Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ДСҚда видеоселектор: 9 та туман солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан олинди

ДСҚда видеоселектор: 9 та туман солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан олинди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Давлат солиқ қўмитасида 2019 йил сарҳисоби ҳамда президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, давлат солиқ хизмати органларининг 2020 йилдаги стратегик вазифаларига бағишланган икки кунлик семинар ўтказилди.

Видеоселектор шаклида ташкил этилган мазкур семинарда республикадаги барча вилоят давлат солиқ бошқармалари ва шаҳар(туман) солиқ инспекциялари қамраб олинди.

Бюджет даромадларининг юқори бўлганлиги 2019 йилдаги ишларнинг ижобий натижаси орасида қайд этилди. Ўтган йилда республикада солиқ тушумлари 154 фоизга ошди. Бу борада энг яхши натижаларга Навоий (186%) ва Хоразм (165%) вилоятлари эришди.

Мамлакатдаги 200 та давлат солиқ инспекциясидан 136 тасида (68%) тушумларнинг ўсиш даражаси республика кўрсаткичидан юқори бўлишига эришилди.

Семинар давомида 31 та давлат солиқ инспекцияси бюджет тушумларининг максимал ҳажми ва юқори кўрсаткичларга эришгани қайд этилди.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Шу билан бирга, 9 та туман инспекцияси энг паст кўрсаткичларни қайд этган ва белгиланган вазифаларни бажара олмаган. Булар Сайхунобод, Деҳқонобод, Нарпай, Хўжаобод, Балиқчи, Қумқўрғон, Ғузор, Фориш ва Ромитан туманлари ДСИлари бўлиб, уларнинг раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Tадбирда тайинловлар ҳам эълон қилинди. Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппарати ходимларидан 7 нафари янги лавозимларга тайинланди. Яна 9 нафар ходим эса ҳудудий давлат солиқ органларида турли лавозимларга тайинланди.

Семинардавомида 2020 йилга мўлжалланган вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, жорий йилда барча давлат солиқ бошқармалари ва инспекцияларида ходимларнинг самарадорлик кўрсаткичлари коэффициентини аниқлаш (KPI) тизими татбиқ этилади.

Жорий йил давомида даромад солиғи тўловчилари сонини 500 мингга кўпайтириш режалаштирилган. Бунга эришиш  мақсадида I чоракнинг ўзида уларнинг сонини 150 мингга кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Сегментлаш ва солиқ тўловчилар билан мақсадли ишлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш 2020 йилда эътибор қаратиладиган энг муҳим соҳалар эканлиги таъкидланди.

Семинарда қайд этилганидек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бу йил солиқ хизмати учун устувор вазифа бўлади. Тизимга замонавий ахборот техногиялари янада кенгроқ жорий этилади. Жумладан, энди солиқ назорати тадбирлари ўтказилганда улар видео тасвирга олинади. Бундан ташқари, QR-кодли харид чеклари орқали ютуқли лотерея ўйинлари ва акциялар ўтказиш механизмлари ишлаб чиқилди.

Жорий йилда ДСҚ ҳузурида Фискал институти очилади. Уни ташкил этишда халқаро экспертларжалб этилади.

Солиқ тизимини рақамлаштириш, Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш йўналишида ҳудудий солиқ бошқармалари ва инспекциялар фаол иш олиб борадилар.

2020 йилда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка ҳам катта аҳамият берилади. Зеро, солиқ органлари кенг жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф тизимга айланди ва бу давом эттирилади, дейилади ДСҚ матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг