Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ банки хотин-қизларга имтиёзли кредитлар бермоқда

Халқ банки хотин-қизларга имтиёзли кредитлар бермоқда

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, унга кенг иқтисодий эркинлик бериш билан тавсифланади. Бинобарин, бугун юртимизда бизнес юритиш билан боғлиқ барча жараёнларни либераллаштириш, соддалаштириш, кичик тадбикорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор қар қачонгидан кучли. Бунинг натижасида жойларда кўплаб янги ишлаб чиқариш субъектлари ташкил этилиб,  одамлар бандлиги таъминланяпти, уларнинг турмуш даражаси тобора фаровонлашмоқда.

Замонавий ишбилармонлар қаторида хотин-қизлар фаоллиги кузатилаётгани эса янада диққатга сазовор. Бунда, табиийки, молия муассасалари, хусусан, акциядорлик тижорат Халқ банки жамоаси ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Гап шундаки, банк томонидан давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қўвватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Банк томонидан мазкур ҳужжат асосида  бугунги кунга қадар 1 минг 451 лойиҳа ижросига 32,2 миллиард  сўмлик кредитлар ажратилгани фикримиз тасдиғидир. Шу билан бирга, банк томонидан яна 89 лойиҳага 4,5 миллиард сўм миқдорида маблағ берилиши маъқулланган.

Яқинда эса Халқ банки билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида хотин-қизларга оилавий ҳамда хусусий тадбиркорликни ташкил этишда имтиёзли кредитлар ажратишни йўлга қўйиш, аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантиришда моддий ва ташкилий кўмак беришда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 100 миллиард сўмлик битим имзоландики, бу ҳам ишларни янада кенгайтиришга туртки бўлади. Чунки ушбу битимга биноан, Халқ банки уларнинг оилавий ва хусусий тадбиркорлигини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш баробарида, ташкилий кўмак беради. Аниқроғи, шартномага кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 100 миллиард сўм миқдорида очилган кредит линияси Халқ банки томонидан тақдим этилган ресурслар доирасида имтиёзли шартлар асосида ажратилади.

Хўш, бу имтиёзлар нималардан иборат?

Аввало, шуни қайд этиш керакки, кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 8 фоизни ташкил қилади. Шунингдек, у 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга тақдим қилинади.

Имтиёзли кредитлар фақат хотин-қизларга ва улар ташкил қилган юридик шахсларга тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантиришга йўналтирилади.  Бунда ресурснинг 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган хотин-қизлар бизнеси учун берилиши янада эътиборга молик.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Халқ банки томонидан ижтимоий фаол, ўз бизнес ғоя ва ташаббусига эга аёллар мунтазам қўллаб-қувватланмоқда. Шулардан бири — қорақалпоғистонлик Гулойим Хўжамуродова Нукуснинг энг чекка ҳудудида Она ва бола соғломлаштириш маркази очишни мақсад қилганди. Унинг бу нияти банк кўмаги билан рўёбга чиқди. Яъни молия муассасаси марказ учун иншоот қурилишига 300 миллион сўм маблағ берди.

Тадбиркор айни пайтда бунёдкорлик ишларини бошлаб юборган.  Яқин вақт ичида ушбу марказ она ва болаларнинг саломатлигини таъминлаш, қариялар, ногиронлар, умуман, ҳудуд аҳлига инновацион технологиялар ёрдамида хизмат кўрсата бошлайди. Марказ ишга тушгач,  15 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланади.

— Шу пайтгача биз яшаб турган ҳудудда битта поликлиника мавжуд эди, — дейди Гулойим Хўжамуродова. — Бу эса 30 минг аҳоли учун етарли эмасди, албатта. Шу боис мазкур марказни қуришни мақсад қилгандик. Мана, орзуимиз рўёбга чиқиш арафасида. Албатта, бунда Халқ банкининг ҳиссаси катта. Бунинг учун молия муссасаси жамоасига миннатдорлик билдирамиз.

Гулойим Хўжамуродова нафақада. Лекин, шунга қарамай, тиним билмайди. Мавжуд муаммоларга бефарқ қараб туролмайди. Барпо этилаётган янги марказ ана шундай жонкуярлик самарасидир. Қувонарлиси, юртимизда бундай инсонлар кам эмас. Шундай ташаббускор аёллардан яна бири  Дилором Раҳматова бўлиб, у ҳам Халқ банкининг 27 миллион  сўмлик кредити туфайли хусусий тадбиркорликни йўлга қўйди. Ҳозирги кунда унинг уй шароитида очган тикувчилик цехида 8 нафар аёл меҳнат қилмоқда.

— Очиғи, илгари кредит олишдан кўра, уни қайтаришни ўйлаб, иккиланардим, — дейди тадбиркор. — Чунки кредит, қолаверса, унинг фоизи ҳам оз бўлмаса керак, деган хаёлда эдим-да. Йўқ, аслида бундай эмас экан. Банк ходимлари маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, кредит олиш ва қайтариш тартиблари, тақдим этилаётган имтиёзлар хусусида тушунча беришгач, бу фикрим бутунлай ўзгарди.  

Мана, иш бошлаганимга ҳам ярим йилдан ошди. Меҳнат қилиб, кредитларни ўз вақтида тўлаяпмиз. Айни пайтда Халқ банкидан яна кредит олиб, фаолиятимизни кенгайтиришни режалаштириб турибман. 

Акциядорлик тижорат Халқ банки тадбиркорларнинг, хусусан, ишбилармон хотин-қизларнинг мана шундай орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида бор имкониятларни ишга солмоқда.  Муҳими, бунинг натижасида ишсизлар ишли бўлиб, рўзғорларга барака кирмоқда, одамларнинг ишбилармонлик қобилияти юзага чиқмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг