Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси маъқулланди, солиқ тури 13 дан 9 тага қисқаради

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси маъқулланди, солиқ тури 13 дан 9 тага қисқаради

«Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Сенат томонидан маъқулланди.

Таъкидланганидек, Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексини янги таҳрирда қабул қилиш назарда тутилмоқда. Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида» 2018 йил 29 июндаги Фармонини ижро этиш учун ишлаб чиқилди.

Қонун иқтисодиётга тушадиган солиқ юкини камайтиришга, шунингдек солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқлар тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида солиқ юки даражасидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган. Шунингдек солиқларни унификациялаш, шунингдек ўхшаш солиқ солиш базасига эга солиқларни бирлаштириш орқали улар сонини мақбуллаштириш, солиқ ҳисоботларини камайтириш ва соддалаштириш, операция харажатларини камайтириш назарда тутилмоқда.

Қонун макроиқтисодий вазият барқарорлигини, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва унинг даромадларини шакллантириш барқарорлигини таъминлашга, солиқ қонунчилигини соддалаштиришга, солиқ муносабатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятлар ва тафовутларни бартараф этишга, виждонли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

Солиқ кодексида қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан солиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер қаъридан фойдаланишга оид солиққа оид нормалар, шунингдек уларни ҳисоблаш тартиби ва уларни тўлаш муддатлари белгиланмоқда ва очиб берилмоқда.

Назорат қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва солиқ текширувлари турларини камайтириш назарда тутилмоқда. Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра келгуси йилдан солиқ турлари 13 дан 9 гача қисқартирилмоқда. Хусусан, ягона ер солиғи, давлат божи, божхона тўловлари ва тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ турлари бекор қилинмоқда.

Солиқ назорати ўтказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда, у солиқ органларига камерал, жойига чиққан ҳолда текшириш ва солиқ аудитини ваколатли орган билан келишилмасдан таҳлика-таҳлил дастури асосида амалга ошириш ҳуқуқини беради. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларни 42 та мезон асосида 3 сегментга, яъни, «виждонли», «шубҳали» ва «мунтазам ҳуқуқбузарлар»га ажратган ҳолда улар билан фаолият ташкил этиш йўлга қўйилмоқда.

Солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидаларда амалда бўлган солиқ қарзини дебитор қарздорлик ҳисобидан ундириш тартибидан воз кечилмоқда.

Бундан ташқари, солиқлар ва йиғимлар, шунингдек бошқа мажбуриятларни ҳисоблаш ва тўлаш масалалари бўйича ахборот тўплаш учун сайёр текширув ўтказилиши белгиланмоқда. Сайёр текширув якунлари бўйича солиқ органи мансабдор шахслари томонидан улар амалга оширган ҳаракатлар тўғрисида маълумотнома тузилади, унинг нусхаси солиқ тўловчига берилади. Сайёр текширув ўтказишда солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимлар ҳисобланмайди. Шу билан бирга, инсон омили иштирокисиз солиқлар тўланмаслиги хавфи омилларини таҳлил қилиш натижалари асосида танлаб олинган барча солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ аудитини ўтказиш белгиланмоқда.

Солиқ бўйича низоларни судгача ҳал этиш тартиби очиб берилмоқда, шунингдек солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик турига қараб жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Солиқ органлари жавобгарлиги кучайтирилмоқда, солиқ аудити натижалари бўйича ортиқча ундирилган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш механизми назарда тутилмоқда. Шунга ўхшаш тарзда ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш (қайтариш) механизми жорий этилмоқда.

Шунингдек солиқ тўлашни таъминлашнинг янги воситаларини жорий этиш, шунингдек, солиқ тўлаш муддатини тўлов асосида коллегиал органларнинг (комиссияларнинг) иштирокисиз кечиктириш ёки узайтириш тартиби назарда тутилмоқда. Бундай ҳуқуқ халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига берилмоқда. Солиқ солинишдан бўйин товлашга қарши курашиш бўйича нормалар, шу жумладан «битимларни қайта малакалаш», «сохта ва қалбаки битимларни» бекор қилиш, товламачилик битимларига чегирмаларни бермаслик бўйича қоидалар белгиланмоқда.

Трансферт нарх шакллантиришни назорат қилиш нормалари, «ўзаро боғлиқ шахслар» ва «ўзаро боғлиқ шахслар ўртасида назорат қилинадиган битимлар», «назорат қилинадиган чет эл компанияси» (НЧЭК) тушунчалари жорий этилмоқда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган солиқ тўловчи томонидан назорат қилинадиган чет элдаги юридик шахсни солиққа тортиш тартиби очиб берилмоқда.

Шу муносабат билан айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан фаолият амалга оширилиши билан боғлиқ «солиқ тўловчиларни консолидациялашган гуруҳи» (СКГ) тушунчаси ва уларни солиққа тортишнинг хусусиятлари киритилмоқда.

Шунингдек солиқларни ҳисоблаш механизмини ва тўлаш тартибини такомиллаштириш, шунингдек солиққа тортишнинг барча элементларини аниқлаштириш ва тартибга солиш назарда тутилмоқда.

Муҳокама вақтида Кодекснинг қабул қилиниши солиқ қонунчилиги нормаларини қўллашни имкон қадар соддалаштиришга кўмаклашиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг