Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«45 000 АҚШ долларлик зарар, Финляндия ва у ердаги ҳаёт...» — Раҳмонбек Расулов билан суҳбат

«45 000 АҚШ долларлик зарар, Финляндия ва у ердаги ҳаёт...» — Раҳмонбек Расулов билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

«Хориждаги ватандошлар» доирасидаги интервьюлар давом этади. Навбатдаги суҳбатдошимиз бугунги кунда Финландияда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Раҳмонбек Расулов. Қаҳрамонимиз 1990 йили Самарқанд вилоятида туғилган.

У билан суҳбатимиз Россияда кўрган қийинчиликлари, муваффақиятсизлар, Финляндияга нега кетгани ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Россиядаги қийинчиликлар ва Финляндияга келиш...

Отам машина кузовини тузатиш бўйича уста бўлган.  Мен ҳам болаликдан отамни ёнида юриб шу касбни эгалладим.

Мактабда ўқиб юрган пайтларим учувчи бўлишни жуда хоҳлардим ва бирор бир давлатга бориб ишлаш ҳақида умуман ўйлаб кўрмаганман. Лекин Ўзбекистонда отамни ишлари юришмаганидан сўнг оилага ёрдам бериш мақсадида Россияга бориб ишлашга мажбур бўлганман. 2008 йил Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига пул ишлаш ва у ерда ўқиш мақсадида жўнаб кетдим.

Санкт-Петербург шаҳрига илк келган кунларимни яхши эслайман. Аниқроғи, 3 хонали квартирада 32 киши яшайдиган жойга келиб тушгандим. Оддий бир устахонада усталикка ишга кириб ишлай бошладим. Устахонамизда иситиш тизими йўқлиги сабаб устахонанинг ички қисм деворлари муз билан қопланарди.

Иш вақтим узунлиги ва оиламга пул зарурлиги боис университетга топшириш имконим бўлмаган. Ўша вақтлар тезроқ керакли пулни йиғиш ва Ўзбекистонга қайтиб тадбиркорлик (автомобиль эҳтиёт қисмлари) дўконини очиб шу иш билан шуғулланишни истардим. Учувчилик орзуйи эса орзулигича қолаверган.

Аммо Санкт-Петербург билан чегаралиги ва жуда кўп рус танишларим Финляндияга бориб келгани сабаб менда ҳам аста-секин бу давлатга қизиқиш кучайиб борди. 2014 йили Россияга санкциялар қўйилганидан кейин бошқа давлатга бориб ишлаш ҳақида ўйлай бошладим. Чунки иқтисодий санкциялар ишчилар даромадига ҳам таъсир ўтказганди.

Биринчи марта Финляндияга келиш учун 2014 йили визага ариза топшириб рад жавоби олганман. Орадан кўп вақт ўтмай, мени Санкт-Петербургдаги ROLF (автодилер) компаниясига автомобилларни ранглаш ишига (автомалярликка) таклиф қилишди. У ерда соатига 600 рубль тўлашарди ва натижада бошқа давлатга бориш истаги ҳам ўз-ўзидан йўқолди.

2018 йили  уйланиш ва ўз бизнесимни очиш мақсадида Ўзбекистонга қайтдим. Ва ниҳоят Самарқандда автомобиль эҳтиёт қисмлари дўконини очдим. 2019 йил мен учун жуда оғир келди. Бизнесим 45 минг АҚШ доллари миқдорида зарар келтирди. Тасаввур қилинг, бир йил ичида уйсиз, пулсиз, машинасиз... деярли ҳеч вақосиз қолдим. Олдинда никоҳ тўйим яқинлашиб қолганди.

Бироқ Азиз исмли яқин дўстим кўмагида мушкулларим анча енгиллашди. Тўйимдан сўнг ва асосийси, турмуш ўртоғимнинг Финляндияга ўқишга қабул қилиниши ортидан бу ерга келдим.

Финляндияга келиш, албатта, осон бўлгани йўқ. Масалан, биргина виза олиш учун Россияда 6 ой кутишимизга тўғри келган. Очиғи, ўша кунларда бошимдан ўтказган қийинчиликларни ҳеч кимга раво кўрмайман ва бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, инсон ҳар қандай оғир вазиятдан чиқишга астойдил ҳаракат қилса, бунга албатта эриша олади.

Мамлакатдаги энг йирик автодиллер

Ҳозир  Вантаа шаҳридаги SАKА автосалони устахонасида ишлайман. Компания мамлакатдаги энг йирик автодиллер.

Бу ерда ишлаш жуда қизиқ, масалан ҳар бир ходим учун эрталаб соат 8 да кофе ва мазали сендвичлар берилади.

Компаниядаги асосий вазифам автомобилларни ранглаш, яъни автомалярлик. SАKА автосалонидан автомобилларни устахонага олиб келиб уларни таъмирлаб қайта олиб бориш ҳам бизнинг ишимизга киради. Баъзида 180-200 километрдан автомобилларни олиб келиб биргина бамперини ранглаб яна қайтариб олиб бориш ҳолатлари бўлади. Ўйлашимча, бунақаси фақат Финляндияда бўлса керак.

Финлар атроф-муҳитга кучли эътибор беришади. Бу ердаги аксарият рангларга сув қўшилади. Бундай ранглар табиатга зарарсиз ва очиғи бу турдаги рангларни илгари Россия ёки Ўзбекистонда кўрмаганман.

Финляндияда хорижий ишчиларга яратилган имкониятлар ҳавас қиларли

Россиядаги ўз тажрибам билан солиштирганда, Финляндия умуман бошқа дунё.

Европа Иттифоқи ташқарисидан келган ишчилар, чет эл фуқароси бўлишидан қатъи назар бу ерда суғурта қилинади. 

Россияда эса ҳар ой патент регистрация қилинади ва кўчаларда полиция тўхтатиб, анча дилхираликлар қиларди ва аксига олиб патент олиш учун шароитлар ҳам етарли бўлмаган.

Финляндияда мамлакатга киришда виза олиб кирасиз ва сизни бошқа полиция умуман безовта қилмайди. Россиядан фарқли равишда ҳужжатларни миграция бўлимида чўздириш учун онлайн навбат олиш ҳам мумкин.

Шунингдек, бу ерга келганингиздан кейин  касаба уюшмасига албатта аъзо бўлишингиз керак. Агар иш берувчи билан муаммога дуч келсангиз, касаба уюшмаси сизни етарлича ҳимоя қилади. Иш шароитлари талабга жавоб бермаса, музокаралар олиб боради.

Қолаверса, ишсизлик суғуртаси фондига қўшилишни ҳам тавсия бераман. Боиси турли сабабларга кўра ишсиз қолсангиз иш ҳақингизни маълум бир қисми ўртача 70 фоиз ҳар ой янги иш топгунингизгача фонд тўлаб боради.

Яна шунингдек, Финляндияда давлат тили фин ва швед тиллари бўлиб, фин тилида аҳолининг 90 фоизи она тили сифатида гапиришса ва аҳолининг қарийб 5 фоизи швед тилида мулоқот қилишади.

Шу боисдан хорижликлар учун фин ва швед тили курслари ўқув муассасалари ва ташкилотлар томонидан ташкил этилади. Уларга кадрлар бюроси орқали ёки яшаш жойингизга кўра қатнаб бепул ўқишингиз мумкин. Бу хорижий ишчиларни Финляндия жамиятига жуда тез мослашиб кетиши учун яхши имконият.

Шу билан бирга, бу ерда иш соатлари асосан кунлик 8 соатни ташкил қилади. Бу орқали инсонларнинг, маҳаллий ёки хорижлик бўлишидан қатъи назар оиласига етарлича вақт ажратиб бахтли яшашлари мақсад қилинган.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди


Интерьвюнинг иккинчи қисми тез кунда эълон қилинади. Унда Финландиядаги таълим, солиқлар ва коронавирус ҳақидаги фикрлар ўрин олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг