Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хизмат сафарлари харажатларини қоплаш тартиби ўзгарди

Хизмат сафарлари харажатларини қоплаш тартиби ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқномага киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан (рўйхат рақами: 1268-1, 13.09.2019 й.) ўтказилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Эндиликда йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаган хизмат сафарида бўлган бюджет ташкилоти ходимларига ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)*нинг 0,08 фоиз миқдорида йўл харажати тўланади (илгари бу масалани белгиланган талаблар асосида корхона раҳбарининг ўзи ҳал қилган).

Бошқа ташкилот ходимларига жамоа шартномаси ёки меҳнат шартномасида белгиланган миқдорларда бироқ, ҳар бир километрга БҲМнинг 0,08 фоизидан кам бўлмаган миқдорда йўл ҳақи тўланади.

Шунингдек, меҳмонхоналарнинг люкс-номерларида яшаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, ушбу номер қийматининг 70 фоизигача миқдори бюджет маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади (илгари фақат 70 фоиз миқдорида қоплаб берилган).

Хизмат сафарида ижарада турганлик бўйича ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20 фоизи миқдорида (44 600 сўм) харажатлар қопланади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи (4 460 сўм) миқдорида қопланган).

Ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан 3 иш кун мобайнида аванс (бўнак) ҳисоботини тақдим қилиши шарт (илгари 3 кун бўлган).

*Ҳозирда базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўмни ташкил қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг