Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Яна Андижон. Президент нима дейди-ю ҳоким нима қилмоқда?

Яна Андижон. Президент нима дейди-ю ҳоким нима қилмоқда?

Пахта йиғим-терими бошлангандан буён Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг кўнглига қил сиғмайди. Қатор туманларда кунлик ўсишнинг барқарорлиги, қисқа муддатларда шартнома режаларининг бажарилишидан эл-юртнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Сўз бораётган туманда эса орқага шўнғиш бир маромда бораверди ва вилоят миқёсида энг охирги ўрин «шараф» билан забт этилди.

Ҳокимнинг иддаолари...

Шунда ҳам ҳоким бўш келмади. Эмишки, вилоятдаги мутасадди идоралар томонидан пахта тайёрлаш режасини тузишда адолатсизликка йўл қўйилибди.

Соддароқ тушунтирсак, мутасаддилар тумандаги ғўза майдонларининг имкониятларига нисбатан баландроқ ҳосилдорлик белгилаган эмиш. Боз устига, ғўза экиладиган майдонларнинг 128 гектари амалда йўқмиш. Айни жиҳатлар сабаб туманда жорий йилда шартнома режасини бажаришда қийинчиликлар юзага келмоқда. Андижон туманининг вилоят миқёсида энг сўнгги ўринга тушиб қолганлиги сабаби ҳам шу.

Бу гаплар энди Улуғбек Ҳалимовичнинг иддаолари.

Иддаоларга мутасаддилар нима дейди?

Ҳоким ўз эътирозларини қоғозга туширди ва вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига йўллади.

Бошқармадагилар таъкидлашдики, кечириб қўйгайлар, Президентнинг 2015 йилдаги 2460-сонли қарори ижроси бўйича республика миқёсида кам ҳосилли майдонлар қисқарган бўлса-да, пахта тайёрлаш миқдори бўйича аввалги режалар ўзгармаган. Ана шунга кўра Андижон туманида ҳар гектар ердан пахта ҳосили етиштириш 30,7 центнер этиб белгиланган. Бу режани уддалашнинг чиндан-да имконияти йўқми? Бор! Бўлганда ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан каттароқ имкониятлар бор!

«ПҚ-2460» рақамли қарорнинг туб маъноси шуки, кам ҳосилли ерларни пахта ва ғалладан олиб, «даволаш» мақсадида дуккакли, мойли, сабзавот ва озуқа экинлари етиштиришга ажратиш кўзда тутилган.

2016-2019 йиллар давомида туманда 680 гектар ғўза майдони ҳамда 235 гектар ғаллазор қарор бўйича режадан чиқарилди. Хўш, бу қадар берилган имконият туман деҳқончилигига қандай наф берди?

Улуғбек Ҳалимовичнинг саъй-ҳаракатлари боис адирдаги ғўза ва ғалла майдонлари номига қисқарди, амалда эса қуввати баланд, аҳоли пунктларига яқин, харидорлари бисёр далалар «ПҚ-2460»га «мослаштирилди». Бу ҳавойи гап эмас.

Б.Омонов номли массивдаги 40 гектарлик меъёрдаги ғалла-пахта майдони шу қадар устомонлик билан мева-сабзавот йўналишига ўтказиб юборилди. Ер олганларнинг исми-шарифларини келтирсак, ҳатто осмон ҳам йиғлаб юборади.

И.Бакиров номли массивдаги «Қурбонбек ишончи» фермер хўжалигининг серҳосиллиги билан ажралиб турадиган 16 гектар майдони ҳам олмазорга алмаштирилиб, гўёки «ПҚ-2460» сояси остида «ёпди-ёпди» қилинди.

Гулистон массивида ариқдан сув ичадиган 30 гектарлик энг тоза ерга кимларнинг ҳаваси келмас эди?! Айни шу пайкал ҳам чорвачилик учун бериб юборилди. Айни шу массивда елкасидан сув ўтадиган 7 гектарча ер боғга айланди.

Ҳолбуки, зикр этилаётган майдонлар ҳосилдорлиги бўйича энг юқори даражада бўлган.

Чўлпон ҳамда И.Бакиров номли массивларга қарашли, «Жаҳон бозори» ўрамидаги унумдор ерлар тадбиркорлик субъектларига ажратилди. Ачинарли жойи шуки, ўша ерларнинг кўп қисми ҳамон фойдаланилмаяпти. Ташландиқ ҳолга келган ерларнинг эгалари ўзгармоқда...

Охунбобоев номли массив экин майдонлари унумдорлиги билан вилоятда ягона ҳисобланади. Айни шу ҳудуддаги ерлар ҳам «ПҚ-2460» паноҳида ер участкалари, иссиқхоналар ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун балл-бонитет баҳоси сунъий тарзда пасайтирилган ҳолда кимларгадир тақсимлаб юборилди. Ҳакон қишлоғидаги ер билан боғлиқ ўзбошимчаликлар ва пинҳона тақсимотлар хусусида эса битта мақола эмас, камида бир нечта мақола ёзиш мумкин. Бу ҳақда мавриди келса, ёзармиз, насиб... Ҳозирча нақдидан гаплашиб тураверайлик...

«ПҚ-2460»нинг ижроси аслида қандай бўлиши керак эди?

Адирларда жойлашган фермер хўжаликларининг экин майдонлари асосан насослар ёрдамида сув олади. Далаларнинг аҳоли ҳудудларидан узоқдалиги сабаб, ғўза ёки ғалла майдонларида агротехник ишларини бажариш узвий олиб борилмайди. Энг асосийси, тупроқ қуввати паст ва айни бошқа йўналишларга ўтказиш учун қулай. Афсуски, бугун ҳам туман марказидан 35-40 километр узоқликдаги Паттаев номли массив адирларида пахта етиштирилмоқда. Т.Мирзаев, Тошматов, И.Бакиров номли, «Ҳақиқат», «Гулистон», «Шарқ юлдузи» массивларидаги адирларда пахта етиштиришнинг сақланиб қолиши сир-синоати фақат туман раҳбарига аён.

Айтмоқчимизки, юқорида зикр этилаётган ҳудудлар «ПҚ-2460» қарори ижроси учун ҳар томонлама қулай ҳудудлар ҳисобланади. Бироқ ҳужжат ижросининг тескари бажарилганлиги туманда пахта етиштиришнинг барқарорлигига путур етказмоқда.

Ҳудуднинг қолоқликка юз тутганлигининг асосий сабабларидан бири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутасаддиларининг ҳокимга йўллаган жавоб хатида таъкидланганидек, сув йўлларининг эгасизлиги, сувдан самарали фойдаланилмаётгани, навларни танлаш, чигит экиш тадбири мақбул муддатларда олиб борилмаётганлиги, қўйингки, соҳада касбий малакага эга мутахассисларнинг камёблиги каби омиллардир.

Энг ачинарлиси, ҳозиргача ўтказилган фермер хўжаликларини мақбуллаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар давомида ер билан тиллашадиган, кетмоннинг вазифасини англайдиган, инсон омилига эътибор берадиган деҳқонзодалар даладан қувиб чиқарилганлигидадир.  

Энг катта хатолардан бири...

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2019 йил январь ойида фермер хўжаликларини мақбуллаштиришга оид жараён юз берди. Ана шу жараёнда яхши меҳнат қилаётган фермерлар ҳам нишонга олинди. Бўтақора қишлоғидаги «Жўрабек», «Шерзодбек олтин даласи», «Абдуқаҳҳор ворислари» фермер хўжаликлари бунга мисол.

Ушбу хўжаликларда қандай хатоликлар юз берган эди?

Биз мутахассислар иштирокида еридан ажралган фермерлар фаолиятини ўрганганимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарори талаблари қўпол равишда бузилганлиги аён бўлди.

«Жўрабек» ва «Шерзодбек олтин даласи» фермер хўжаликларининг ерлари олиб қўйилиб, яхлит лойиҳага киритилди. 100 гектардан зиёд ер участкасининг янги соҳиби эса, буни қарангки, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Садриддин Аҳмадалиевнинг холаваччаси, Ўзбекистон массиви раҳбарининг амакиваччаси экан. Ё, пирай?

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида ғалла ва пахта йўналишидаги фермер хўжаликлари танловида танҳо шахс иштирокига рухсат бор. Қачонки, талабгор ҳар гектар ерга 2 минг АҚШ доллари тиккан тақдирда устунлик берилиши белгиланган. Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг бу талаби ҳам инкор этилди ва ер танловсиз эгасини топди.

— Тайёрлов ва таъминот корхоналаридан, солиқдан қарздорлигимиз мавжуд эмас эди, — дейди «Шерзодбек олтин даласи» фермер хўжалиги раҳбари Шокиржон Отажонов. — Даромадда эдик. Ўтган йили ўғит август ойининг охиригача етказиб берилганлиги сабаб ғўза кечга тортди. Ишлов пайтида «Обод маҳалла» учун, дея бир неча бор солярка тақсимоти чиқарилди. «Бер-бер»дан зерикиб, бир сафар солярка бермаган эдик... Хуллас, келишиб ишлаганимизда еримиздан жудо бўлмас эдик...

Шокиржон Отажоновнинг солярка борасидаги иддаоларини ўргандик. Қўлимизга солярка тақсимоти бўйича туман ҳокими имзоси билан «фишка» қўйилган ҳужжат ҳамда унга илова қилинган реестр келиб тушди. Оз эмас, 10 минг 40 литр соляркани фермерлардан белгиланган тақсимот асосида йиғиб олиш кўрсатмаси туман ҳокими ўринбосари зиммасига юклатилади ва ижро этилади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 10 минг 40 литр миқдоридаги солярка билан 250 гектарни ҳайдаш ёки 335 гектар ерни текислаш ёхуд 1 минг 135 гектар майдон культивация ўтказилиши ёинки 3350 гектар ғўзага суспензия бериш мумкин. Солярка «солиғи» билан боғлиқ «акция»лар такрор ва такрор ўтказилмаслигига кафолат борми ўзи? Ғўза парвариши учун мўлжалланган ёнилғи бошқа мақсадлар учун ишлатилганда, даладаги экин қандай ҳосил тўпласин? Бундай аҳволда, албатта, кутилган натижа бўлмайди-да! Мана гап қаерда?!

Дарвоқе, юқорида мақбуллаштириш жараёни хусусида сўз очдик. Бу борада айтсанг тилинг, айтмасанг дилинг куядиган ҳолатлар бисёр. Улардан фақат биргинасини очиқласак. Жорий йил январь ойида ўтказилган мақбуллаштиришда оз эмас, 13 нафар фермернинг 2018 йилдаги кўрсаткичлари абгор бўлса-да, уларга 220 гектар экин майдони қўшиб берилган? Бунинг ортида нима бор?

«Қаймоғи сенга-ю, ташвиши менгами?»

Бугун тўрт киши тўпланиб қолса, мавзу битта: гўшт нархининг ортиши борасидаги ҳолатлар. Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастури қабул қилинган. Унинг ижросида давлат хизматчиси бўлмиш ҳокимлар алоҳида ўрин тутади. Андижон туманида чорвачиликнинг аҳволи давлат дастури талабларидан анча йироқ.

Оқёрлик фермер Нодирбек Ҳасанов жайдари қорамоллар парваришлаётган эди. Жаҳон банкининг имтиёзли кредити эвазига Нодирбек бошқараётган «Жаннат диёр меваси» фермер хўжалиги ҳам хориждан зотли ғунажин олиб келиш бўйича ишлаб чиқилган давлат дастурига киритилди. Шунга биноан 2018 йил декабрь – 2019 йил январь ойида Германиядан 66 бош уруғлантирилган ғунажин олиб келинди.

Чигит экиш бошланиши арафасида фермерга ҳокимлик томонидан шум хабар келди. Эмишки, чорва озуқаси ўрнига 14 гектар майдонга ғўза экилиши шарт. Нодирбек Ҳасанов югурди-я, югурди... Қани энди, унинг оҳини эшитадиган топилса?! Ҳатто сектор раҳбари бўлмиш туман прокурори ҳам айни масала юзасидан жўяли муносабат билдирмади.

2019 йил 18 март куни давлат раҳбарининг «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Нодирбек Ҳасанов ушбу қарорни кўтариб, юқори идораларга бош уриб борди. Борганларнинг аксарияти тилида ачинишди, амалда эса.

Ҳозиргача хориждан келтирилган зотли молларнинг 30 бошга яқини кўринмай қолди. Хотирингиз жам бўлсин: фермер уларни сотиб, бошқа мақсадларига сарфлагани йўқ. Тўйимлик озуқа базасининг мавжуд эмаслиги ҳисобига очлик жониворларни ер тишлатди! Халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитига хориждан олиб келинган қорамоллар харажати эса фермер елкасида қолди...

Бу ягона далил эмас. Яна бир Оқёрлик тадбиркор Иброҳимжон Юлдашев ҳам давлат дастурига суяниб хориждан Жаҳон банки кўмагидаги кредит эвазига 66 бош наслли ғунажин олиб келганлигига пушаймон.

Хориждан олиб келинаётган наслли қорамоллар ажириқ, ариқ бўйидаги ҳашак бўлишга ярайдиган ўт-ўланлар билан яшай олмайди. Уларга кунига ўртача қирқ килограмм кучли озуқа зарур. Озуқага қўшиладиган қўшимчалар баҳоси ҳар қандай тадбиркорни ўйнатиб юборади. Ҳар боши 2100 евродан ҳарид қилинган наслли қорамоллар юқори маҳсулдорлик эвазига ўзини қоплайди. Тадбиркорга озуқа учун ер бериш масаласи оғир кечмоқда ва Оқёрдан ўттиз-қирқ километр наридаги адирликдан ер ажратиш таклиф этилмоқда. Ҳаражат устига яна ҳаражат қилиш эса фермерни ҳолдан тойдиради. Қолаверса, адирда етиштириладиган озуқа қуввати наслли қорамолларни бардавом ривожига тўсқинлик қилади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги давлат дастурини рўёбга чиқаришга бир қатор халқаро молиявий муассасаларнинг имтиёзли кредитлари жалб қилинмоқда. Жаҳон банки ва валюта жамғармаси Улуғбек Исомиддиновни эмас, Ўзбекистон сиймосида давлат раҳбарини тан олади. Давлатимиз раҳбарининг АҚШга уюштирган илк сафарида Жаҳон банки офисига борганлиги сабаблари кўп. Олинадиган имтиёзли кредитлар учун ҳукумат кафолати керак.

Туманда эътиборга тушадиган бирорта ҳам чорвачилик фермер хўжалиги мавжуд эмаслигининг ўзи ҳам тармоққа эътиборнинг йўқлигидан дарак беради. Бугун бўлмаса, эртага Жаҳон банки имтиёзли кредити доллар кўринишида қайтиши керак. Нодирбек Ҳасановнинг олган кредити тақдири не кечади? Иброҳимжон Юлдашевники-чи?

«Келишсак, фермер бўласан...»

 2013 йилда Чўлпон номли массивда сабзавотчилик йўналишида умумий ер майдони 8,6 гектар бўлган 80-84 контурлардаги тўртинчи лойиҳа бўйича «Андижон тонги» газетасида эълон берилган. Фуқаро Зуҳриддин Бобожонов ушбу лойиҳа бўйича танловда иштирок этди. Танловда бошқа талабгор бўлмади. Унинг туман ҳокимлигига қайта-қайта мурожаатидан сўнг 2014 йил 25 апрель санаси билан ер эгалиги бўйича 233-к сонли қарор қабул қилинди. Орадан олти йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, Зуҳриддин Бобожоновнинг илтижолари инобатга олинмаяпти.

Танлов ғолиби Зуҳриддин Бобожонов билан бугунга қадар ижара шартномаси тузилмаганлигининг ўзи ҳокимнинг нақадар ўзи хон, кўланкаси майдон эканлигини намоён этиб турибди. Бугунга қадар ижара шартномасиз даласини кезиб юрган фермернинг кўз олдида 6 гектарга яқин бой берилган экин майдони йирик сармоядорларга расмийлаштириб берилганлиги ҳам жумбоқ. Ҳозирга келиб, фермер ихтиёрида 2,5 гектардан мўлроқ ер қолди. Бу майдонни ҳам қайтариш йўлида ҳоким ҳамон изланишда эканлиги Зуҳриддин Бобожоновга нисбатан қилинаётган зуғумларда акс этмоқда. Ҳақиқий ер эгасининг илтижоларини ҳеч ким эшитишини хушламаяпти.

* * *

Ҳаконлик фермер бўлмиш Алижон Насриддиновнинг бошига тушган савдолар ҳақида алоҳида танқидий мақола эмас, бир неча қисмдан иборат сериал ёзишимиз мумкин. Улуғбек Исомиддинов туманга ҳоким бўлиб келгач, ҳудудларни айланар экан, айланма йўл атрофидаги гилосзорга кўзи тушади. Сўнгра ушбу йўлдан ўтганда ҳам, қайтганда ҳам Алижондан қийиқ ахтараверди. Иккиси ўртасида бўлиб ўтган суҳбатда ҳоким «Сизга 2 гектари етади, қолганини захирага қайтаринг», дейди. Алижон эса кўнмайди.

Бундай яккама-якка суҳбат ва таклиф кўп бор такрорланди, бироқ Алижон ҳам чекинмади. Фермернинг таъкидлашича, 2016 йил 12 октябрь куни ҳоким ва Ҳакон қишлоқ фуқаролар йиғинининг собиқ раиси Гулчеҳрахон Йўлдошева Алижон Насриддиновнинг боғига келишади. Фермернинг қўлига қоғоз-қалам тутқазишиб, ер участкасини гилос-пилоси билан захирага топшириш тўғрисида ариза ёзиб беришини талаб этишади. Алижоннинг яна қайсарлиги тутиб, ариза ёзиб беришдан бош тортади.

2017 йил 26 январь куни ҳокимлик ҳуқуқшуноси фермерга қўнғироқ қилади: «Эртага вилоят хўжалик судига боринг, сизнинг ишингиз кўрилади!».

«Суд мажлисига тумандан бир қатор масъуллар келишди. Судья С.Ҳусанов менга, яъни жавобгарга сўзлаш имкониятини бермади ва бир ёқлама қарор қабул қилди, — дейди Алижон Насриддинов. — Менга қарши келтирилган далилларнинг аксарияти пойма-пой. Идоралардан олинган маълумотларнинг кўпчилиги очиқ-ойдин сохталаштирилган, деб ҳисоблайман. Кун тартибида боғ билан боғлиқ масала кетаётган бўлсаю, суд мажлисига туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг чорвачилик бўйича мутахассиси эксперт сифатида таклиф этилганлигига ҳозиргача ҳайронман...»

Хўш, суд нима қилди? Ер – давлатники, устидаги боғ эса фермернинг мулки. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-, 54-моддаларида хусусий мулк дахлсизлиги ўз аксини топган. Суд қарорида айнан мулк ҳисобланган гилос дарахтларининг тақдири очиқ қолди...

— Президент маслаҳатчиси Т.Худойбергановнинг Асака туманида ўтказган қабулига бордим, — дейди Алижон Насриддинов. — Менга навбат келаётган вақтда Улуғбек Исомиддинов ёнимга яқинлашди. «Келишувга кўнмадинг! Мана, сарсон бўлиб юрибсан! Майли, боғингни қайтариб берганим бўлсин. Қабулга кирмайсан!» деди. Мен лафзга ишониб, ортга қайтдим. Аммо ҳокимнинг қайтиб қорасини кўрмадим...

Алижоннинг таъкидлашича, ҳужжат бўйича 2017-2018 йилларда боғга Алишер Эргашев, Улуғбек Исомиддинов (ҳокимнинг адаши), Жаҳонгир Турғунов, Ғофур Мақсудов, Баҳодир Жўраев каби фуқаролар эгалик қилишди ҳамда катта эҳтимолки, яхшигина даромад соҳиби бўлишди.

2019 йил бошида номлари зикр этилган «фермер»лар ўз ихтиёри билан ерни туман захирасига қайтаришганлиги тушуниш мушкул. Кўп ўтмай, Алижон Насриддинов боғи билан қўшни бўлган Исроилжон Маҳрамов номида «Маҳрамов Исроил боғи» боғдорчилик фермер хўжалиги ташкил қилинди. Лекин яна юқорида зикр этилган шахслар боғ оралаб юришиб, қатор ораларига экилган шафтоли дарахтларини ўтин қилиб сотиб юборишди. Дину диёнати бор эканки, Исроилжон Маҳрамов боғ эгаси Алижон Насриддинов эканлигини ёзма равишда баён этди. Ўз ўрнида Алижон Насриддинов ўзига нисбатан адолатсизликлар содир бўлаётганлигини бир қатор юқори ташкилотларга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига етказди. Натижадан дарак йўқ. «Деди-деди» билан якунланаётган жавоблардан маълумки, ноқонуний амалиёт билан олинган ер Алижонга қайтмайди.

Зуҳриддин Бобожонов ва Алижон Насриддиновлар энди қаерга боришсин? Ёки осмон – йироқ, ер – қаттиқ деганлари шуми?

Президент нима дедию, ҳоким нима қилди?

Ўтган 2,5 йилда давлатимиз раҳбари ва ҳукумат раиси томонидан пиллачиликни ривожлантиришга қаратилган тўртта муҳим ҳужжат қабул қилинди. Улардан бири 2018 йил 20 августдаги «Республикада пиллачилик тармоғидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3910-сонли қарор бўлиб, қишлоқ аҳлининг узоқ йиллардан бери кутган орзу-умидлари ўз аксини топган.

Мазкур қарорда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган бир қатор имтиёзлар борки, кластерлар томонидан хонадонларга тут кўчат, 50 бошдан 90 кунлик паррандаларни шартнома асосида бепул етказиб бериш алоҳида таъкидланган. Етиштирилаётган пиллани ипак қурти парвариш қилган хонадон шароитида дастлабки қайта ишловини йўлга қўйишга рухсат этилган. Тутчилик фермер хўжаликлари даласида енгил конструкциядаги ипак қурти боқишга мўлжалланган қуртхоналар қуриш топшириғи ҳам бўлган.

Андижон туманида давлат раҳбари имзолаган қарорда қайд этилган вазифалардан бирортаси ўз ижросини топмади. Аксинча, серҳосил тутзорларнинг оёғига болта уриш амалиёти авж олди. Охунбобоев, И.Бакиров, Бобур номли массивларда тутзорлар хору зорликка юз тутди. Бир томондан тутзорга ҳужум, иккинчи томондан фермердан режа талаб қилиш коррупциянинг авж олишига хизмат қилмаяптими ўзи?

Бўтақора қишлоғига кираверишдаги бир гектарлик айни кучга тўлган тутзорнинг қандай йўқ бўлиб кетганлигидан туман раҳбари хабардормикин? Билгичларнинг айтишича, қайд этилган тутзор қишлоққа нотаниш аёлга тадбиркорлик субъекти сифатида ажратилган, у эса тутларни қўпориб, ўзича «кимошди савдоси» ташкил этган ҳолда ҳар сотих ерни гўёки 2 минг 150 АҚШ долларидан шамол тезлигида сотиб юборганлиги 20 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Бўтақора қишлоғида турли-туман гап-сўзларнинг бош мавзуси бўлиб турибди. Хўш, юраги бу қадар кучли бўлган нотаниш аёлнинг тиргаги ким? Тиргаксиз бу ишга қўл уриш учун отнинг эмас, филнинг калласидек юрак керак. Вилоят ва тумандан бириктирилган сектор раҳбарларининг кўзи қаёқда, деган савол ҳам йўқ эмас... Ё улар Бўтақора, Ёрбоши, Орол, Ҳакон каби тутзорлари вайрон этилган қишлоқларга боришмаган ёки кўришса ҳам, кўзларини юмиб олишган.

Хўп, Улуғбек Исомиддинов Президент қарорларига терс тарзда пиллачиликни ривожлантирмоқчими? Натижалар эса аксинча... 2018-2019 йилларда пилла тайёрлаш режалари амалда 50 фоиз атрофида бўлди. Юзлаб фермерлар етказиб берилмаган пилланинг ҳар килограммига 30 минг сўмдан жарима тўлашди. Ҳисобласангиз, жарималар миқдори туман бўйича йилига 2,5 миллиард сўмдан ошиб кетди. Давлат ҳисоботида эса режалар ижроси беш! 2020 йилда пилла етиштириш ҳажми режа бўйича яна кўпайиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу ёғи нима бўлади?

Шундан бўлса керакки, хорижий оммавий ахборот воситаларида Андижон тумани фермерларининг мурожаатлари тез-тез тилга олинади. Аввалгилар айтганидек, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди...

* * *

Боғ-роғларга бурканган туманда бугун «Мана!» деб кўрсатишга арзийдиган бирорта боғ ёки токзорнинг йўқлиги ортидан экспорт масаласи қандай ечим топаётганлиги ҳам жумбоқ. Хулоса шуки, Андижон тумани қишлоқ хўжалиги жар ёқасига келиб бўлди. Уни ўнглаш эса наинки вақт, миллиард сўмларни ютиб юбориши мумкин...

Қобилжон Асқаров, журналист
Андижон вилояти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг