 нафар боланинг ҳам рисоладагидек оиласи, ота-онаси, яқинлари бўлиши мумкин эди. Аммо улар  энди – етим. Тўғри, улар давлатнинг эътиборида, ҳеч бир боладан кам бўлмаган шароитда ўқиб-ўрганади, ўсиб улғаяди.

Шу ўринда мени ташвишга солгани улар ҳаётида оиладек кемтикликни ҳеч бир тўкислик билан тўлдириб бўлмаслигида бўлса, яна бири ана шундай болалар улғайгани сайин ўзини камситилган ҳис этиш туйғуси таъсирида тўғри йўлидан адашиб, ҳаётда қоқилиш эҳтимолининг юқорилиги. Юқоридаги болажон меҳр ошёнини қанчалар дарёдиллик билан асраяпти. Балки бу болалардан воз кечишмаганда, оиласи бағрида, яқинлари ардоғида бўлишганда улар ҳам шундай қилишарди. Пайти келиб, уларни қайсидир важни кўрсатиб ташлаб кетган ота-онаси излаб ҳам келиши мумкин. Унда йўқотилган вақтни, айниқса, тарбияда бой берилган муддатни ортга қайтариб бўлмайди-ку. Ёки бу гуноҳ шунчаки кечирилаверармикин?

Қалдирғоч тумшуғида мисқоллаб лой ташиб уя қуради. Полапонларига тиним билмай озиқ ташийди. Улар учирма бўлгунича уяси атрофида гир айланиб, чарх уради. Сиз буни кузатганмисиз? «Боласини ташлаб кетибди», «Воз кечибди», «Фалон жойнинг эшигидан чақалоқ топилибди» ҳатто «Боласини бунча пулга сотаётган экан» деган гап-сўзлар қулоғимга тушганда, орамизда бир қушчалик меҳри йўқ инсонлар ҳам борлигидан афсусланаман.

Бир пайтлар бобом айтиб берган ҳаётий воқеа эсим тушиб қолди. Икки ака-уканинг кичиги касалликдан қазо қилган. Қора қозони зўрға қайнаб турган ака укасидан қолган ўғилни «Есиримни кўчага чиқармайман», деб фарзандликка олиб, келинини узатган. Оиладаги меҳр-оқибат, тарбиянинг кучини қарангки, шу ўғил ота-онаси бошқалигини билмай улғайган. Кейинчалик бу сир ошкор бўлганда ҳам боланинг амакисига меҳри ортса ортганки камаймаган, ҳатто ўз фарзандларидан-да кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатган. Буни миннатсиз мурувватга яраша чин меҳр мукофоти, десак тўғри бўлади. Бир этак боласи билан зўрға кун кўраётган камбағал деҳқоннинг бағри, қалби, кўнгли қанчалар кенглигини англаганим сайин, ўз фарзандидан воз кечаётганларни ким деб аташга ўйланяпман.

Яқин дугоналаримдан бирини болалар уйидан асраб олишган. Ота-онаси яхши инсонлар. Ҳозир дугонамнинг рисоладагидек оиласи, икки фарзанди, энг муҳими, оилапарвар турмуш ўртоғи бор. Бир қарашда ҳаёти тўкисдек кўринади. Аслида ҳам шундай. Аммо у ўзаро суҳбатлашганимизда бот-бот «Ҳаётимдан нолимайман. Нолисам ношукурлик бўлади. Аммо кимлигингни билмай яшаш қанчалар қийин, ота-онам нега мендан воз кечишганини ўйламай дейман-у, шу савол тубига баъзан чўкиб кетаман. Бир куни ўз ота-онам қидириб келади, деган ўй юрагимни эзади. Айниқса, бирор тўй-маъракага борсам, «Фалончини «ўша» қизими» деган пичир-пичирлар қулоғимга тушиб қолганда, ота-онам ва турмуш ўртоғимнинг меҳридан, фарзандларимнинг кулгусидан таскин топаман», – дейди дугонам. Унинг паноҳи – оиласи тенгсиз меҳр ошёни. Аммо барча ташлаб кетилган болаларнинг тақдири шундай эмас-да. Синовларда тоблана-тоблана, таслим бўлмай қаддини тик тутиб, жамиятда ўз ўрнини топиб, нурсиз ҳаётига ўзи ранг олиб кирганларам кўп. Бундайларни енгилмас, собитқадам десак тўғри бўлади.

Эртакда адаштирилган Зумрадга ачинишимиз рост. «Ота-онаси ташлаб кетган экан» деган сўздан бир он сукут билан оғир нафас олишимиз ҳам. Биз бўғзимизга тиқилган бу оғриқли нафасни бир онгина ҳис этамиз, холос. Аммо бир умр  юракда оғриқ билан яшаш қанчалар қийин. Ўзини «хато» деб билишнинг сўроғи-чи?.. Тақдирга битилган бу аччиқ қисмат юкини кўтариш-чи? Бундай жавобсиз  саволлар ҳеч кимни таъқиб қилмаслигини, ҳамма-ҳамма оиласи, яқинларининг меҳри тафтини туйиб, бир-бирини асраб, ардоқлаб яшашини хоҳлардим, аммо...

Энг мақбул хулоса ўзингиздан.

Гулноза Турғунбоева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг