Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

13 мингга яқин ҳужжатсиз болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди

13 мингга яқин ҳужжатсиз болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, бугунги кунда уйма-уй юриш натижасида жойлардаги Давлат хизматлари марказлари  ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари томонидан аниқланган Конституция ва қонунларда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларидан тўлалигича фойдалана олмаётган болалардан 13 мингга яқинига тегишли ҳужжат топширилди. Қолгани эса ҳужжат олиш жараёнида.

«Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома — ҳар бир инсон ҳаётида дастлабки расмий ҳужжат ҳисобланади. У фуқаролик паспорти каби боланинг шахсини тасдиқлайди.

Бу муҳим ҳужжатга эга бўлмаган ота-оналар фарзандининг манфаатларини ҳимоя қила олмайди. Ахир маънан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлмаслик — расмий қайд этилмаганлик демакдир, бунингсиз эса — киши умуман мавжуд эмас деса ҳам бўлади. Бола исмидан бошқа ҳеч нарсага эга эмас, у бўлса ҳам ҳеч қаерда қайд этилмаган.

Гувоҳномасиз боғчага, мактабга жойлаштириб бўлмайди, давлат шифохоналарида эса касалга анкета очилмайди»,-дейилади агентлик хабарида.

Масаланинг долзарблиги, шунингдек, унинг эътибордан четда қолиб кетиши натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган ижтимоий оқибатларни инобатга олган ҳолда, Давлат хизматлари агентлиги томонидан умуммиллий ижтимой акцияни ўтказиш ташаббуси илгари сурилган.

Акциянинг асосий йўналиши этиб тегишли тартибда қайд этилмаган туғилганлик ҳолатлари аниқланиши ва тўлиқ хатловдан ўтказилиши белгиланган.

Ўз вақтида рўйхатдан ўтказилмаган ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари мавжуд бўлмаган болаларни аниқлаш ва ушбу ҳужжатни топишириш акцияси 2019 йил 1 июлга қадар давом этади.

Агентлик бундай муаммога дуч келган фуқаролардан 1148 ишонч телефонига қўнғироқ қилишни сўрайди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур хизматлар бепул кўрсатилиб, фақат герб йиғими учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15% миқдорида тўлов тўлаш талаб этилади. Ҳозирда бу тўлов 30 409,5 сўмни ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг